Тошкентнинг 11 та туманида COVID-19 беморлари учун махсус поликлиникалар ташкил этилди

Тошкентнинг 11 та туманида COVID-19 беморлари учун махсус поликлиникалар ташкил этилди

Тошкент шаҳрининг 11 та туманида коронавирус инфекциясига гумон қилинган шахслар ҳамда ушбу инфекция тасдиқланган беморлар учун махсус поликлиникалар ташкил этилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, у ерда бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш, зарур лаборатор ҳамда инструментал текширувлар ўтказиш, текширув натижаларидан келиб чиққан ҳолда уларга даво муолажаларини тавсия қилиш ва амбулатор даволаш йўлга қўйилади.

Тиббий-санитария муассасалари ва хизмат кўрсатиш йўналиши яқин бўлган диспансерлар биносида фаолият бошлаган мазкур поликлиникалар аҳолига кун-у тун хизмат кўрсатиши белгиланган бўлиб, ҳар бир марказга 3 тадан тиббий бригада бириктирилган ва улар таркибидан 2 нафар шифокор ҳамда 2 нафар ўрта тиббиёт ходими ўрин олган.

Шунингдек, беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида ушбу поликлиникалар рентген, кислород конденсаторлари, пулсоксиметр, зарур дори-дармонлар, сарфлов материаллари, дезинфекцияловчи эритма ва реактивлар, шунингдек, махсус тиббиёт воситалари билан таъминланган.

«Таъкидлаш лозимки, айни пайтда пойтахтдаги барча оилавий поликлиникалар ушбу поликлиникалар билан интеграция асосида фаолият юритаётган бўлиб, у ерга коронавирус инфекциясига гумондор ҳамда инфекция тасдиқланган шахслар оилавий поликлиникалар йўлланмаси ва ‘103’ хизмати орқали ёки ўзлари мустақил равишда ҳам мурожаат қилишлари мумкин.

Агар тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат қилган фуқаронинг шикоятларига кўра, унда коронавирус касаллиги гумон қилинса, беморга ўзи яшайдиган тумандаги махсус поликлиникага бориш тавсия этилади. Бироқ унинг ҳолат ва имконияти бунга монелик қилса, беморнинг уй манзили ёзиб олинади ва у ҳақидаги маълумот махсус поликлиникага тақдим этилади. Сўнг бемор махсус поликлиника учун ажратилган автотранспорт воситаси ёрдамида у ерга олиб келинади ва белгиланган стандартлар бўйича тиббий-санитария ёрдами кўрсатилади», — дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, қўшимча қилинишича, махсус поликлиникага мурожаат қилган беморлар учун махсус карта юритилиб, унда фуқаронинг динамик ҳолати, текширув ва даволаш натижалари қайд этиб борилади.

Мурожаат қилганлар орасида COVID-19 инфекцияси тасдиқланмаган беморлар бўлса, улардан керакли таҳлиллар олинади ва тезкор равишда ҳудудий санитария хизмати лабораторияларига етказилади. Шу билан бирга, беморлар оғирлик даражасига кўра сараланиб, аҳволи енгил фуқароларга уйда даволанишлари учун зарур тавсиялар берилади. Бироқ беморнинг аҳволи оғир бўлса, у зудлик билан махсус шифохонага юборилади ва бу ҳақида фуқаро истиқомат қиладиган ҳудуддаги оилавий поликлиникага хабар қилинади.

Вазирлик маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 12 июль куни 497 кишида коронавирус аниқланди, шундан 122 нафари Тошкент шаҳрида қайд этилди.

Мамлакатда, айниқса, пойтахтда касалланиш ҳолатлари ортаётгани туфайли ковид-марказлар қайта очилмоқда. Хусусан, Тошкентда ДХХ тасарруфидаги «Ёшлик» спорт мажмуасида, ИИВ тасарруфидаги «Универсал» спорт мажмуасида 700 койка-ўринга мўлжалланган ковид-марказ, «Ўзэкспомарказ»да 750 ўринли коронавирусга чалинган беморларни даволашга ихтисослашган марказ қайтадан ташкил этилди.

Учтепа туманидаги спорт саройида COVID-19 билан касалланган беморларни даволаш учун 100 ўринга мўлжалланган захира маркази, Жаҳон тиллари университети талабалар турар жойида 300 ўринга мўлжалланган захира маркази тайёрланмоқда.
Тошкент шаҳрида аҳолини эмлаш учун махсус автобуслар йўлга қўйилди.