Автокредит бозорида пасайиш кузатилмоқда

Автокредит бозорида пасайиш кузатилмоқда

Ўзавтомоторс автомобиллари учун контрактация қайтадан очилгандан кейин ўтган даврда кузатувлар шуни қайд этмоқдаки, тижорат банкларида автокредит маҳсулотларига буюртмалар тобора камайиб, сусайиб бормоқда, — деб ёзади bankiroff канали.

Изоҳланишича, автокредитга талабнинг пасайиб бораётгани мавсумий омиллар ёки фоизлар билан боғлиқ эмас. Масалан, март ва январь ойида автокредитлар бўйича ўртача тортилган ставкалар ва таклифлар деярли ўзгаришсиз қолган (февраль ойи контрактация деярли ёпиқ бўлган). Лекин январга нисбатан март ойида автокредитларга буюртмалар сезиларли даражада камайган.

Қайд этилишича, талаб камайишининг сабаби шартномаларда автомашиналарни етказиб бериш билан боғлиқ муддатларга таалуқли. Хабарингиз бор, март ойидан бошлаб, Ўзавтомоторс автомашиналари учун 3, 6 ва ҳатто 9 ойгача муддатларда етказиб бериш шартларида шартномалар тузилмоқда.

«Потенциал қарздорлар шунча муддат давомида, автомашинани қўлга киритмай туриб, автокредитлар бўйича тўловларни амалга оширишни ўзлари учун маъқул деб билмаётгани тушунарли албатта.

Тижорат банклари бундай вазиятда қандай чораларни кўришни бошлайди, ҳозирча бир нарса дейиш қийин. Узунроқ пулларга эга камсонли банклар балки автомашина етказиб бериш муддатига мутаносиб равишда имтиёзли давр белгилаш чораларига ўтишлари ҳам мумкин. Кўпчилик банклар эса даромадли операциялардан воз кечмаслик учун иккиламчи бозордан автомашиналар харид қилиш учун автокредитларни йўлга қўйишлари ёки бундай маҳсулотлар таклифини фаоллаштиришларини кутиш мумкин бўлади.

Иккиламчи бозордан автокредитларнинг фаоллашуви Ўзавтомоторснинг Ўзбекистондаги ягона рақобатчиси бўлган эски автомашиналар нархларини ошишига ва албатта монополиятнинг сотувлари ҳажми камайиб боришига туртки бўлиши табиий
», — дея хулоса ясайди мутахассис.