Орол денгизида ҳаётни тиклаш мумкин

Орол денгизида ҳаётни тиклаш мумкин

Марказий Осиёдаги энг катта денгизлардан бири ўрнида бугун фақат чўл ва занглаган кемалардан иборат қабристон кўзга ташланади. Бир пайтлар бу ерда сув мавжланар, балиқлар билан тўлган эди. Аммо инсон ўз қўллари билан буларнинг барчасини йўқ қилди. Табиатни бошқаришга уриниш салбийлик томон юз тутди. 

Илгари бу ерда нима бўлган?

Орол денгизи ёки Орол кўли Марказий Осиё ҳудудида, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара ҳудудида 25000 йил олдин шаклланган. Сув бу ерга иккита катта дарёдан - Сирдарё ва Амударёдан келган. Сув омбори улкан бўлиб, 68000 км2 майдонни эгаллаган. Орол денгизининг узунлиги 426 км, кенглиги 284 км бўлган. Оролнинг чуқурлиги 68 метргача  етарди. Кўлнинг флора ва фаунаси жуда бой бўлган, бу ерда овланган балиқлар Собиқ Иттифоқ мамлакаларининг 1/6 қисмини ташкил қилган. Денгиз яқин атрофда яшовчи кўплаб одамларни тўйдирди ва уларга иш берди. 1980 йилда балиқ овининг умумий миқдори рекорд даражадаги 60 минг тоннани ташкил этди. Оролда иккита йирик порт ва дам олиш маскани бор эди.

Орол денгизи илгари қандай эди ва ундан нима қолди

1960 йилдан бошлаб бу ерда ишлар тескарисига кета бошлади. Кўлда сув кескин даражада пасайиб кетди. Аксарият сувлар қишлоқ хўжалиги ҳудудларига сарфланди. Одамлар Оролни тўйинтирадиган дарёлардан жуда кўп миқдорда фойдаланишди. Ўрта Осиёда суғориш каналлари фаоллик билан қурила бошланди. Бу ишларнинг барчаси самарасиз бўлиб чиқди. Сувнинг катта қисми шунчаки буғланиб ёки ерга сингиб кетди, яъни исроф бўлди. Бу орада бир вақтлар катталиги бўйича дунёда 4-ўринни эгаллаб турган катта кўл бутунлай қуриди. Сув қанчалик кўп исроф бўлса, одамлар унга тобора кўпроқ эҳтиёж сеза бошладилар. Аммо ҳеч ким суғориш тизимини созлаш ҳақида ўйламади.

Масъулиятсизлик оқибати

Денгиз сатҳи йилига рекорд даражада 90 смгача пасайиб борарди. Натижада, улкан кўл иккита сув ҳавзасига бўлинди, улардан бири деярли қуруқ эди. Орол денгизининг қуриши оқибатлари даҳшатли кўриниш касб этди. Маҳаллий флора ва фауна денгиз билан бирга нобуд бўлди. Одамлар энди портларда ишламасдилар, балиқ овламай қўйишди. Кўпчилик ишсиз қолди. Ёқимли нам иқлим ўзгариб, қурғоқчил, қуруқ об-ҳаво ҳукмронлик қила бошлади. Сўнгги йилларда кўл фаол равишда ифлосланган, энди унинг қумли туби доимо шамоллар эсиб турадиган улкан чўлга айланди. Заҳарли моддалар, тузлар ва зараркунандаларга қарши воситалар (пестицидлар)ни шамол жуда узоқ масофаларга тарқатмоқда. Одамлар ва жониворларнинг соғлиғи ёмонлашди. 

2005 йилда Жаҳон банки денгизни тиклаш бўйича узоқ муддатли лойиҳани молиялаштирди. Бир кун келиб кўл яна пайдо бўлади деган умидда унинг жанубий ва шимолий қисмларини ажратиб турадиган тўғон қурилди. 

Орол денгизининг қуриши сайёрадаги энг йирик экологик офатлардан бири ҳисобланади. Буларнинг барчаси ҳақиқий фожиа деб баҳоланиши лозим. Бу одамларга табиий бойликларни қадрламаслик, улардан ноўрин фойдаланиш, ортиқча исрофгарчиликнинг оқибатларини кўрсатиб берди.

 Келажакдан умид борми?

Келажак авлод вакиллари аждодлари қилган хатони такрорламаслиги даркор. Акс ҳолда онгли мавжудот ҳисобланган одамзод яшаб турган муҳитини асрай олмайди.

- Бугунги кунда Оролни тиклаш ва унинг ҳозирги кўринишини асраб  қолиш учун  дарёлардан йилига ҳеч бўлмаганда 50 млн.км3 сув керак бўлади, - дейди Юсуп Камалов. - Мен ишонаман, вақти келиб Орол яна тикланади. Бунинг техник жиҳатдан имкони бор. Лекин юқоридагилар буни исташмайди.

Юсуп Камалов - Орол ва Амударёни ҳимоя қилиш иттифоқи раиси. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими, Табиий фанлар комплекс институти, қайта тикланадиган энергия бўлими мудири. 2021 йилда 70 ёшга тўлади.

Sangzor.uz сайти 2019 йилда ўзбек олими томонидан буғланган сувларни  генерациялаб, қайтадан ёмғир ёғдириш технологияси ишлаб чиқилганлиги тўғрисида ёзган эди. Ишлаб чиқилган тизим булутларни генерация қилиш ва кимёвий моддаларсиз сунъий ёмғир ёғдириш имконини беради.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Физика ва Техника илмий текшириш институти муҳандиси, “Biogenetec” илмий ишлаб чиқариш ташкилоти раҳбари Олимжон Юсупов томонидан амалиётган тадбиқ этилаётган технология об-ҳаво ва иқлимга сунъий таъсир кўрсатиш орқали тизимли тарзда ишлайди. Мазкур тизим ўз ичига бир нечта технологияларни қамраб олган ҳолда, Ўзбекистон шароити иқлимини мўътадиллаштириш, ҳавони зарарли моддалардан тозалаш, намгарчиликни ошириш, сунъий булутларни ташкил этиш, керакли жойларда ёмғирлатиш, лозим бўлганда ҳосил қилинган булутларни қўшни ҳудудга кўчириш, туманларни тарқатиш ҳамда ер сатҳига сингдириш каби вазифаларни амалга оширади.

Дунё миқёсида об-ҳавога сунъий таъсир кўрсатиш ҳамда сув заҳираларини бойитиш бўйича кўплаб мамлакатларда шунга ўхшаш технологиялар қўлланилади. Бу каби технологиялар асосида 1961 йилдан бери дунёнинг кўплаб мамлакатлари илмий текшириш институтларида изланишлар олиб борилади. 1991 йилдан бошлаб бу каби технологияларни кенг қўлланилиши эса сир сақланмайди.

 «Сунъий ёмғир ёғдириш генерация тизими»

 

- Технология 100 км гача бўлган ҳудуд радиусида, об-ҳавони зарарли моддалардан тозалаб, 2 км. ва ундан юқори баландликда сунъий булутларни ҳосил қилиб, ёмғир ёғдиради, - дейди Олимжон Юсупов.

- Мазкур технология атмосферадаги ҳавони тозалаш, намлантириш, электр энергия билан генерация қилинадиган конвектив электронларни керакли баландликка қисқа вақт мобайнида етказиш, атрофида сув зарраларини тўплаш, булутларни ҳосил қилиш, сўнгра ҳосил бўлган булутларни тўйинтириб, ёғингарчиликни ҳосил қилишдан иборат.

 

Ушбу технология 9 та ускунадан иборат бўлиб, 50 метр радиусдаги ҳудудни эгаллайди. Барча ҳодисалар босқичма - босқич ишлатилади. Технология 5 – 30 кВт гача электр энергиясини сарф қилади. 4 соат мобайнида сарф этилган энергия ҳисоби 24 соат ичида 100 километрлик диаметрда бўлган ҳудудда 50 мм ёғингарчиликни ҳосил қилади.

 

Кўзланган мақсадга эришишда  табиат, экология ва бошқа омилларга  зарар етказмасдан ишлаш учун 9 хил ускунанинг вазифалари белгиланган ҳудуд экотизими мувозанатини ўз ҳолига келтириш, об-ҳавони зарарли модда ва чанглардан тозалаш, ҳудудни намлантириш, ҳаво ҳарорати ҳамда босимни мўътадиллаштириш, асосий ускуна атрофида циклон айланмасини ҳосил этиш, булутлар генерациясини юқорига интилтириш, уларни тўйинтириш, ёмғирлатиш, белгиланган вақтдан сўнг, ёғингарчиликни тўхтатиш – булутларни тарқатиш ёки қўшни ҳудудга кўчириб ёғингарчиликни ташкил этишдан иборат.

 

Иқлимни назорат қилиш ва “сунъий ёмғир ёдириш”нинг 4-5 хил усули бор

1. Кумуш купороси, туз, цемент ва ҳоказо кимёвий воситаларни самолётдан мавжуд булутлар устига сепиш орқали;

2. Франция қўллаган усул - Германияда ихтиро қилинган, Адольф Гитлер таклифи билан ... космосдан булутларга таъсир кўрсатиш орқали;

3. Аляскадаги “HARP”, Россиядаги “SURA” каби атмосфера қуроллари бизнинг технологияга яқин. Уларнинг технологияси тан олиш керак кучлироқ! Сабаби у технологиялар бутун Ер юзи бўйича таъсир кўрсата олади. Атмосфера қуроллари Ернинг газсимон қобиғида содир бўладиган жараёнларга таъсир этувчи воситалардан фойдаланишга асосланган. У метеорологик, иқлим, озон ва магнетосферага бўлинади. Амалиётда энг кўп ўрганилган ва синовдан ўтган метеорологик қуроллар бўлиб, улардан фойдаланиш, иқлим қуролидан фарқли ўлароқ, анча қисқа муддатли ҳисобланади. Ёмғирли бўронларни ёғдириш, қўшинлар ва оғир техниканинг ҳаракатланишига тўсқинлик қилиш учун тошқинларнинг пайдо бўлиши ва ҳудудларни сув босиши, бомбардимон қилинган ҳудуддаги булутларнинг тарқалиши, аниқ нишонга йўналтирилганлиги- бу метеорологик қуроллардан асосий вазифаси ҳисобланади. Кучли ёғингарчилик ва тошқинларни келтириб чиқарадиган булутларни тарқатиш учун бир неча минг квадрат километр майдонда юз килограммга яқин кумуш иодид ва қўрғошин иодидни тарқатиш кифоя.

4. Ультратовуш ёрдамида мавжуд булутларга таъсир кўрсатиш орқали;

5. Биз таклиф этаётган технология асосида ҳосил қилинадиган электронларни, газ балонига сиқиб, дала шароитида ишлатиш.

Бу қурилмаларнинг фарқли жиҳатлари: барча яратилган технологиялар ўша ернинг иқлими, шароити, об-ҳавоси ва таркибига асосан ишлаб чиқилган. Шунинг учун чет давлатларида яратилган технологияларнинг аналоги, бизнинг ҳудудда ишламаслиги мумкин ва аксинча, ўзимиз яратган технология, эрта бошқа давлат чегараларида ишлашига кафолат йўқ.

Бундан ташқари, бу каби лойиҳалар тижорий мақсадларга ҳам хизмат қилади. Тижорат бор жойда, рақобат мавжуд.  Масалан, Россия ҳудудидаги айрим ташкилотлар муайян давлатлар учун хизмат қилади. Россиянинг иқлим билан шуғулланадиган тадбиркор ташкилотлари маълум чегараларда фаолият юритади.Ҳар бир ташкилот ўз чегарасига эга. Бунда самолётлардан майдон ва иқлимга қараб кимёвий воситалар мавжуд булутлар устига сепилади. Мақсад, бир давлат ҳудудидан буғланган ҳаво томчилари қўшни давлатга ўтиб кетмаслигини таъминлашдир.

Ўзимизда яратилган технологияга хорижий давлатлар олимлари  томонидан юқори баҳо берилган. Ҳозирда келишувлар ҳам мавжуд. Ҳаттоки сунъий йўлдош орқали мониторинг ўтказилган.

Ўзимизда лойиҳамиз барча илмий тадқиқот институтлари, академик ва профессорлар томонидан тасдиқланган бўлсада, ҳозирга қадар Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар бошқа мақсадларга ишлатиб келинмоқда.

Мисол тариқасида 3 йил олдин инновация вазирлиги томонидан технология имкониятлари батафсил ўрганиб чиқилган бўлсада, биз тақдим этган дастурлар йиллар давомида исботланиб келиниб, барча илмий техник хайъатлар томонидан муваффақиятли ўтсада, вазирлик уни инкор этиб, лойиҳа бўлимларини парчалаб, турли тадқиқот институтларига амалиёт қолиб фақат назария учун молиялаштириб берди.

Тадқиқот муаллифлари учун технология ишлаш принципини ёритиш борасида махфийлик даражаси қўйилиб, вазирлик вакиллари бир неча бор, чет элда ишлатиладиган технологияларни ўрганиш учун сафарбар қилинди.

Шу сабабли, ўзимизда ишлаб чиқилган технологияни Орол ҳудудида татбиқ этиш, муаллифлар ва чет эл ҳамкорлари томонидан олиб борилаётган ишлар тамомила тўхтатилган.

Таҳлилларга кўра бирор давлат "макро иқлим"ни ҳосил қилиш, ташкил этиш бўйича амалга оширилган лойиҳаларини ошкор этмайди. Шу қаторда юртимизда яратилган технологиялар, жумладан, об-ҳавога сунъий таъсир кўрсатиб, Орол денгизи ҳавзаларида сув миқдорини ошириш лойиҳаси бўйича ҳам махфийлик даражаси мавжуд.

 

 Хорижда шу каби технологияларни ривожлантиришдан қандай манфаатдорлик бор?

 

- Хитойлик олимлар Тибет тоғларида ёғингарчилик миқдорини йилига 10 млрд кубметргача оширишмоқчи. “Тяньхэ” лойиҳаси доирасида тоғларда атмосферага ёмғир ҳосил қилувчи реагент ҳисобланувчи кумуш иодиди зарраларини чиқарадиган ўн минглаб камера ўрнатилади. Бу сунъий ёмғир ҳосил қилиш бўйича дунёдаги энг катта тажриба бўлади.

Олимлар 1,6 млн квадрат километр майдон устида ёмғир чақиришга муваффақ бўлишларига умид қилмоқдалар. Ёмғир кўринишида тушадиган сув ҳажми Хитойда йилига истеъмол қилинувчи умумий ичимлик сувининг 7 фоизига тенг бўлади. Ёмғир ҳосил қилувчи тизимларнинг дастлабки синовлари Тибет, Синьцзян ва бошқа тоғли ҳудудларда ўтказилган ва у ерларда 500 га яқин камера ўрнатилган.

Тизим булутларнинг фазавий ҳолатини ўзгартириш учун атмосферага махсус реагентлар чиқарилганда булутлар чақириш учун мўлжалланган. Бунда сув буғи кўп миқдорда бўлган ҳаво массаларида кристаллашув марказлари ҳосил бўлади, бу эса ёғингарчиликни келтириб чиқаради. Кумуш иодиди кристалл структураси музни эслатгани сабабли, бу модданинг ҳаттоки кичик миқдори сув томчиларининг кучли конденсациясини ҳосил қилади. Ушбу технология натижалари ва олинган кўрсаткичлар кенг омма учун ёритилмайди. Сабаби, сув танқислиги муаммоси йилдан йилга ортиб бораяпти.

Бирор бир давлат ҳудудида сув буғланиши, ернинг ўз ўқи атрофида айланиши ва шамоллар натижасида   қўшни давлатлар ҳудудига силжиб ўтади ҳамда ёғингарчилик ҳосил қилади. Яъни Ўзбекистон ҳудудидаги буғланиш ўз ҳудудимизда қолиш эҳтимоли жуда кам. Бу юртимизда  Мустақиликкача бўлган давр ва  Ўрта Осиёда ўтказилган тажрибалар туфайли  мувозанатнинг бузилгани билан боғлиқ. Қисқа қилиб айтганда "сув миқдорининг чиқиши бор, кириши йўқ".

Хитой олимлари ва ҳукумати томонидан бу борада қилинаётган ишларни - Хитой халқи келажаги учунлиги билан оқлаш мумкин. Чўл ва саҳроларни сув манбаи билан таъминлаб, қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантириш ҳамда ўз халқининг барқарорлигига алоҳида эътибор бериши тахсинга сазовор.

Ҳозир айтаётган маълумотларимиз, 1950 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда  асосан сунъий интеллект ҳамда сунъий йўлдошлар орқали олинган таҳлилларга асосан умумлаштирилган.

Юртимизда яратилган технология айнан "Сунъий ёмғир ёғдириш" технологияси деб жамоатчиликка маълум қилинган. Тажрибалар ўтказилди, синовлардан ўтди. Баъзи бир "Илм-фан академиклари ва профессорлар"и томонидан тан олинди. Орада ушбу йўналишдаги "тадбиркорлар" шу соҳага ҳам кириб келди. Улар чет эл тадбиркорлари бўлиб, бу "технология" сирлари бевосита чет элга очиқчасига баъзи бир “профессор ва академиклар” орқали чиқиб кетганлигини кўрсатади.

Мазкур муаммо бўйича алоҳида таъкидламоқчиман.  Экспертлар гуруҳи, яъни жамоамиз бир неча йил давомида синовлар ўтказишди. Орол ҳудудига бир неча бор сафарлар уюштирилди. Технологиянинг қисмлари яратилди. Керакли синовлардан ўтди.

Барча ҳаражатлар шахсий ҳисобимиздан амалга оширилди. Ойлик, қарз, уйдаги техникадан олинган кисмлар ва ҳоказо. Тадқиқот ишларига давлат томонидан ёки бирор бир ҳомийдан маблағ олинмаган.

Инновация вазирлигига бир неча бор мурожаат қилинган. Давлат томонидан грант танловлари ҳам эълон қилинганди. Танловда ғолиб бўлган бўлсак-да, уни молиялаштиришга келганда, ноъмалум сабабларга кўра, комисиянинг молиялаштириш бўйича қабул қилган қарор ҳужжатлари ғойиб бўлди. Яъни лойиҳа бор, лойиҳа ғолиби ҳам бор - қолгани ноъмалум. Ҳужжатлар ҳам йўқ қилинди.

Бизни табриклашди. Раҳмат айтишди. Лекин лойиҳа ва технология билан боғлиқ бўлган барча масалаларни "махфий" қилиб қўйишди.  Керак бўлса, таклиф қилишларини билдиришди. Демак, Орол муаммоси ечими керак бўлса, ҳал этилади.! Шу сабаб, гуруҳимиз тарқаб кетди. Барча ҳаракатлар тўхтатилди.

Вақт ўтиб, инновация вазирлиги айнан бизнинг лойиҳамизни парчалаб, бир нечта гуруҳларни молиялаштирганига амин бўлганимиздан кейин, мазкур муаммони ечими фақатгина раҳбарлар кайфияти ва эҳтиёжларига боғлиқлигини тушуниб, мазкур муаммо ечимини кўтариб чиққан "оддий ватанпарварлар гуруҳи"ни тарқатиб юбордик.


Орол денгизини қутқариш бўйича энг катта оламшумул лойиҳа тўхтатилган бўлсада, ушбу технологиянинг бир қисми бўлган қурилма - ҳозирги кунда “Covid19” вирусини тамомила йўқ қилди. Йўқ қилганида ҳам  ҳаво таркибида, сирт юзасида ҳамда суюқлик таркибида.

Энди бу умуман бошқа мавзу. У ҳақда алоҳида мақола тайёрлашни ният қилдик.

 

Ҳакимжон Фозилов

 

Мазкур мақола Ўзбекистон Республикаси замонавий журналистикани ривожлантириш маркази IDEM (Германия) билан ҳамкорликда "Ўзбекистон экожурналистикаси: мультимедиа инструментлари ёрдамида контент яратиш" ва "Орол денгизи инқирози муаммолари ва сабоқлари. Медиа қандай чора кўра олади?" мавзусидаги медиатур доирасида тайёрланди.