Электромобиллар бозори: дунё ва биздаги тенденциялар

Электромобиллар бозори: дунё ва биздаги тенденциялар

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) мутахассислари ҳавога чиқарилаётган CО2 (Диоксид углерод) миқдорини камайтириш нуқтаи-назаридан хорижий давлатлар ва Ўзбекистонда электромобиллар бозорини ривожлантириш тенденциялари ва истиқболларини таҳлил қилди. Сўнгги 10 йилда жаҳон бозорида электр транспорт воситаларининг савдоси 50 баравардан ошиб, жаҳон автомобиль бозорида электромобилларнинг улушини 0,2 фоиздан 8,3 фоизгача ўсишига олиб келди.

Жаҳонда барча турдаги электр транспорт воситалари савдосининг тахминан 90 фоизи Хитой, Европа ва АҚШ нинг ҳиссасига тўғри келади. Бу мамлакатларнинг жаҳон бозорида етакчи ўринларини сақлаб қолиши “яшил” транспортни ривожлантиришга қаратилган экологик дастурларнинг бевосита давлат томонидан қўллаб-қувватланиши билан боғлиқ.

Ўзбекистонда охирги йилларда электр транспорт воситалари савдоси фаоллашиб, уларнинг янги автомобиллар бозоридаги улуши 0,4 фоизгача ошди. 2021 йилда электр транспорт воситаларининг 90 фоизи Хитойдан импорт қилинган. 2022 йилнинг биринчи ярмида электромобиллар импорти ўтган даврга нисбатан 4,5 баробарга ўсди.

Жаҳон тажрибаси таҳлили шуни кўрсатдики, электромобиллар бозорини ривожлантириш бўйича давлат томонидан эътибор талаб қиладиган асосий чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат:

— инфратузилмаларни яратиш бўйича чора-тадбирлар: тез зарядлаш станцияларини шаҳар ва шаҳар ташқарисидаги йўл муҳитига самарали интеграциялаш;

— янги зарядлаш технологияларини ишлаб чиқишда илмий-тадқиқот ишларини рағбатлантириш ва бошқалар;

— электр транспорт воситаларини сотиб олишни рағбатлантиришга қаратилган чоралар;

— истеъмол кредитлари дастурлари, экологик бонуслар ва бошқалар;

— экологик стандартларни жорий этишнинг аниқ механизмини ишлаб чиқишга қаратилган чора-тадбирлар.

Глобал миқёсда ўн йиллик охирига бориб, автомобиллар савдосида электромобилларнинг улуши 30-40 фоизга етиши мумкин. Ўзбекистон 2030 йилга қадар электромобиллар бозорини ривожлантириш бўйича кўрсаткичини 15 фоизгача етказишни мақсад қилган. Бунинг учун маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда рағбатлантириш бўйича бир қатор механизмларни жорий этиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон жаҳондаги тенденцияларга мувофиқ глобал иқлим ўзгаришига қарши курашга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш бўйича ўтказилган халқаро форумда (2022) республика 2030 йилга бориб, метан эмиссиясини 2020 йил даражасига нисбатан камида 30 фоизга камайтириш бўйича Ҳавога метан газини чиқаришни қисқартириш бўйича глобал мажбуриятлар (Global Methane Pledge) ташаббусига қўшилди.

Ушбу мақсадларга эришишда мамлакатимизда электр транспорт воситаларининг миллий бозорини фаол ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.