Давлат хизматчилари даромадини декларация қилувчи тизим тайёр, қонунни қабул қилиш қолди — Акмал Бурхонов

Breaking news / Жамият 06-авг, 10:579 Admin 730 0

Давлат хизматчилари даромадларини декларация қилишга оид тизим ва қонун лойиҳаси аллақачон тайёр, деди Антикоррупция агентлиги раҳбари. У кейинроқ қонун лойиҳаси халқаро ташкилотлар эътирози туфайли такомиллаштирилаётганини айтди. Президент фармонига мувофиқ, тизим 1 январдаёқ ишга тушиши керак эди.

Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилишга оид қонун лойиҳаси ва тизими тайёр. Бу ҳақда 4 август куни Сенатнинг ялпи мажлисида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов маълум қилди.

Президент фармони билан 1 январдан давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилиши керак эди.

Ҳужжатда, шунингдек, 2021 йил 1 декабргача даромадлар ва мол-мулк тўғрисидаги декларациялар бўйича маълумотлар базасини шакллантириш, уларни қайта ишлаш ва текшириш учун электрон ахборот тизимини яратиш, сўнгра ушбу маълумотлар базасини солиқ ва божхона органлари маълумотлар базалари, давлат кадастри ва бошқа тегишли органлар билан бирлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилганди.

Сенаторларнинг юклатилган вазифалар ижросига оид саволига жавоб берар экан, Акмал Бурхонов қонун лойиҳаси халқаро, шу жумладан Жаҳон банки экспертлари таклифлари асосида аллақачон ишлаб чиқилганини маълум қилди. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, агентлик «Давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларациядан ўтказиш» тизимининг техник паспорти ва концепциясини ишлаб чиққан ҳамда тизим фойдаланишга тайёр.

«Ҳозир биз тизимни яратиб қўйганмиз. Қонун қабул қилиниб, кучга кириши билан бу тизимни ҳам ишлаб кетишига шароитларни яратдик», — деди Антикоррупция агентлиги раҳбари.

Унинг таъкидлашича, мазкур тизимнинг бошқа хорижий давлатларнинг тажрибасидан энг катта фарқи — Ўзбекистонда сиёсий ирода бўлганлиги учун барча вазирлик ва идоралар ўзларининг базаларига уланиш имкониятини беришди.

«Яъни, энди давлат хизматчилари ўзларининг исм ва фамилияларини киритсалар бўлди, уларнинг тўлиқ мол-мулки ва даромадлари тўғрисидаги маълумотлар автоматик равишда чиқиб келадиган тизим яратилди. Инсон омилини қисқартиришга қаратилган тизим яратилди. Ўйлайманки, ўша қонунларимиз қабул қилинса, бу тизим ҳам ишга тушиши таъминланади», — деди Акмал Бурхонов.

Кейинчалик журналистларга берган интервьюсида агентлик директори «тизимнинг ишлаши учун техник имкониятлар тайёр», аммо қонун лойиҳаси ҳануз «охирига етказилмоқда», дея таъкидлади.

«Ушбу лойиҳани халқаро ташкилотларга икки марта тақдим этганимизда, уларда эътирозлар пайдо бўлди. Ҳужжат таклифлар ва тавсиялар асосида такомиллаштирилмоқда», — деди у.

Агентлик раҳбари май ойида Сенат томонидан маъқулланган, аммо президент томонидан ҳали имзоланмаган «Давлат хизмати тўғрисида»ги қонун давлат раҳбари томонидан имзолангач, орадан олти ой ўтиб кучга киришини айтди. Шу билан бирга, ҳужжатда мажбурий декларация тизими алоҳида қонун билан тартибга солиниши кўзда тутилган.

«Биз имкон қадар Давлат хизмати тўғрисидаги қонун кучга киргунча ушбу тизим учун ҳуқуқий асос яратишга ҳаракат қиламиз», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, даромадларни декларациялашни кўзда тутувчи Давлат хизмати тўғрисидаги қонун 2017 йилнинг сентабрь ойида қабул қилиниши режалаштирилганди, бироқ бу муддат бир неча марта кейинга қолдирилди. Жумладан, 2020 йилнинг 1 январидан ва 2021 йилнинг 1 январидан каби муддатлар айтилди. 2021 йилнинг май ойи охирларида Акмал Бурхонов президент давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тизимини жорий этишни жадаллаштириш бўйича кўрсатма берганини маълум қилди.

скачать dle 12.0
Принтерда чоп этиш:
Ўхшаш янгиликлар
Изоҳ қолдиринг

Янгиликларга обуна бўлинг

Ахборот бюллетенимизга обуна бўлиш учун қуйида электрон почта манзилингизни киритинг

Ижтимоий тармоқлар
Календарь
«    Август 2022    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031 
Асосан янгиликларни қаердан оласиз?