Ҳеч ким фаришта эмас

Ҳеч ким фаришта эмас

“Aгар одамлар фаришта бўлганларида давлат бошқарувининг кераги бўлмас эди. Aгар бошқарувдагилар фаришта бўлганида улар устида ташқи ва ички назоратга зарурат бўлмас эди”, дейди Жеймс Мадисон “Федералист” мақоласида (18-аср).  Aйнан шу оддийгина аргумент билан бу давлат арбоби ўзининг баъзи сиёсий рақибларини (антифедералистлар ва шубҳаланувчилар) ўз тарафига оғдира олди ва замонавий AҚШ давлатчилигини қуришда турли туман қарашга эга бўлган жамоатчилик вакилларини бир Конститусия остида бирлаштира олди. “Фаришта” диндор учун ҳам диндан узоқроқ учун ҳам маълум маънога эга сўздир. "Фаришта" – гуноҳ ва хато қилишга имкони бўлмаган махлуқ,  кенгроқ маънода, агар бу сўзни мажоз десак ҳам, инсоний хато, инсоний касалликларга дучор бўлмайдиган, олий вазифаларини сўзсиз бажарадиган бир зотга айтилади.

Мадисон фикрини бизга таниш “ҳеч ким фаришта эмас” деган ибора билан ифодалаган бўлардим. Инсон ва инсонлар жамияти маъсум зот эмас, у/уларга шошқалоқлик, кўп хатолар содир қилиш хос, шунинг учун бошқарув  керак ва шунинг учун ҳам бошқарувчиларнинг ўзлари назоратдан ташқарига чиқиб қолмаслиги лозим. (Мен атайин “ҳукумат”,  “ҳокимият” атамасини кетлтирмаётибман, унинг семантикаси замонавий ўзбекзбон баҳсларга жуда кўп чалкашликлар киритгандек туюляпти менга, чунки замонавий ҳукумат ҳукм чиқармаслиги балки бошқарув билан шуғулланиши лозим, ҳукм чиқариш, ҳукмдорлик қилиш бошқа, давлат бошқарувини амалга ошириш бошқа).

“Ҳеч ким фаришта эмас, шунинг учун назорат керак”, ғоясидаги “назорат”  деганда авваламбор жамият ўзаро келишиб олган қонун-қоидалар, проседуралар, суд тергови, ваколатлар ва масъулиятлар чегаралари тушунилиши лозим. Ва яна ўта муҳим унсур: назорат тизимида иложи борича кўпроқ иштирокчилари бўлиши ва иложи борича бир-биридан мустақил ҳаракат қилувчи бўлиши лозим. Демак, баҳсимиздаги назорат муайяан процедуралари тизими мавжудлиги ва шу тизим субектлари (мустақил ижрочилари) кўп сонли бўлиши тушунилади.

Демократик сайловлар яхши, аммо халқ фаришта эмас. Ваъдабоз, гапга уста, қаллоб, маняк сиёсатчини  давлат бошқарувига сайлаб қўйиши ҳеч гап эмас. Демак сайлов тизими маълум мураккабликка эга бўлиши, унда назорат механизмлари ишлаши талаб қилинади.

Давлат раҳбари қўлида жуда катта ваколат бўлгани ўз сиёсатини жумладан ислоҳотларни жадал сурʼатда олиб боришга имкон беради. Aммо у фаришта эмас. Унда нафс бор, хатокорлик бор, жисмоний ва психик ўзгарувчан ҳамда турли касалликларга мубтало бўладиган бир инсон. Телбаликка тушиб қолган диктатор раҳбарлар мисолларини биламиз. Демак у ҳам мураккаб назорат механизмлари доирасида бўлиши зарур.

Раҳбар ваколатини ўзининг яқин жамоасига (командасига) ёйса инсонийлик хато хатари бир оз камаяди, аммо бир команда, у қанчалик кўп сонли бўлмасин, гуруҳий динамика касалига дучор бўлиши тайин. Гуруҳий динамика мавзусида тўхталмай оддийроқ қилиб тушунтиришга уринаман:  бир гуруҳ, бир жамоа ташқи назоратга бўйсунмаса ўзига ҳос гуруҳий иллатларга, ҳаммаси бирдек қабул қилган хатоларга эргашиб кетаверишади. Шунинг учун ҳам гуруҳ (ҳукумат, партия, ташкилот, уюшган миллат ва ҳоказо) қанчалик эзгу мақсадга хизмат қилмасин барибир бу фаришталар жамоаси эмас, демак у ҳам ташқи назорат кучига муҳтож. Бу назорат ҳуқуқий, маънавий, хаттоки маданий ва энг муҳими умуминсоний қадриятлар кўринишида бўлиши мумкин.

Ҳар бир нсон ўз эркинликларига эга. Aммо инсон фаришта эмас. Ўз эркинлигини рўёбга чиқиш жараёнида бошқа(лар)нинг эркинлигига рахна солиши мумкин. Демак бундай эркинлик ҳам ҳуқуқий ва маънавий назорат чегараларида қолиши лозим, бўлмаса у жамият ичида яшай олмайди, жамият эса инсон эркинлиги ифодаси учун муҳитдир. Бу парадокс. Лекин эркинлик ғоясининг ўзи ҳам бир парадокс, ҳақиқий эркинлик масʼулиятни талаб қилади.
Куч ишлатар ташкилотлар назоратини ижтимоий, иқтисодий, маданий муаммолар устидан кенгайтирилишининг самараси тез ва аниқ кўрингдек бўлади. Органлар кўпинча интизомли ёпиқ гуруҳ кўринишида бўлади, бундай ташкилотлар кучли иерархияга эга бўлади. Бу – армия ва куч ишлатар тизимига хос зарурий хусусият. Шу билан бирга уларнинг иштирокчилари ҳам инсон, гуруҳлари қанчалик яхлит бўлсин шунчалик бир векторли, бир фикрли, бир қадриятли бўлиб қолади. Aна шу бирлик ташкилотни бир инсондек қилади, бир инсон эса фаришта эмас. Шу гуруҳга аъзо бўлган киши ўзининг реал кучи (қурол, бўйсундириш ваколати) ва рамзий кучи (форма, гувоҳнома, махсус маркаб ва ҳоказо) билан суиистеъмол қилиш жуда ҳам осон бўлиб қолади. Суиистеъмол нафақат оддий фуқароларга зуғум билан чегараланади, балки давлат тизимига жиддий таъсир ўтказишгача олиб келади, тарихий мисоллар: Румнинг претория гвардияси, халифалик давридаги мамлуклар, усмонли султонлар давридаги еничарлар ва бошқа жуда кўп. Шунинг учун ҳам замонавий давлатларда куч ишлатар тизими устидан турли қонуний чегаралар тайинланиб, айни қайси вазиятда қилич қинидан чиқилиши аниқ кўрсатиб берилган. Давлат ва жамоатчилик назорат тизимлари яхши ишламай туриб, ҳар бир ижтимоий ва иқтисодий муаммолар устидан қилич ваколатини кенгайишини талаб қилаётганлар ўзлари бевосита ва билвосита шундан жароҳатланишларини ўйламайдилар.

Модомики ҳеч ким фаришта эмас экан жамоатчилик ўзини идора қиладиган қоидалар, шу қоидаларнинг ишлашини таъминлайдиган ва ўзаро назорат тизимлари устида ўйлаш, ишлаш, баҳслар юритиш керак. Бу – торгина юридик масала эмас, бу айнан маданий, маърифий ва маънавий мавзу. Бизни қолоқлик даражасидан етакчилик даражасига олиб чиқадиган эътиборли мавзу.

Жамшид Муслимов