Жамоат транспорти учун транспорт карталари ЯИДХП орқали берилади

Жамоат транспорти учун транспорт карталари ЯИДХП орқали берилади

Жамоат транспорти учун транспорт карталари Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали берилади. Бу ҳақда “Норма” ҳуқуқий портали маълумотларига асосланган ҳолда мухбиримиз хабар бермоқда. 

Имтиёзли карталарни олиш учун фуқаролар вилоят транспорт бошқармаси ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига мурожаат қилишлари керак.

Ваколатли идора аризани икки иш куни ичида кўриб чиқади ва имтиёзли картани бериш ёки рад этиш тўғрисида ариза берувчига маълумот юборади. Ушбу давлат хизматини кўрсатиш учун пул олинмайди. Шу билан бирга, имтиёзли карта чекланмаган муддатда амал қилади, аммо бепул саёҳат такси ва микроавтобусларга тегишли эмас.

Шаҳар йўловчи транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи қуйидагиларга берилади:

  • 1941-1945-йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронлари ҳамда 1 гуруҳ ногиронига ҳамроҳлик қилувчи шахсга;

  • Афғонистон ва бошқа мамлакатлар ҳудудида жанговар операцияларда қатнашган собиқ ҳарбий байналминалчиларга;

  • ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматда бўлганлар,   шартнома бўйича хизмат қилаётган оддий сафдор ва сержантлар;

  • Чернобил АЭС аварияси оқибатида бемор бўлган ва нур касаллигига чалинган шахслар;

  • ногиронлар - кўзи ожизлар ва уларга ҳамроҳ бўлган шахс;

Қарорга мувофиқ, имтиёзли транспорт карталарини чиқариш босқичма-босқич амалга оширилади:

  • Тошкент ва Самарқандда –2023 йил 1 январдан;

  • республиканинг барча шаҳарларида- 2023 йил 1 майдан бошлаб.

Эски намунадаги сертификатлар 2023 йил 1 сентябргача амал қилади.