2022 йилдан кўп квартирали уйлар камида 1 Гбит/с тезликли интернетга уланади

2022 йилдан кўп квартирали уйлар камида 1 Гбит/с тезликли интернетга уланади

Ҳукумат қарори билан 2021 йил якунигача барча ИИО таянч пунктлари, МФЙ, жазони ижро этиш муассасалари, профилактика инспекторлари хоналари, халқ таълими муассасалари, давлат архивлари ва ташкилотлари интернетга кенг полосали уланади. 2022 йил 1 январдан маъмурий бинолар ва кўп квартирали уйларни камида 1 Гбит/с ўтказувчанлик қобилияти билан улаш кўзда тутилмоқда.

19 ноябрь куни «Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Қарор билан 2022−2024 йилларда телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари ҳамда халқаро ва давлат аҳамиятига молик автомобиль йўлларини мобил алоқа қамрови билан таъминлаш режа-жадвали тасдиқланди.

Шунга кўра, 2023 йилгача:

  • халқаро маълумотлар узатиш каналининг ўтказувчанлик қобилияти 3,5 маротаба оширилади;
  • 150 минг км оптик толали алоқа линиялари қурилиш ҳисобига маълумотлар узатиш тармоғи кенгайтирилади;
  • оптик толали алоқа линиялари барча аҳоли пунктларига етказилиб, уй хўжаликларининг камида 80 фоизи интернетга кенг полосали симли уланиш имконияти билан таъминланади.

Ҳужжатга асосан, 2021 йил якунигача барча ички ишлар органлари таянч пунктлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, жазони ижро этиш муассасалари, ички ишлар органлари профилактика инспекторлари хоналари, халқ таълими муассасалари, давлат архивлари ва ташкилотлари интернетга кенг полосали уланади.

Қарорга кўра, мавжуд чегара ўтиш нуқталари орқали «Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон», «Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой» ва «Ўзбекистон-Туркманистон-Озарбайжон-Туркия» йўналишларида халқаро магистрал каналлар ташкил этилади. Хитойда янги уланиш ва ўзаро интернет трафиги алмашинуви нуқталарини ташкил этиш чоралари кўрилади.

2022 йил 1 январдан интернетга кенг полосали уланиш тармоқларини лойиҳалаш ва қуришда қуйидагилар назарда тутилади:

  • маъмурий бинолар ва кўп квартирали уйларни камида 1 Гбит/с ўтказувчанлик қобилияти билан;
  • таълим ташкилотлари, соғлиқни сақлаш муассасалари ва бошқа давлат ташкилотларини камида 100 Мбит/с ўтказувчанлик қобилияти имконияти билан улаш.

Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида келгуси 5 йилда халқаро магистрал интернет тезлиги 5 баробарга, туманлараро тармоқлар тезлиги 8 баробарга оширилишини маълум қилган эди. Бундан ташқари ҳар бир хонадон ва ижтимоий муассаса мақбул нархда юқори тезликдаги интернетга уланишини, магистраль автомобиль йўллари 100 фоиз мобиль алоқа ва интернет билан қамраб олиниши айтилган.