Президент Экология қўмитаси раисини нима учун ишдан олганини маълум қилди

Президент Экология қўмитаси раисини нима учун ишдан олганини маълум қилди

Айни вақтда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор ўтказилмоқда. Давлат раҳбари йиғилиш давомида экология соҳасидаги муаммоларга атрофлича тўхталди ва Экология қўмитасини танқид қилди.

— Бу йўналишдаги муаммолардан барчамиз хабардормиз. Лекин, бунга масъул бўлган Экология қўмитаси, бошқа идоралар ва маҳаллий ҳокимликларнинг ташаббус ва амалий ишлари кўринмаяпти.

Сўнгги 4 йилда саноат корхоналари 2 бараварга ортиб, шаҳарларда чанг-газ миқдори меъёрдан 4 баравар ошган.

Атмосферага ташланмаларнинг 90 фоизи Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Наманган, Қўқон, Навоий, Бухоро, Чирчиқ, Ангрен, Олмалиқ, Бекобод, Гулистон ва Нукус шаҳарларига тўғри келади, — деди давлат раҳбари.

Президент шу билан бирга ҳудудларда «яшил майдон»лар қисқариб кетгани ва ер ости сувлари сатҳи пасайиб кетганига эътибор қаратди.

— Ҳудудларда «яшил майдон»лар 3-4 бараварга қисқариб, ўртача 8 фоиздан камайиб кетди (30 фоиз бўлиши керак).

Бу кўрсаткич Жиззах ва Бухорода – 8,5 фоиздан, Тошкент шаҳрида – 9 фоиз ва Сирдарё ва Хоразмда – 11 фоиздан.

Ер усти ва ости сув сатҳининг кескин пасайиши ҳам, экологик вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Мисол учун, Тошкент шаҳрида ер ости сув сатҳи – 7 метргача, Жиззах шаҳри ва Ғаллаоролда – 4 метрга, Чирчиқ конида – 8 метрга, Ўш-Араван конида – 10 метрга, Шаҳрисабз конида – 14 метргача тушиб кетган, — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари ушбу муаммолардан келиб чиқиб Экология қўмитаси раиси Алишер Мақсудов лавозимидан озод этилганини маълум қилди.

— Экология қўмитаси раиси Мақсудов соҳа ва унинг муаммоларига кириша олмади, ҳокимлар билан ишларни ҳамкорликда ташкил эта олмади. Соҳага хусусий секторни жалб қилиш ишлари тўхтаб қолди.

Оқибатда, жойларда ҳокимлар ўзича, қўмита ўзича фаолият юритиб, тизим ишламади. Шу боис, бугун Мақсудовни ишдан олдим., — деди Шавкат Мирзиёев.