Қорақалпоғистонда ҳаводан ичимлик суви олинмоқда

Қорақалпоғистонда ҳаводан ичимлик суви олинмоқда

«Ўзгидромет» ахборот хизматининг хабар беришича, шу кунларда Қорақалпоғистонда ҳаводан ичимлик суви ишлаб чиқариш генератори ишга туширилган.

Хабарда келтирилишича, Қоракалпоғистонда жойлашган Чимбой тумани метеостанциясига атмосфера ҳавосидан ичимлик сувини ишлаб чиқариш «атмосфера сув генератори» (Airaqua - 7 та тозалаш фильтридан иборат) қурилмаси тажриба (синов) тарзида ишга туширилган.

Мазкур қурилма ичимлик суви етиб бормаган ва етказиб бериш иқтисодий жиҳатдан қимматга тушадиган ҳудудларга мослаштирилган. Ушбу инновацион технология синов тариқасида йўлга қўйилган ва ундан олинаётган статистик маълумотлардан фойдаланган ҳолда республикадаги бошқа метеостанцияларга ўрнатиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, атмосфера ҳавоси намликларнинг улкан резервуари экани ҳисобга олинса, атмосфера сув генераторини ўрнатиш атмосфера сувини ишлаб чиқарувчи дунёдаги самарали қурилма деб ҳисобланса бўлади. Ушбу мослама дистилланган сувдан хам тозароқ сув олиш имконини беради.

Ушбу қурилма атмосфера ҳавоси намлигига ва ҳароратга қараб кунига тахминан 12 литрдан 30 литргача ичимлик суви етказиб бериш имконини беради. Кўп қувват (1 киловатт) талаб қилмаслиги, ихчам, экологик тоза, фойдаланишда техник жиҳатдан инсон ҳаётига хавфсизлиги унинг қулай жиҳатларидан биридир.