Ўзбекистон енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажмини камайтирганига қарамасдан, уларнинг экспортини рекорд даражага етказди

Ўзбекистон енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажмини камайтирганига қарамасдан, уларнинг экспортини рекорд даражага етказди

2021 йилда енгил автомобиль экспорти 10 401 тага ошган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ўтган йилда 10 давлатга қиймати 281,8 млн долларга тенг бўлган 28 952 та енгил автомобиль экспорт қилган. 

Шу билан биргаликда, ишлаб чиқариш ҳажми аввалги йилларга нисбатан тушиб кетди. Мисол учун, 2020 йилда жами 23 мингта Spark автомобили ишлаб чиқарилган эди. 2021 йилда бу кўрсаткич бор-йўғи 9,9 мингтани ташкил қилиб, 57 фоизга тушди. 

Nexia ишлаб чиқарилиши икки баробарга, яъни 2020 йили 66,4 мингтадан 2021 йили 31,4 мингтага пасайди.

Cobalt ишлаб чиқарилиши 11 фоизга қисқартирилди – ўтган йили компания 71 мингта автомобиль ишлаб чиқарган бўлса, ундан бир йил аввал ушбу кўрсаткич 79,9 мингтани ташкил қилган эди.

Давлат статистика қўмитасининг декабрь ойидаги маълумотлари шуни кўрсатадики, умумий енгил автомобиль экспортининг 90 фоиздан кўпроғи Қозоғистонга тегишли бўлиб қолмоқда. Қўшни республикада Chevrolet Hyundai билан, Cobalt эса Accent билан рақобатлашади.

Экспорт қилинаётган автомобиллар Россия ва Қозоғистон бозорида бир неча йиллардан бери мавжуд. Жумладан, Cobalt русумидаги автомобиллар Россия бозорида 923 900 рубль (127,8 млн сўм)дан бошлаб сотилаётган бўлса, Қозоғистонда бу нарх 5,49 млн тенге ёки 136,4 млн сўмга тенг. UzAuto Motors сайтидаги маълумотга кўра, Cobalt Ўзбекистонда 97 млн сўмдан бошлаб сотилмоқда.

Сўнгги йилларда экспорт билан нима содир бўлмоқда?

Кўп йиллар давомида Ўзбекистон автомобиллари йирик экспорт бозорларида энг арзон автомобиллардан бири бўлиб келган. 2018 йилнинг ёзида Spark ва Nexia Россиядаги энг арзон хорижий автомобиль деб топилди. Уларнинг нархи эса мос равишда 6900 ва 7100 долларни ташкил қилди.

Ўша йилнинг июнь ойида президент Шавкат Мирзиёев автомобиль саноатини кескин танқид қилган эди. 

Август ойига келиб Ўзбекистонда ҳам, хорижда ҳам автомобиллар савдоси тўхтатилди. Худди шу ойнинг охирида улар фақат ички бозорда қайта сотила бошлади.

Ноябрь ойидан бошлаб ўзбек автомобиллари экспорти аввалги нархидан анча қимматроқ бўлиб қайта тикланди. Шундан сўнг Қозоғистонда Nexia ва Равон нархи деярли 5 минг долларга қимматлашди.

2021 йилда экспорт охирги 6 йил ичида рекорд даражага етди. Аввалги энг яхши натижа 2017 йилда қайд этилган бўлиб, 26 849 донага тенг эди. Бу борада энг паст кўрсаткич 2018 йили 4 827 дона билан қайд этилган. Юқорида келтирилганидек, ўша йили 3 ой давомида автомобиллар экспорти тўхтатилган эди. 

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки,

2021 йил барча кўрсаткичлар бўйича энг яхши йил бўлди:

Йил

Қанча сотилган

(донада)

Қанчага сотилган

(млн. долларда)

Ўртача бир

машинанинг нархи

(долларда)

2016 7 677 39,4 5 132
2017 26 849 130,1 4 845
2018 4 827 29,3 6 070
2019 14 732 121,5 8 247
2020 18 552 170,7 9 201
2021 28 952 281,8  9 733

Ўсиш нафақат нархларнинг ўзгариши билан боғлиқ, балки бу йилларда модель диапазони ҳам ўзгарган. Сўнгги йилларда, асосан, Cobalt экспорт қилинмоқда, у Россияда ҳам, Қозоғистонда ҳам ҳеч қачон энг арзон хорижий автомобиллар қаторида бўлмаган.