Жиззахда Президент мактаби мисолида халқ таълими тизимидаги ишлар юзасидан брифинг ташкил этилди

Жиззахда Президент мактаби мисолида халқ таълими тизимидаги ишлар юзасидан брифинг ташкил этилди

Бугун Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев иштирокида “Жиззах вилоятида халқ таълими тизимида таълим сифатини янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар, истиқболдаги вазифалар тўғрисида (Жиззах шаҳридаги Президент мактаби мисолида)” брифинг ўтказилди.

Брифингни вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари – вилоят ҳокимининг матбуот котиби Акмал Бинокулов очиб берди.

Вилоят ҳокими Эргаш Салиев юртимизда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар барча соҳалар айниқса, таълим тизимида яққол намоён бўлаётганлигини таъкидлади. 2020 йил давомида 24 та умумтаълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун Республика бюджетидан жами 54,6 млрд сўм маблағ сарфланди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 20 февралдаги “Президент мактабларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори халқ таълими тизимидаги янгиланишлар кўламини кенгайтириб юборди.

Қарорга асосан республикамизда ташкил этилган илк Президент мактаблари бугун иқтидорли ёшларга таълим тарбия беришни бошлади.

Тошкент шаҳридан кейин Наманган, Нукус ва Хива шаҳарларида ҳам Президент мактаблари фаолияти йўлга қўйилган. 2021 йилда бундай мактаблар Жиззах, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида қуриб фойдаланишга топширилиши, жорий йилда эса Aндижон, Навоий, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида қурилиши режалаштирилган.

Жиззах шаҳрининг қоқ маркази—Сайилжойи маҳалласидаги Олимпия заҳиралари спорт коллежи ёнида бунёд этилаётган Президент мактабига 2020 йилнинг 1 апрель куни тамал тоши қўйилди.

Вилоят ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмасига асосан қурилаётган улкан иншоотда 70 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.

 

Бош пудратчи  “Diamond” кўп тармоқли хусусий фирмаси  бунёдкорлари билим даргоҳининг лойиҳа-смета ҳужжатларида кўрсатилган қурилиш-монтаж ишларини 2021 йилда поёнига етказишни ўз зиммаларига олишган.

168 ўринга мўлжаллаб қурилаётган Президент мактаби биноси 3 та асосий корпусдан иборат бўлиб, замонавий услубда, миллий ва жаҳон меъморчилигининг энг сўнгги ютуқлари асосида бунёд этилди.

Ўқув барча синфхоналар ва лабораториялар мос тарзда жиҳозланади. Уларнинг дизайни, техник-ўқув услубий таъминланишига жиддий эътибор қаратилади. Бир қарашда мактабнинг оддий доскасидек туюлган ускуна бир вақтнинг ўзида ҳам электрон доска, компьютер вазифасини ўтайди.

Мактабда болаларнинг тўлақонли таълим олиши, ўқишга, изланишга бўлган иштиёқини янада кучайтириш учун зарур бўлган барча шароитлар яратилди.

Ўқувчиларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун барча имкониятлар яратилади. Гимнастика зали, сузиш ҳавзаси, баскетбол, мини футбол, теннис майдончалари,  жисмоний тарбия зали ва спортнинг бошқа бир қатор турлари билан шуғулланиш имконини берувчи зал ва жиҳозлар ёшлар ихтиёрида бўлади.

 

 

Учинчи корпусдан ётоқхона ва меҳмонхона ўрин олиб, болаларнинг яшаш жойлари ғоят шинам бўлади. Миллий ва хорижий ўқув адабиётлари, бадиий китобларга эга кутубхона ташкил этилди.

 Турли маданий-маърифий тадбирлар, анжуманлар ўтказиш шохобчалари билан бирга 3 та замонавий дам олиш ҳудуди ташкил этилди. Мактаб назорат пункти, алоҳида трансформатор подстанцияси ва ўз автотураргоҳига эга бўлди. Алоҳида иситиш қозонхонаси қурилди.

Шунингдек, ПҚ-4565-сон қарорига асосан 40,4 млрд.сўм маблағ эвазига 18 та таълим объектларда, шундан 2 та янги қурулиш, 11 та мактабда капитал реконструкция, 5 та мактабларда капитал таъмирлаш ишлари бажарилди. 

Ушбу ишлар натижасида 4986 ўқувчи ўринли янги қўшимча ўқув бинолари қурилди, 5722 ўқувчи ўрин капитал таъмирланди.

Шунингдек, Инқирозга қарши кураш жамғармаси 14,2 млрд.сўм маблағлари ҳисобига 6 та мактаблар, шундан 2 та мактабда реконструкция ва 4 та мактабларда капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 15,0 млрд.сўм маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 149 та мактаб жорий таъмирдан чиқарилди.

Хусусан, Жиззах шаҳридаги 29-сонли “Меҳрибонлик уйи” 8,5 млрд.сўм маблағ ҳисобига реконструкция қилиниб, тўлиқ жиҳозланди ва замонавий кўринишга келтирилди.

Жиззах шаҳридаги 8‑сонли умумий ўрта таълим мактаби негизида информатика ва ахборот технологияларига ихтисослаштирилган таянч мактаби ташкил этилиб, 1,0 млрд.сўмга қайта таъмирланди.

2021 йилда Жиззах шаҳридаги 18-сонли умумий ўрта таълим мактаби тадбиркор ташаббуси билан 15,0 млрд.сўм маблағи ҳисобига янгидан қурилиб, тўлиқ жиҳозланди.  

Алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш ва уларга шарт-шароит яратиш мақсадида, Кар болалар махсус мактаб интернатига қарийб 6 млрд.сўм маблағ, Заиф эшитувчи болалар махсус мактаб-интернатига 7.5 млрд.сўм маблағ ажратилиб мазкур таълим муассасасалари замон талабларига мос равишда қайта таъмирланди.

Вилоятда, 2021 йил якунига қадар умумтаълим мактабларида ўқувчи ва ўқитувчиларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қуйидаги вазифалар режалаштирилмоқда.

2021 йил инвестиция дастурига киритилган 13 та умумтаълим мактабларида йил давомида қурилиш-таъмирлаш ишларини якунлаб, ўқувчилар қуввати ортиши ҳисобига мактабларнинг коэффиценти 1,1 га яхшиланади.

Инвестиция дастурига асосан Зомин туманида 2 та, Жиззах шаҳрида 1 та янги мактаб қурилиши учун 63,5 млрд. сўм,  Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов туманларида 1 тадан ва Зомин туманларида 3 та ҳамда Жиззах шаҳридаги 29-сонли Меҳрибонлик уйнинг Зомин туманидаги “Лочин” болалар оромгоҳи  жами 7 та мактабни реконструкция қилиш учун 34,8 млрд. сўм, 3 та мактаб бинолари капитал таъмирлаш учун 16,8 млрд. сўм маблағ ажратилди.

2021 йилда 30 та мактабларда реконструкция ҳамда капитал таъмирлаш ишлари олиб борилади. Ушбу ишлари учун жами 28,7 млрд.сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.

 

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати