Ҳурматли депутатлар, уят ҳам керак!.. (Бунақада сени ким ҳам ҳурмат қиларди?...)

Ҳурматли депутатлар, уят ҳам керак!.. (Бунақада сени ким ҳам ҳурмат қиларди?...)

“Миллий тикланиш” партияси етакчиси Aлишер Қодировнинг мулоҳазаларини ўқиб, тўғриси, ташвишга тушиб қолдим. Наҳотки, депутатларимиз шунчалик лоқайд, шунчалик дунёқараши тор?!

Ўқимаганлар учун: “Қонун лойиҳасини муҳокамасида ХДПнинг советча қарашлари ва “Миллий тикланиш”ни азалдан жини суймайдиганлар билан қонунга жиддий эътибор бермаётганларнинг кайфиятлари устуворлик қилмоқда.

Ўзбек тили қадрини кўтариш ва унинг устуворлигини таъминлаш учун киритаётган таклифларимиз “қолган миллатларни хафа қилиб қўймаслигимиз керак” ёндашуви билан қабул қилинмай қоладигандек.

Кечаги сессияда шундай нормалардан бири етарли овоз йиғмади. Қонуннинг 11-моддасида давлат хизматчиси ўзбек тилини билиши шартлиги белгиланган. Ҳали бу моддага етиб келмадик. Лекин 4-моддада фуқарони давлат тилини билмаганлиги учун ҳуқуқини чекламаслик тўғрисида норма кўпчилик овоз билан қабул қилинди.

Тахмин қилаяпман, шу кетишда 11-моддадаги давлат хизматчисига давлат тилини билиш, 13-моддадаги давлат идоралари аризаларни давлат тилида қабул қилиши ва жавоб бериши, 17-моддадаги барча миллатларни ўз она тилларида таълим олишларига устуворлик бериш бўйича нормалар ҳам чиқариб ташланади.

Ҳаммани ўйлаш албатта яхши, ўйлаяпмиз ҳам, бу қонун лойиҳасида биронта бошқа миллатли ватандошларимиз ҳуқуқини камситадиган норма йўқ... Лекин бу меҳрибонлик ўзимизни камситиш ҳисобига бўлмаслиги керак...

Ҳурматли депутатлар!.. Эҳтимол, кўп қонунларни тушуниб-тушунмай, номига тугмачани босиб ўтказиб ўтиргандирсиз, лекин бу қонунга бундай муносабатда бўлишингиз миллат учун хоинлик ҳисобланади.

Сизлардан илтимос, бошқа давлатлар қонунларини яхшилаб ўқинг, вақтингизни аяманг, мулоҳаза қилинг. Қўшниларимизда яшовчи миллатдошларимиз қозоқ, қирғиз, туркман тилларини мажбуран ўрганяпти-ку!

Ҳатто Туркманистонда ўзбек мактаблари ёпилиб кетганига 15 йил бўлди. Улар бошқа миллатлар хафа бўлиб қолмасмикан, деб ўтиришгани йўқ, ўз тили ҳақида қайғуряпти. Aгар юқоридаги ҳолатда қабул қиладиган бўлангиз, яхшиси қабул қилманг, унда эскисидан умуман фарқи қолмайди...

Янги қабул қилинадиган қонун яна 5-10 йилда таҳрир қилинадиган, ўзгарадиган эмас, балки она тилимизни ҳар томонлама муҳофаза қиладиган, ҳақиқий давлат тили сифатида ўзлигини намоён қилишга қаратилган умрбоқий қонун бўлиши керак!..

Иномжон Азимов
("Фейсбук"даги саҳифасидан олинди).

скачать dle 12.0

Коммент қолдириш:


Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив


Flag Counter