Депутат долларни «қора бозор»да алмаштиришга мажбур бўлди

Депутат долларни «қора бозор»да алмаштиришга мажбур бўлди

Расул Кушербаев Марказий банкни дам олиш кунлари валюта айинбошлаш шохобчалари ишламаслиги туфайли одамларни валютани «қора бозорда» алмаштиришга мажбур қилаётганликда айблади. Депутат гувоҳлар иштирокида 50 долларни кўчада алмаштирди. «Ҳар қандай вазиятда ҳам фуқаролар ҳуқуқбузарлик қилмасликлари учун уларни шуни қилишга мажбур қилувчи барча сабаблар бартараф этилиши шарт», — дея таъкидлади у.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Расул Кушербаев шанба куни Facebook`да жонли эфирга чиқиб, ўзи истиқомат қиладиган Янгийўл шаҳрида бир соат давомида валюта айирбошлаш шохобчасини қидирганини, бироқ, уларнинг барчаси ёпиқ эканлигини маълум қилди.

«Одамларнинг шанба кунлари кўпроқ бўш вақти бўлади ва нарса харид қилишга чиқиши мумкин. Туристларни ҳам вақти бўлса шу кунлари айланади. Лекин бизнинг банкларимизнинг валютани айирбошлаш шохобчалари шанба, якшанба кунлари ишламас экан. Марказий банкимизнинг шу муаммони ҳал қилиб бермай шу пайтгача юрганига қойил қолсангиз бўлади», — деди у.

У 100 долларлик купюрадан фақат 50 долларини алмаштириши керак бўлган. Нақд долларни алмаштирувчи ягона банкомат эса қайтим бермайди. Банклар депутатга дам олиш кунлари уларда тизим ўчишини маълум қилган.

«Мен ўзим хоҳламаган ҳолда «қора бозор»ни қидириб, 50 долларни қайтим билан олишим учун жиноят йўл қўйиб, ноқонуний валюта айирбошлашим керак… Ҳозир менга гувоҳ бўлиб турасизлар деб, банкни вакилларини чақирдим», — деди депутат.

«Марказий банк мана шу шароитни қилиб бермагани учун фуқаролар жавобгар бўлиб кетадиган аҳволда турибди. Яъни, Марказий банк яратиб қўйган тизими оқибатида „қора бозор“ йўқолмаяпти… Шунча пайтдан бери жавобгар бўлиб кетган фуқаролар бўлса, ҳаммасининг номидан МБга каттадан-катта раҳмат, шулар сабабчи бўлган», — дея таъкидлади Расул Кушербаев.

«Агар чет эллик турист келса, шанба якшанба куни расвоси чиқар экан. Мен Ўзбекистонда юриб, 1 соатдан бери шу аҳволда юрибман. Бу шармандалик-ку… Ишонгим келмайди. Наҳотки, шанба, якшанба куни кассаларни, айирбошлаш шохобчаларини ишлатиб қўйиш қийинми?», — дея савол билан юзланди у.

Расул Кушербаев кейинроқ, гувоҳлар иштирокида «қора бозор»дан 100 АҚШ долларининг 50 долларини сўмга алмаштириб олганини маълум қилди.

«Ҳолатдан хулоса шуки, ҳар қандай вазиятда ҳам фуқаролар ҳуқуқбузарлик қилмасликлари учун уларни шуни қилишга мажбур қилувчи барча сабаблар бартараф этилиши шарт. Бўлмаса адолат нуқтаи назаридан жавобгар шароит яратмаган томоннинг бўйнида бўлади», — деди депутат.

У шунингдек, агар уни валютани ноқонуний айирбошлагани учун жавобгарликка тортишса, суд залида Марказий банк ҳам у билан бирга жавоб беришини айтди.

«Эпламаса нима қилиб юрибди шу кунгача? Ўзлари ҳам юриб кўрса бўларди, дам олиш кунлари одамлар қандай ҳаёт кечираяпти, нима бўлаяпти, чет элдан қанча одам келади — ҳаммаси қийналиб юрибди», — деди Расул Кушербаев.

«Ечим — бозор»

Иқтисодчи Отабек Бакиров ўзининг Telegram каналида юқоридаги вазиятга изоҳ берар экан, муаммонинг ечими борлигини, у бутун дунёда ишлашини, бироқ, «ўта ижтимоийлашган мақсадлари бор» Ўзбекистонда ишламаслигини таъкидлади.

«Кушербаев юз фоиз ҳақ, истеъмолчи, мижоз сифатида ҳам, сайловчиларидан мандат олган депутат сифатида ҳам. Қани энди ҳар бир депутат шундай бўлса», — деди у.
Шундан сўнг, у нега тижорат банклари шанба-якшанба кунлари, кечки ва тунги вақтларда айирбошлаш шохобчаларини ишлатмаслиги сабабларига тўхталди.

Биринчидан, дам олиш, байрам кунлари, кечки ва тунги вақтларда ходимларни камида 2 карра ҳақ тўлаб жалб қилиш керак бўлади. Бу кассирларга ҳам, назоратчи, қўриқчи ва инкассацияга ҳам таалуқли. Яъни шохобчаларнинг дам олиш, байрам кунлари ва тунги вақтларда ишлаши меҳнат сарфи ўртача 2 баробар юқори.

Иккинчидан, дам олиш, байрам кунлари ва тунги вақтларда айирбошлаш операциялари ҳажми бошқа вақтдагига нисбатан каррасига кам. Бу тажриба, амалиёт ва кузатувлар тарзида аниқланган ҳолат, дея қайд этди Отабек Бакиров.

Таъкидлашича, валюта операцияларига энг асосий талаб ҳосил қилувчилари — моккилар, ўрта ва майда тадбиркорлар, ёш, технологик мижозлар операцияларини ё иш кунлари ўтказишади ёки дам олиш кунлари эса улар онлайн тарзда операция ўтказишни маъқул кўришади. Чунки улар учун шу қулай ва афзал.

«Кўраяпсизки, дам олиш, байрам кунлари, кечки ва тунги вақтларда айирбошлаш шохобчаларининг харажатлари каррасига кўп, даромадлари эса каррасига кам, молиявий натижа эса доим манфий. Яъни уларнинг бу вақтда ишламаслиги асл сабаби соф тижорий нуқталарга бориб тақалади», — дея ёзди у.

Иқтисодчи ечим бор ёки йўқлигини сўраб, кейин ўзи шу саволга жавоб берди: «Ечим бор. Бу ечим бутун дунёда амалда. Фақат биз ўта ижтимоийлашган мақсадларни ўз олдимизга қўйганимиз учун бу йўлдан юришга доим ҳадиксираймиз. Ечим — бозор».

«Одатда бутун эркин дунёда ва айниқса туристик мамлакатларда айирбошлашлаш шохобчалари дам олиш кунлари ва тунги вақтларда валютани жуда арзон сотиб олади ва жуда қиммат сотади. Шу билан ўзининг маржиналлигини таъминлайди. Шартли айтсак, иш куни долларни 10750 сўмдан сотиб олаётган банк шохобчаси дам олиш кунлари долларни 10650 сўмдан сотиб олади. Худди шундай, иш куни долларни 10800 сўмдан сотаётган банк шохобчаси дам олиш кунлари долларни 10900 сўмдан сотади. Шу билан ҳажм камлигидан ютқазадиганини курс фарқи орқали қоплайди», — дея тушунтирди у.

«Дунёнинг исталган мамлакатида тунда аэропортдан тушганингизда энг ноқулай курсларга рўпара бўласиз, меҳмонхоналарда ҳам шундай. Нега бизда бундай қилинмайди? Сабаби оддий — ижтимоий омиллар сабаб банклар минимал маржиналликни, қисқа коридорни ушлаш йўлидан юришади. Табиийки ўзларининг қадамларига ўзлари қурбон бўлишади. Сиз дам олиш кунлари валютангизни, масалан 100 сўм арзонроққа сотиб, валютани 100 сўм қимматроққа сотиб олишга тайёрмисиз?», — деб ёзади Отабек Бакиров.