Хуллас блогерлар нимага керак бизга?

Хуллас блогерлар нимага керак бизга?

Гапнинг индаллосини айтганда блогерлик маълум бир мавзу ёки йўналишни мукаммал ўрганиб, интернет  тармоқларидаги ўзига тегишли саҳифада уни тарифлаб берадиган блог юритувчи инсон. Ундай ишни сиз ҳам, мен ҳам, ёнимиздаги барча инсонлар ҳам қилиши мумкин.

Саволни такрорлайман.

Хўш бугун бизга блогерлар нимага керак?


Энди шу саволга жавоб излаймиз! Интернетни излаб бу ҳақда ким нима ёзган экан деб шундоқ яндекс қидирув тизимига мурожаат қилгандим, ўзимизнинг ҳамкасб Санжар Саиднинг мақоласи биринчи ўринда чиқиб қолдику. Келинг уни шу ерда асл ҳолича ўқиб кўринг.

***

Блогер ким?

Блогер ким, блог нима, блогерликдан фойда борми? Блогерлик хоббими, бизнесми ёки касб? Шулар ҳақда ИМХОлар.

Sanjar Said

Баъзиларнинг назарида блогер – фақат танқид қилиб, ҳаммага ақл ўргатиб ўтирадиган одам. Мен эса уларни қоронғуда гугурт чаққан одамга ўхшатаман: ҳеч ким кутмаган мавзуни кўтариб чиқиб, барчанинг эътиборини унга қарата олади. Блогерлар чемпионати баҳона Ўзбекистонда ҳам бу мавзу муҳокамалар марказига чиққанидан фойдаланиб, блогерлик ҳақидаги билим ва тажрибаларим, фикр-мулоҳазаларимни ўртоқлашишга қарор қилдим. Чунки ҳозир кўпчилик, ҳатто блогерларнинг ўзлари ҳам унинг нима эканини тўла тушуниб етмаган, блогерлик имкониятлари, истиқболлари ҳақида етарлича тасаввурга эга эмас.

Гапни блог нима эканлигидан бошласак. Блог – инглиз тилидаги web log сўзларидан ясалган бўлиб, интернет-журнал, ҳодиса, интернет-кундалик, онлайн-кундалик деган маъноларни англатади. Аввалига блог шахсий онлайн кундалик сифатида қабул қилинган. Одамлар ўз фикрлари, бирор воқеа ёки ҳодисага нисбатан муносабатини бошқалар билан мунтазам бўлишиб борган. Бугунга келиб блог тушунчаси анча кенгайди, матн, тасвир ёки мультимедиани ўз ичига олган, мунтазам ёзувлар қўшиб бориладиган веб-сайт назарда тутилади (манба – Википедиа).

Блогнинг қуйидаги турларини санаб ўтиш мумкин: матнли блог (Ўзбекистонда ҳозирча энг оммалашгани), фотоблог, артблог (Rais buva каби блог муаллифи чизган расмлардан иборат), мусиқий блог, видеоблог (влог), микроблог. Кўриниб турибдики, блогда ҳар қандай кўринишдаги материал, файл ва маълумотларни жойлаштириш мумкин. Бу блогер танлаган йўналишга боғлиқ, истаса ҳамма турларини қориштириб юбориши ҳам мумкин. Чунки блог учун ҳеч қандай қатъий қоида, шаблон ёки мезонлар йўқ.

Блогер ким?

Блогер - блог юритувчи шахс. У юритаётган блогни кичик газетага ўхшатиш мумкин. Фақат унинг штатида биргина мухбир – блогер бор. У бир вақтнинг ўзида ҳам муаллиф, ҳам муҳаррир, ҳам саҳифаловчи. У SMM, SEO, дизайнерлик, дастурчилик, фото ва видеолар монтажчиси вазифасини ҳам бажариши мумкин.

Кимлар блогер бўлиши мумкин?

Ўзбек блогосферасида таниқли блогерларнинг касби ва мутахассислигига эътибор берсангиз, уларнинг аксарияти ё журналист (менга ўхшаган), ёки ўқитувчи. Журналистлар орасида блогерларнинг кўпроқ экани сабабли баъзилар журналист билан блогерни адаштириб юборади ҳам. Аслида эса ҳар ким блогер бўлиши мумкин. Ҳатто ғирт бекорчи одам ҳам блог очиб, кун бўйича ҳеч нарса қилмаётгани ҳақида блогпост ёзиб ўтириши мумкин. Муҳими у одамларни қизиқтириши ва блогига жалб қила олиши керак.

Бошқа касб эгалари – шифокорлар, стоматологлар, қурувчилар, ошпазлар, чўпонлару деҳқонлар, уй бекалари ҳам блог юритиши, унда ўз шахсий фикрларидан тортиб, тажрибаларигача ёрита олади. Ошпаз таом тайёрлаш, уй бекаси бола тарбиялаш, ўқитувчи сифатли дарс ўтиш, ҳуқуқшунос ҳуқуқий маслаҳатлар бериши ёки ўз соҳасидаги оғриқни масалаларни кўтариб чиқиб, уларга ечимлар таклиф қилиши мумкин. Энг муҳими тўхтаб қолмаслиги, блогини доимий янгилаб туриши керак.

Блогпост ва мақоланинг фарқни нимада?

Баъзида ёзган блогпостимни улашсам, одамлар зўр мақола чиқибди, деб қолади. Шахсан мен блогпост билан мақолани бошқа-бошқа нарса деган бўлардим. Мақола – журналист томонидан оммавий ахборот воситаси – газета-журнал ёки электрон нашр учун ёзилади. Мақолада факт ва далиллар бўлиши, холис ва ҳаққоний ёзилиши, мавзу чуқур таҳлил қилиниши, ечим ва таклифлар берилиши керак. Одатда мақолаларда муаллиф «мени» кўринмайди.

Блогпост эса асосан шахсий ва субъектив фикрлардан иборат бўлади. Блогернинг шахсий кузатувлари, мулоҳаза ва муносабати, шахсий тажриба ва маслаҳатлари ўрин олади. Фикр тўғри ёки нотўғри бўлиши, унга қўшилиш ёки қўшилмасликдан қатъи назар, ҳурмат қилиниши керак.

Муаммони кўтариб чиққан блогерга ечимлар беришни талаб қилиш ҳам нотўғри. Чунки блогер ўша соҳанинг мутахассиси бўлмаслиги мумкин, унинг вазифаси қаердадир қандай муаммо борлигини кўтариб чиқишдан иборат, масалани ўрганиш, ечим топиш ва ҳал қилиш билан ўша соҳанинг эгалари – давлат ойлик, ваколат берган одамлар шуғулланаверсин.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси ҳам блогерми?

Бу мени ҳам ўйлантирадиган савол. Аслида улар ҳам блогер бўлиши мумкин, аммо бунинг учун аввало шахсий позицияси, йўналиши, тематикаси бўлиши ва мунтазам постлар қолдирилиб турилиши керак, деб ўйлайман. Масалан, YouTube, Instagram, Facebook, Telegram каби ижтимоий тармоқ ва мобил мессенжерларида юз минглаб обуначиларга эга бўлган блогерлар, агар таниқли шахс бўлмаса, катта аудиторияни йиғиш учун яхшигина тер тўккан, турли усул ва механизмлардан фойдаланган бўлади. Улар бирор тор мавзуда ҳафтасига бир ёки иккитадан қизиқарли, мультимедиали пост қолдириш ҳисобига тезда оммалашади. Бунда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси контентни ўзи тайёрлаши муҳим.

Тушган селфисини қўйиб борадиган ёки бошқалар тайёрлаган материалларни қолдирадиганлар, блогер эмас.

Блог юритиш учун харажат қилинадими?

Блог юритишнинг текин ёки пулли йўллари бор. Бошловчи-блогерлар учун бепул блог платформалари – blogger.com, livejournal.com, wordpress.com, zen.yandex.ru ва бошқалардан фойдаланиш мумкин. Ушбу платформаларда дизайн ва бошқа имкониятлар чекланган, блог учинчи даражали субдоменда жойлашган бўлади. Масалан, мен аввалига постларимни sanjarsaid.blogspot.com блогига жойлаштирардим.

Маълум бир аудитория, блогпостлар базасига эга бўлиб, етарлича тажриба тўплагандан кейин профессионалроқ даражага кўтарилиш мумкин. Бунда биринчи бўлиб веб-сайт номи – домен сотиб олиниши керак. cctld.uz сайтида доменнинг банд эмаслигини аниқлаб, webname.uz сайтидан сотиб олиш мумкин. Домен биринчи йили 26 минг, кейинги йиллар эса 24,5 минг сўмдан.

Кейинги қадам – хостинг масаласини ҳал қилиш. Хостинг, бу – сиз блогга жойлаштираётган маълумотлар, суратлар ва видеолар жойлаштириладиган сервер. Ўзбекистонда энг арзон хостинг ойига 10 минг сўмдан бошланади. Биз блогерликни бошлаган вақтда ўн нафар блогер уч йил учун 10 доллардан йиғиб берган эдик. Ҳозир эса бир неча блогим учун Россия хостингига йилига 300 минг сўм атрофида харажат қилаяпман.

Навбатдаги босқич – веб-дастурлаш. Агар дастурлашни билмасангиз ва дастурчилардан танишларингиз бўлмаса, битта блог учун энг камида 300-400 минг сўм сарфлашингиз керак. Бунда бепул блог дизайнидан фойдаланасиз, блогерлар ўртасида оммабоп бўлган Wordpress платформасини ишлатасиз. Нолдан код териш эса жуда қиммат, лекин сифатли ва ишончли бўлади.

Шундай қилиб, профессионал блог юритиш сизга йилига сайт очиш ва интернет харажатларини ҳисобламаганда 170 минг сўмларга тушиши мумкин.

Блогерликдан нима фойда?

Блог очиш фалон пул, уни юритиш бунча харажат бўлса, ундан нима фойда бўлиши мумкин? Бу ҳақда менга жуда кўп савол беришади. Ҳозирги босқичда блог мен учун асосан ўз фаолиятимни (журналист ва корейс тилидан репетитор) реклама қилиш воситаси ҳисобланади. Таниқли интернет сайтларига ишга киришим, колумнистлик саҳифамни юритишим, ҳозирда эксперт сифатида ҳам фаолият олиб бораётганим, Америкага бориб-келишим – буларнинг барчаси блогерликдан. Ваҳоланки журналистикада қалами ўткир, мендан ҳам иқтидорли ижодкорлар кўп. Бироқ уларнинг кўпчилиги борлигини билдирмайди ёки ўзини кўз-кўз қилишни хоҳламайди. Менга қолса ҳар бир касб эгаси менежмент-маркетинг усулларини ўзлаштириши, ўз пиари устида жиддий шуғулланиши керак. Ҳар ҳолда компания ва ташкилотлар қўлидан иш келадиган ва таниқли шахсларни ўз сафида кўриш учун бошқаларга нисбатан кўпроқ маош таклиф қилишга тайёр.

Бизда – Ўзбекистонда блогерлик кўпроқ хобби ҳисобланади. Хобби билан эса одатда бўш вақтда, кайфият яхшилигида шуғулланилади ва ундан даромад олиш режа қилинмайди. Аслида эса блогерлик – дунёдаги энг даромадли бизнесдан бирига айланган.

Масалан, YouTube-каналида 100 мингдан ошиқ обуначига эга блогерлар видеороликлари 100 минг мартадан ортиқ томоша қилинса, кунига 50-100 доллар, ойига эса 1500-4150 доллар атрофида даромад олиши мумкин. Аммо аксарият блогерлар ойига 500 доллардан камроқ даромад топаяпти (манба: sputnik-georgia.ru)

Узун-қулоқ гап-сўзларга қараганда, бизнинг шароитда ҳам YouTube ёки Telegram каналида ойига 1000 доллардан ортиқ даромад кўраётган блогерлар йўқ эмас, аммо улар таҳлили ва мониторинги юритилмаган, аниқ статистик маълумотлар йўқ. Агарда блогерлик билан жиддий шуғулланиб, доимий фаолият олиб борилса, у орқали нафақат оила боқиш, балки бой бўлиш ҳам мумкин.

Махсус тайёрланган ва ғоявий қуроллантирилган блогерлар учун эса бу – касб. Дональд Трампнинг АҚШ президентлигига келишида блогерликни касб қилиб олган россиялик блогерлар таъсири катта бўлганини эслаб ўтиш мумкин.

Блогерга тазйиқ ва босимлар бўладими?

Аслини олганда тўғри сўзлаган, ҳақиқатни талаб қилган, ўзгаришларни истайдиган одам ҳаммага ҳам ёқавермайди. Блогерлар ҳам ана шундайлар тоифасидан. Қайсидир мавзуни ёзар экансиз, кимлардир гап эшитиши, ишдан бўшатилиши, мўмай даромаддан қуруқ қолиши, ишлаши, оғримаган бошини оғритиши мумкин. Уларнинг ҳам кучи, ваколати, «ака-ука», таниш-билишлари, «каналлари», «ричаглари» бўлиши, беҳосдан оёғини босиб олсангиз, улардан фойдаланиши мумкин. Дўқ-пўписалар, таҳдидлар, қўрқитишлар, яккама-якка суҳбатларга чақиришлар, сиз ҳурмат қилган инсонларни ўртага солиш ёки «тепадан» кутилмаган қўнғироқлар эҳтимолдан ҳоли эмас. Фикр эркинлигига тоқатсиз одамларнинг таъна-маломатларига қолиш ҳам блогерга руҳий зарба бўлиши мумкин.

Яқинда қорақалпоғистонлик ёш блогер дўстимиз боғчадаги аянчли ҳолатни суратга олиб, ўз блогига жойлаганини айтиб қолди. «Аввалига ҳеч ким эътибор бермади, учинчи куни блогимга 1200 киши кирибди. Кейин юқори идорадан қўнғироқ бўлди, чақиришди. Борсам қаттиқ гапиришди, кўча-пўчада бошингга ғишт тушиб кетиши мумкин, **сиб юр, деб айтишди. Қўрқиб қолдим, ўшандан бери фақат расмга тушириб юрибман, танқид ёзмаяпман», - деди.

Лекин бу блогерларга босим кучли, танқид ёзмаслик керак, дегани эмас. Ҳамма жойда ҳақиқатни ёқлайдиган, холис танқидларни тўғри қабул қиладиган одамлар бор. Унинг устига одамлар, интернет фойдаланувчилари ҳам қўлдан келганича блогерларни қўллаб-қувватлаши, ўз ёрдамларини таклиф қилишлари мумкин. Бир танқид ортидан муаммо ҳал бўлса, кўнглингиз қанча хотиржам бўлади. Сиз шунчаки бор бўлмайсиз, балки борлигингизнинг одамларга фойдаси тегади. Ундай пайтда ортда қолган кўнгилсизликлар ёдингиздан чиқади. Энг муҳими холис бўлиш, бошқалар манфаатига хизмат қилмаслик.

***

Ана шу ерда пост тугаган. Энди эса мени фикрларимни ўқинг. Санжар Саидга аввало раҳмат айтмоқчиман. Энг объектив фикрларни бергани учун.

Хўш блогерлар бизга нимага керак, деган саволга энди озроқ жавоб топа олган бўлсангиз, ёки ҳали ҳам масаланинг моҳиятини тушунмаган бўлсангиз давом этамиз.

Афсуски, бугун жамиятимизда кўпчилик блогерликни жуда тор маънода тушунишади. Кўпчилик блоггер деганда фақат жамиятдаги камчиликларни айтиб, танқид қилувчи шахсни, блог деганда эса фейсбук профили, саҳифаси, телграм каналини тушунишади. Аслида эса блог жуда кенг маънога эга. Унинг қуйидаги турлари мавжуд:

  1. Шахсий блог
  2. Мода блоги
  3. Таомлар рецепти блоги
  4. Саёҳат блоги
  5. Мусиқа блоги
  6. Ҳаёт тарзи блоги (Lifestyle)
  7. Фитнесс блоги
  8. Лайфхак блоги
  9. Спорт блоги
  10. Молия блоги
  11. Сиёсий блог
  12. Бола парвариши ҳақидаги блог
  13. Бизнес блог
  14. Фильмлар блоги
  15. Автомобиль блоги
  16. Янгиликлар блоги
  17. Уй ҳайвонлари блоги
  18. Компьютер ўйинлари блоги
  19. Технология блоги ва бошқалар.

Блоггер жуда тор соҳада ижод қилган тақдирда ҳам  унга албатта рақобатчи топилади. Уларнинг орасида энг яхшиси бўлиш учун тинмай меҳнат қилиш керак. Лекин яхши янгилик сифатида айтишим мумкинки, Ўзбекистон шароитида ҳали ёритилмаган соҳалар жуда кўп. Борлари ҳам талабга жавоб берадиган даражада эмас. Бу эса янги блогерлар учун яхши имконият, негаки уларга рақобатбардошлар деярли мавжуд эмас.

Хуллас онлайн кундалик юритадиганлар бориб бориб мукаммал контент яратадиган, ўзининг аудиториясига эга ҳурматга ва эътирофга сазовор блоггерга айланишади.

Бугунги кунда шундай блог юритадиган инсон сифатида Жиззахликлар ҳамжамияти гуруҳи асосчиси Насим Садиковни айта олишим мумкин. Sadikov.uz  сайти ҳозирда доимий даромад келтириб турибди. Адашмасам ўтган йили ginnes.uz сайтини ишга туширди. Одамлар учун ҳам фойдали маълумотлар ушбу иккала сайтда етарлича топилади.

Хўш бугунги кунда Жиззахда шу тарзда ишлайдиган нечта инсонни биласиз?

Фейсбукда модераторлик қиладиган айрим “прямой эфир”чиларни блогерлар сафига киритмайман. Улар шунчаки жараёнлар ичида юриб, бор нарсани ўзининг “подписчик”лари учун кўрсатмоқда холос. Улар ижод қилгани йўқ. Улар ўтириб маълумот тўплагани йўқ. Улар бир томонлама масалани ўзига маъқул томонини ушлаб олиб, қолганини ўрганишга ваколати ҳам, малакаси ҳам етадиган тарзда материал тақдим этяпти холос.

Оҳирги вақтларда айримлар журналистларни ҳам блогер деб айтаётгани нотўғри. Сабаби юқорида айтганимдек блогер фақат шахсий онлайн кундалик юритувчи шахс бўлса, журналист ўзи фаолият юритаётган таҳририят нуқтаи-назарини ифодалайдиган, унинг номидан ҳаракат қиладиган ходим.

Иккаласининг фарқи ана шу ерда. Бу ҳақда мақоланинг тепароғида ҳам батафсил маълумот берилган.

Биз билган танқидчилар ҳам керак. Фақат бундай вазиятда масалани тўлалигича мушоҳада қиладиган, ўз манфаати йўлида бошқаларга лой чапламайдиган бўлса бугунги давр учун, жамият учун керак. Акс ҳолда ундайлар фақат одамлар орасида иғво тарқатиш, жамиятда бузғунчиликни тарғиб қилиш, ўзгаларнинг муаммоларидан даромад орттириш каби энг паст ва жирканч усуллардан фойдаланиб келади. Ўзининг манфаатига мос келмаган фикр билдирувчиларни блоклай бошлайди.

 Ҳали айтадиган фикрлар жуда кўп. Вақти келганда улар ҳақида ҳам ёзарман. Шу ергача сабр билан етиб келганингиз учун ташаккур билдираман.

P.S. Суратдаги психологни постга дахли йўқ!

Ҳаммангизни ҳурмат қиламан !

Ҳакимжон Фозилов  - Sangzor.uz сайти бош муҳаррири, журналист