Ўзбек тили ойлигига бағишлаб “Тил-тур” акцияси Жиззахда давом этди

Ўзбек тили ойлигига бағишлаб “Тил-тур” акцияси Жиззахда давом этди

ТИЛ бу - ҳар бир миллатнинг кўзгуси, унинг ҳақиқий сарчашмасидир. Шундай экан тилни эъзозлаш, уни янада ривожлантириш барчамизнинг бурчимиздир. Давлат органларида давлат тилида иш юритилишини ташкил этиш бу борадаги муҳим қадамлардан бири десак муболаға бўлмайди.

Адлия вазирлиги ҳамда Давлат хизматлари агентлиги ҳамкорликда жойлардаги адлия бошқармалари ва уларнинг жойлардаги бўлимлари ҳамда ДХМ, ФҲДЁ органларида давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолатини ўрганиш бўйича “Тил-тур” акциясини амалга оширмоқда.

Адлия вазирининг маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова ҳамда ДХА директорининг  маслаҳатчиси Зебинисо Ҳакимовалар дастлаб Жиззах шаҳар ДХМ фаолияти билан яқиндан танишдилар. Марказга ўрнатилган пешлавҳалар, тарғибот материаллари кўздан кечирилди. Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш борасида ҳам таклифлар илгари сурилди.

Комиссия аъзолари Мирзачўл туман ДХМда ҳам бўлиб марказ ходимлари билан яқиндан мулоқот қилдилар. Кейинги манзил Дўстлик тумани бўлди. Туман Адлия бўлими, Мадад ННТ фаолиятини ўрганиш давомида фуқаролар билан суҳбатлар олиб борилди. Давлат тилида иш юритилишида нималарга эътибор қаратиш лозимлиги борасида керакли тавсиялар ҳам жойида айтиб ўтилди.

75 минг аҳолиси мавжуд бўлган Пахтакор тумани ўрганишларнинг сўнги манзили бўлиб, замонавий бинолар, яратилган имкониятлар мехмонларни янада хурсанд қилди қолаверса, марказдаги лотин алифбосига асосланган китоблар уларни ўзига жалб қилди. Шу ернинг ўзида электрон кутубхона ташкил этиш борасида таклиф билдирилди.

Мониторинг натижасида барча ДХМларда  пешлавҳалар, тарғибот материалларида йўл қўйилган камчиликларни аниқлаш, бартараф этиш бўйича тавсиялар берилди. Ҳозирда ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати