«Мантиқсиз ва инсон ҳуқуқларини поймол қилувчи» — адвокат «тонировка дискриминацияси» ҳақида

«Мантиқсиз ва инсон ҳуқуқларини поймол қилувчи» — адвокат «тонировка дискриминацияси» ҳақида

Ҳамма нарсада тақиқлар фақат эътирозларни келтириб чиқаради; тақиқ мантиқли ва асосли бўлиши керак, «шунчаки тақиқладим», эмас. «Тонировка»нинг «космик» нархларида ҳам мезон бўлиши керак. Бу ҳақда 11 май куни «Маҳалла» телеканалида эфирга узатилган «Минбар» кўрсатувида адвокат Камолиддин Баҳоваддинов айтиб ўтди.

Адвокатнинг фикрича, АҚШнинг айрим штатларида бугунги кунда ҳам кучда бўлган ғалати ва мантиқсиз қонунларнинг Ўзбекистонда ҳам аналоги бўлиши керак эмас. Чунки ҳуқуқий демократик жамият қураётган Ўзбекистонда қонунлар иложи борича мукаммал бўлиши керак.

«Савол жудаям оддий: «Тонировка» мумкинми ёки мумкин эмасми? Жуда кўп давлатларда жавоб «мумкин» ёки «мумкин эмас»га ажратилади. «Пуллик» ёки «текин» деган нарса йўқ. Мумкин бўлса, меъёр белгиланган ва сиз ўша меъёр даражасида исталганча қорайтиришингиз мумкин. Мумкин бўлмаса, тақиқ – тамом. Уни Али ҳам, Вали ҳам, ким бўлишидан қатъи назар, қорайтиришга ҳаққи йўқ.

Ҳар бир фуқаро қонун олдида тенг! Бу нарса бизнинг Конституциямизда ҳам белгилаб қўйилган. Хусусан, Конституциямизнинг 54-моддасида», деди Баҳоваддинов.

«Мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт» — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 54-модда.

Автоблогер сифатида ҳам фаолият юритувчи фаол автомобил ойнасини қорайтириш рухсатномаси учун белгиланган, аҳоли даромадларига таққослаганда «космик» нархлар инсон ҳуқуқларини поймол қилиш эканини таъкидлади.

«Дастлаб «тонировка» учун белгиланган суммалар қиймати жуда баланд эди. Кейин, қайсидир маънода «раҳм қилишди» ва орқа ойналар учун тонировка нархини БҲМнинг 4,5 баробаригача туширишди. Олд ойналар, тўлиқ тонировка учун нархлар эса мен учун «космик» нарх. Бугунги кунда ўртача ойлик иш ҳақини ҳисобга олганда – битта одам ёзда ўзини бир оз қулай ҳис қилиши учун 6 ойлик ойлигини емай-ичмай бериши мен учун мантиқсизлик. Бу – инсон ҳуқуқларини очиқдан очиқ поймол қилиш.

Тақиқ-тақиқлар фақат эътирозларни келтириб чиқаради. Тақиқда мантиқ бўлиши билан бирга унинг асоси, сабаби ҳам бўлиши керак. «Шунчаки тақиқладим», бу – жавоб эмас.

Масалан, ўтган мавсумда тўлиқ тонировкадан фойдаланган шахс сифатида айтаман, қулайликни ҳис қилдим. «Ёш болаларни ташқарини кўришдан маҳрум қилади», дейилди. Ишонинг, ҳозирги кунда шунақа тонировкалар бор, машинани ичида ўтирган одам уни сезмайди.

Энди савол, нима учун бу сотиляпти? Мумкинми ёки мумкин эмасми? Мумкин бўлса, нега сотиляпти? Мумкин бўлмаса, нега рухсат берилди?

Нима учун пуллик, нимага 12 миллион 150 минг сўм? Бу кимнидир севган рақамларими, бу рақамларни ортида қанақа «ҳикмат» бор? Бу нарх қайси мезонга асосан белгиланади? Нега 384 миллион ёки 500 минг сўм эмас?

Қолаверса, тонировка нархини базавий ҳисоблаш миқдорига боғлаб қўйишади… Дейлик, гўштнинг таннархи бўлиши мумкин. Буқа ем-хашагининг нархи ошиши, охир-оқибат пештахтага келадиган гўшт нархининг ошишига сабаб бўлиши мумкин. Лекин тонировка учун бериладиган рухсатноманинг қанақа таннархи бор? Нега у БҲМга боғлаб қўйилди? Нимага тонировка учун бериладиган рухсатнома йил сайин ошиши керак?

Рухсатнома берилдими, унинг таннархи йўқ. Рухсатнома нархини БҲМ миқдорига боғлаб қўйиш қайси фуқародан, қайси ватандошимиздан чиққан ташаббус бу?» – дея масъуллар олдига саволлар қўйган адвокат Камолиддин Баҳоваддинов.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибга кўра, Ўзбекистон фуқароси бўлган жисмоний шахслар учун автомобиль ойналарини қорайтиришга рухсат олиш тўлови қуйидагича:

  • орқа ён ойналар – йилига 4,5 БҲМ (1 млн 215 минг сўм);
  • барча ён ойналар – йилига 45 БҲМ (12 млн 150 минг сўм).

Ўтган ойда ЙҲХХ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров Kun.uz саволига жавобан «тонировка» масаласида енгиллик берилиши кутилмаётганини маълум қилганди.