ИИВ ЙҲХБ жарима маълумотлар базаси киберҳужумга учрагани айтилган аудиоёзувга муносабат билдирди

ИИВ ЙҲХБ жарима маълумотлар базаси киберҳужумга учрагани айтилган аудиоёзувга муносабат билдирди

ИИВ ЙҲХББ ижтимоий тармоқларда тарқалган ЙҲХБ жарима маълумотлар базаси киберҳужумга учрагани айтилган аудиоёзувга муносабат билдирди.

Аудиоёзувда ҳайдовчиларга нисбатан йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши оқибатида солинган жарималар маълумотлар базасига уюштирилган ҳужум оқибатида ўчириб юборилгани таъкидлаган.

ИИВ ЙҲХББнинг маълум қилишича, маълумотлар базасига ҳеч қандай ҳужум бўлмаган ва барча маълумотлар мавжуд.

«Маъмурий амалиёт бўлими ва марказий компьютерлаштирилган бошқарув ва алоқа хизматининг базалари интеграция қилинаётгани сабабли айрим носозликлар юзага келмоқда. Фуқаролардан ушбу ҳолатни тўғри тушунишларини сўраймиз», — дейилади муносабатда.

Идора айрим норасмий саҳифа эгаларидан шу каби ҳолатларга ойдинлик киритмасдан, ўз саҳифаларида асоссиз изоҳламасликларини сўраган.

ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ҳам ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали ушбу аудиоёзувга муносабат билдириб, блогерлар ва ижтимоий тармоқларнинг фаоллари маълумотни чиқаришдан олдин текширишга чақирган.

«Ҳанузгача баъзи блогерлар ва ижтимоий тармоқларнинг фаоллари ‘Жамоатчилик назорати тўғрисидаъги, ‘Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида’ги ва ‘Ахборотлаштириш тўғрисида’ги қонунларни бузиб, турли текширилмаган, нохолис ва умуман ёлғон маълумотларни тарқатишни давом этмоқдалар. Ижтимоий тармоқларнинг фаолларидан бирор-бир маълумот ёки мурожаат келиб тушганда, аввал уни текшириб, сўнг ахборот сифатида тарқатиш шартлигини эслатамиз. Шов-шув ортидан даромад топишни, очиқликни таъминлашдан юқори қўйманг», — деб ёзади ИИВ расмийси.