Антимонополия қўмитасининг кўпчилик ходимлари ишдан кетгани айтилмоқда

Антимонополия қўмитасининг кўпчилик ходимлари ишдан кетгани айтилмоқда

Ижтимоий тармоқларда Монополияга қарши кураш қўмитасининг кўпчилик ходимлари ишдан кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. 

Бундан ташқари, 29 октябрь куни қўмита Telegram каналида Матбуот хизмати тўлиқ таркибда ишдан кетгани эълон қилинган. Қўмита матбуот котиби Манзура Хасанова ҳолат бўйича “бўлиши керак бўлган иш содир бўлди”, дея изоҳ қолдирган

Шунингдек, қўмита сайтига назар ташланса, марказий аппаратда ўнга яқин вакант яъни бўш иш ўрнини кўриш мумкин.

Бир қатор бўлим ва бошқармалар учун, жумладан Устун мавқени суиистеъмол қилиш, тил бириктиришлар ва картель келишувларга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи, Давлат харидлари бўйича савдоларни назорат қилиш бўлими бошлиғи, Товар-хом ашё биржаларини лицензиялаш ва назорат қилиш бўлими бошлиғи лавозимлари вакант сифатида кўрсатилган. Бу ҳам Монополияга қарши кураш қўмитасининг кўпчилик ходимлари лавозимидан бўшагани тўғрисидаги хабарлар асосли эканини тасдиқлайди.