Жиззахда ит овлов бригадаси 7 та уйсиз итни отиб ташлади (фото)

Жиззахда ит овлов бригадаси 7 та уйсиз итни отиб ташлади (фото)

Telegram’даги каналда «Дайди итларга ким чора кўради?» сарлавҳаси остидаги мурожаат эълон қилинган. Ҳолат юзасидан изоҳ берилди.

Мурожаатда «‘Олмазор’ МФЙда дайди итлар кўпайиб кетган, бир ёки иккита бўлса ҳам тушуниш мумкин, ўнталаб итлар дайдиб юрибди, кимдир чора кўрадими?» дея эътирозлар билдирилган.

«Ekolog.uz» Telegram каналининг маълум қилишича, ушбу ҳолатдан кейин, 8 август куни тонгги соат 05:00 да дайди итлар Ободонлаштириш бошқармаси ит овлов бригадаси томонидан «Олмазор» МФЙ ҳудудидаги 7 та уйсиз ит отиб ўлдирилган.

                                                              Фото: Telegram / «Ekolog.uz»

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасига кўра (ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) қуйидагича тартиб мавжуд:

«Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек, ҳайвонларни қийнаш — базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади».

Хабарда қайд этилишича, бригада ҳаракати қонунга зид.

«Қонунчилик эса Ободонлаштириш ходимлари учун ишламайди ёхуд тегишли эмас, шекилли. Ваҳоланки, улар итларни урмасдан, қийнамасдан тутиб, 5 кун сақлашлари ва ветеринария кўригидан ўтказишлари лозим. Аммо Telegram каналимизга келаётган хабарларга қараганда, республикамиздаги аксарият ‘отловка’ ходимлари итларни тутиб, гўштга сотишмоқда. Албатта, бу ҳақдаги аниқ фактларни кейинчалик каналимизда берамиз.

Бугунги кунда жониворларга меҳрли, уларни асрашга бел боғлаган кўплаб фуқароларимиз номидан ҳурматли Президентимиз, Экологик партия раҳбариятидан Ободонлаштириш бошқармалари тасарруфидаги, бугунги кунда жони бор ҳайвон эмас, аксинча, чиқинди сифатида қаралаётган дайди ит ва мушукларни тутувчи механизациялашган бригадалар мақомини ўзгартириб, ‘отловкаъларни приютларга айлантириш, жониворларни ҳақиқатан ветеринария кўригидан ўтказиб даволаш, экокўнгиллиларга жониворларни парваришлашга рухсат бериш, улар 5 кундан кейин ўлдирилмай, аксинча, ит ва мушук боқиш истагида бўлганларга тарқатиш, шунингдек, республика бўйлаб яшаётган дайди ит ва мушукларни стериллаш ва эмлашни давлат ҳисобидан амалга оширишни сўраб қолар эдик», — дейилади хабарда.

Бундан аввал Тошкент вилоятида итлар сўйиб сотилаётгани тўғрисидаги хабар ўз тасдиғини топмагани, Наманганда итни дарахтга осган болаларнинг ота-оналари ва уни видеога олиб тарқатган болалар жаримага тортилгани ҳамда Олмалиқда итни майиб қилган уйсиз ҳайвонларни ушлаш хизмати ходимига 122 минг сўм жарима солингани ҳақида хабар берилганди.