Навоийда ниқоб ва биталарда хизмат олиб борган инспекторлар ва бир гуруҳ шахслар ўртасидаги жанжал юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Навоийда ниқоб ва биталарда хизмат олиб борган инспекторлар ва бир гуруҳ шахслар ўртасидаги жанжал юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Навоий вилояти Қизилтепа туманида 7 январь куни ички ишлар ходими бўлмаган бир гуруҳ шахслар ниқоб ва биталарда хизмат олиб боргани, ёлланма инспекторлар ва ҳудуддаги балиқ овчилари ўртасида тортишув юзага келгани аниқланганди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳолат бўйича қўшимча маълумот берди.

Қайд этилишича, шу куни соат 08:00 ларда Қизилтепа тумани Тўдакўл сув ҳавзасида фаолият олиб борувчи Golden like fish МЧЖга тегишли балиқчилик базасида ушбу МЧЖда ўзаро шартномада кўрсатилган тартибда, яъни қора рангли либослар кийиб юзларига ниқоб таққан ҳолда қўлларига резина таёқлар билан хизмат олиб бораётган назоратчи инспекторлар ва шу ҳавзада балиқ овловчи овчилар ўртасида келишмовчилик юзага келган.

Назоратчи инспекторлар овчиларни ичкарига кириши учун паспорт нусхаси талаб қилган. Балиқчилар норози бўлиб, ёлланма ишчиларнинг хизмат фаолиятига тўсқинлик қилган ва жамоат тартибини бузган.

Аниқланишича, қора рангли либослар кийиб, юзларига ниқоб таққан ҳолда, қўлларига резина таёқлар билан хизмат олиб бораётган назоратчи инспекторлар шартнома асосидаги ёлланма фуқаролар, Ички ишлар ходими эмас. Уларнинг эгнидаги либоси, вазирлик шеврони ҳамда резина таёқларни қаердан олгани юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилган.

Фуқаролар ўртасида келиб чиққан келишмовчилик, тартиббузарлик ҳаракатлари ва юзага келган жанжал юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.