Шавкат Мирзиёев «Оқила аёллар» ҳаракатини ташкил қилишни таклиф этди

Шавкат Мирзиёев «Оқила аёллар» ҳаракатини ташкил қилишни таклиф этди

Президент Шавкат Мирзиёев обрў-эътиборли, катта ҳаётий тажрибага эга «Оқила аёллар» ҳаракатини ташкил қилишни таклиф этди. Давлат раҳбари бу ҳақда 1 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтган.

«Бу ҳаракат том маънода маҳалланинг виждонига айланиши керак. Чунки маърифатли жамиятни маърифатли оналарсиз қуриб бўлмайди. Биз Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш, жамиятда янги маънавий макон яратиш ҳақида гапирар эканмиз, бу ишларни оила, оналар маънавияти билан узвий амалга оширишимиз зарур.

Ҳеч бир она фарзандининг келгусида бахтсиз бўлишини истамайди. Шу маънода, мен муҳтарама оналаримизга мурожаат қилмоқчиман. Бугун биз ватаннинг шон-шуҳратини юксалтирадиган тарихий даврга қадам қўйдик. Шунинг учун, сизлар фарзандингизнинг қалбига улуғ мақсадларни, эзгу ғояларни сингдиринг, буюк орзуларни жойлашга интилинг.

Оналаримиз юксак фазилатли, мард, жасур фарзандларни тарбиялаб берса, биз уларни замонавий мактаб ва олийгоҳларда камолга етказамиз. Мақсадимиз — ҳар бир оила, хонадон ва маҳалла мана шу улуғ ҳаракатнинг марказига айлансин», — деган президент.

Давлат раҳбари, шунингдек, икки ҳафта муддатда давлат бошқарувида аёллар фаоллигини ошириш дастурини ишлаб чиқиш вазифасини қўйган.

«Аёллар ишлаган ва раҳбарлик қилган жойларда тартиб, адолат, ҳалоллик, маданият юқори бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Шу боис ҳар бир вазирлик, давлат компанияси, банк ва бошқа идоралар бир-икки йил ичида ўз тизимидаги аёлларни раҳбарликка ўқитиб, камида 1 нафар ўринбосарини ҳам аёллардан қўяди», — деган Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, олийгоҳлар, тиббиёт марказларида ҳам худди шундай ёндашув бўлади. Солиқ, молия, банк, суғурта, иқтисодиёт идораларида аёллар улушини камида 30 фоизга етказиш лозим. Давлат бошқаруви академиясида раҳбар аёлларни тайёрлаш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади ва ҳар йили камида 100 нафар аёллар ўқитилади.