Азиза Ниёзметова, Ҳошим Арслонов, Жамшид Зокиров ва саратондан вафот этган бошқа ўзбекистонлик санъаткорлар (фото)

Азиза Ниёзметова, Ҳошим Арслонов, Жамшид Зокиров ва саратондан вафот этган бошқа ўзбекистонлик санъаткорлар (фото)

Саратон энг қўрқинчли касалликлардан бири ҳисобланади. Кечиктирилган даволаш кўп ҳолларда ўлим билан якунланади. Афсуски, ўзбек санъатининг кўплаб вакиллари ҳам мазкур хасталикка чалиниб, ёруғ оламни тарк этган. «Дарё» мухбири Наргизахон Муродова оғир хасталик туфайли вафот этган машҳурлар ҳақида маълумот тўплади.

Римма Аҳмедова 

Фото: Ziyouz.uz

Фото: Ziyouz.uz

Таниқли актриса Римма Аҳмедова мураккаб турдаги тери саратони хасталигига чалинган. Касаллик сабаб 1997 йилнинг май ойидан театр, кино ва дубляж соҳасидаги карьераси бутунлай якунланган. У тўққиз йил давомида оғир дард билан курашиб, 2006 йилнинг 13 ноябрь куни 64 ёшида вафот этган. Унинг турмуш ўртоғи машҳур режиссёр Баҳодир Йўлдошев ҳисобланади. Актрисанинг икки қиз ва бир ўғил фарзанди бор. Ёлғиз ўғли Бобур Йўлдошев ҳозирги кунда машҳур актёрлардан бири.

Тамара Шокирова

Фото: Скриншот

Фото: Скриншот

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тамара Шокирова умрининг сўнгги йилларида кўкрак саратони хасталиги билан оғриган. У жарроҳлик амалиётини ҳам бошидан ўтказган. Афсуски, у хасталикдан буткул қутилолмаган. 2012 йилнинг 22 февраль куни актриса касаллик сабаб оламдан ўтган. Унинг Райҳон ва Насиба исмли қизлари бор. Ҳозирги кунда Райҳон Ғаниева ўзбек эстрадасининг энг машҳур хонандаларидан бири ҳисобланади.

Жамшид Зокиров

Фото: «Mytashkent.uz»

Фото: «Mytashkent.uz»

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Жамшид Зокиров хасталиги сабаб 2012 йилнинг 7 апрель санасида 64 ёшида вафот этган.

— Бир куни шифохонадан қўнғироқ қилишди. «Тезда етиб келинг, Жамшид аканинг аҳволлари оғир», дейишди. Ўша куни Жамшид ака дўстлари билан саунага кетган эди. Шифокорнинг айтишига, у инсульт бўлган ва орқа мия билан йиқилгач, боши ҳам чайқалган. Ёши катта инсонларда иссиқдан қон босими кўтарилади. Назаримда, Жамшид акада ҳам худди шундай бўлган. Оёққа туришлари учун қўлдан келганича ҳаракат қилдик.Бир йил давомида қабулига бормаган шифокорларимиз қолмади. Афсуски, бизда фақат касалликни даволашади, уни келтириб чиқарган омилларни ўрганишмайди. Инсультдан кейин роппа-роса бир йил ўтиб, 3-даражадаги саратон хасталигига чалинганини айтишди. Аслида, саратон ҳужайралари ҳар бир инсонда бор. Фақат улар бирор сабаб билан уйғонади. Назаримда, Жамшид акамнинг умуртқа ва орқа мийя билан йиқилгани унинг ривожланишига сабаб бўлган. Дард билан курашиш осон кечмади. Бундай дардни ҳеч бир кишига раво кўрмайман, — дейди марҳум актёрнинг турмуш ўртоғи, актриса Гавҳар Зокирова.

Зокир Ўрмонов 

«Чархпалак» сериалидаги Хусан образи билан томошабинлар эътиборига тушган актёр Зокир Ўрмонов кутилмаганда келган хасталик сабаб бевақт ҳаётдан кўз юмган.

Фото: Зокир Ўзмонов оила аъзолари архивидан

Фото: Зокир Ўрмонов оила аъзолари архивидан

— Зокир ака бирор марта саломатлигидан шикоят қилган инсон эмасди. 2013 йил бирдан жигарларида оғриқ сезилди. Шифокорлар жигар серрози ташҳисини қўйишди. Даволангач, аҳволлари анча яхшиланди. Аммо қоринлари шишиб, ўзларини ноқулай ҳис қиладиган бўлиб қолди. Семирмаса ҳам қорини катталашганидан кўйлак тугмаларини тақишга қийналарди. 2014 йилнинг февраль ойида жигар серрози билан эмас, саратон билан оғриганини аниқлашди. Бир қарашда ундаги касаллик сезилмасди. Чунки тўй хизматларида фаол, чаққон ва тиниб-тинчимас инсон эди. Афсуски, хасталик барибир ўз кучини кўрсатар экан. У ташҳис қўйилганидан беш ой ўтиб, вафот этди. Ўлимидан аввал озиб кетган бўлса-да, юзи яна-да нурли бўлиб қолганди, — дейди марҳум актёрнинг турмуш ўртоғи Комила Ўрмонова.

Эслатиб ўтамиз, комик актёр Зокир Ўрмонов 43 ёшида бу ёруғ оламни тарк этди.

Азиза Ниёзметова

Фото: Instagram

Фото: Instagram

Хонанда Азиза Ниёзметова 46 ёшида оғир турдаги саратон хасталигидан вафот этган. Дўстларининг фикрига кўра, хонанданинг ўлимига бачадон бўйни саратони хасталиги сабаб бўлган. У ўлимидан икки йил аввал берган интервьюсида 44 ёшда она бўлишга соғлиги сабаб мажбур бўлганини маълум қилганди.— Саломатлигимни тиклаш учун фарзандли бўлишим кераклигини айтишди. Таваккал деб ҳомиладор бўлдим. Аёл фарзандли бўлса, танаси ёшарар экан, — деганди хонанда Азиза Ниёзметова.

Хонанда саратондан шифо топиш илинжида бир муддат Ўзбекистонда, кейин эса Ҳиндистонда даволанган. Афсуски, у 2018 йили 46 ёшида вафот этди.

Гулбаҳор Йўлдошева 

Фото: Instagram

Фото: Instagram

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган актриса Гулбаҳор Йўлдошева ҳам саратон хастилигидан вафот этган. Унга аввалига жигар серрози ташхиси қўйилган. Ундан кейин жигар саратони хасталигига чалинганини аниқлашган.— Ўлимидан аввал актриса билан телефонда гаплашган эдим. Ролга таклиф этсам «Жуда озиб кетганман-да. Мен оғир касалман. Агар съёмкаларда дилингизни оғритган бўлсам мендан рози бўлинг», деганди. Рости ўша пайтда бу гапларни ҳазилга йўйгандим. Афсуски, орадан кўп вақт ўтмай, Гулбаҳор опанинг вафот этганини эшитдим. Энг қизиғи, оғир аҳволда бўлса ҳам «Қўқон шамоли» фильмининг съёмкасида қатнашаётган экан. Касбига фидойи актриса эди, — дейди режиссёр Замира Бегимқулова.

Актриса 2019 йилнинг 12 июнь санасида 61 ёшида оламдан ўтган.

Абдурайим Абдуваҳобов

Ўзбекнинг «Шум бола»си — Абдурайим Абдуваҳобов 2020 йилнинг июль ойида 57 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Унинг ўлимига ҳам саратон сабаб бўлган эди.

Фото: Абдурайим Абдуваҳобов оила аъзолари архивидан

Фото: Абдурайим Абдуваҳобов оила аъзолари архивидан

— Раҳматли турмуш ўртоғимни белдаги кучли оғриқ тез-тез безовта қилиб турарди. Шифокорларга текширтирганимизда умуртқа соҳасидаги хасталик сабаб бел оғриётганини айтишдан. 2018—2020 йилгача фақат бел оғриғи учун даволаниб юрди. Аммо бир-икки кун яхши бўлиб, яна оғриқ кучаяр эди. Шундай сўнг табибларга ҳам кўринди.Кейинчалик уларни кучли йўтал ҳам безовта қиладиган бўлиб қолди. Табиблар берган асалли малҳамлардан ичиб юрдилар, аммо натижа бўлмади. 2020 йилнинг 9 июнь кунидаги МRT текширувида турмуш ўртоғим умуртқа поғонаси билан боғлиқ хасталикка эмас, балки ўпка саратонига чалинганларини билдик. Рости ҳаммамиз шошиб қолдик. Йиғласам «Яхшиман, нега хавотир олаверасан», деб койиб берсалар ҳам ич-ичидан сиқилаётганларини сезардим, — дейди марҳум актёрнинг турмуш ўртоғи Гулнора Абдуваҳобова.

Ҳошим Арслонов

2020 йилнинг 29 май куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, дубляж устаси, таниқли актёр Ҳошим Арслонов 64 ёшида оламдан ўтди.

Фото: Instagram

Фото: Instagram

— Турмуш ўртоғимнинг вафотларидан аввал биргаликда Умра зиёратига боргандик. Кетаётганда кайфиятлари яхши, саломатликлари ҳам жойида эди. У инсон пиёда юришни, соғлом овқатланишни ёқтирарди. «Дубльяжда кун бўйи ўтираман», деб телевидениега пиёда борарди. Чорсу бозорига бориб айланишни, метродан фойдаланишни ёқтирарди.Умра зиёратида бирдан ранглари сарғайиб кетди. Атрофдагилар ҳайрон бўлиб «Сариқ касал бўлиб қолдиларми, кўзларининг оқи ҳам сарғайибди», дейишди. Шифокорларга мурожаат қилсак, Маккада Шайх ҳазратларининг касалхонаси бор экан, ўша ерга олиб кетишди. Текширувлардан сўнг ошқозон ости безида 2,5 сантиметрлик ўсма ҳосил бўлганини ва у сафро йўлини тўсиб қўйганини айтишди. ‘Ўсимта икки ой аввал пайдо бўлган’, деди шифокор.Ўзбекистонга қайтгач, даволандик. Бироз яхши бўлганларидан кейин невара қизимизнинг тўйини ўтказдик. Аммо хасталик барибир ўз кучини кўрсатди, — дейди марҳум актёрнинг турмуш ўртоғи Мавлуда Арслонова.

Шуҳрат Қаюмов

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шуҳрат Қаюмов 2020 йилнинг сентябрь ойида ўпка саратонидан вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бу ҳақида хонанда Моҳира Асадова Facebook’даги саҳифасида ёзиб қолдирганди.

Фото: Instagram

Фото: Instagram

— Бундан икки йилча аввал Шуҳрат Қаюмов билан бир съёмка давомида анча суҳбатлашиб қолганимизда у киши кўп вақтдан бери бетоблиги ва бу бетоблигининг сабаби эса вилоятларнинг бирида ўтказган тўй маросимида очиқ ва сершамол бўлган ерда терлаб туриб, қўшиқ айтгани ва шу тадбирдан сўнг икки томонлама пневмония бўлгани, бу касалликнинг давоми эса саратон касаллигига уланиб кетгани ва бу касалликка даво излаб Москва шаҳрига бориб келгани ҳақида тушкун бир кайфиятда сўзлаб бериб, мени ғамгин қилган эди.

Минг афсуски, бу бедаво дард бугун сафимиздан яна бир дўстимизни олиб кетди... Яхши сухандон, хонанда, самимий ва камтарин инсон Шуҳрат Қаюмов ўз мухлислари қалбида абадий яшайди. Руҳингиз шод, охиратингиз обод бўлсин, дўстим, дийдор қиёматга қолди, — деб ёзганди хонанда Моҳира Асадова.

Бундан ташқари, хонанданинг ўғли Азизуллоҳ Қаюмов «Машҳурлар» телелойиҳасига берган интервьюсида отасининг сўнгги кунларини қуйидагича хотирлаганди.

— Дунёга қайта келсам ҳам бундай отани тополмайман. Чунки соғликларини йўқотиб, мени таний олмаган пайтларида ҳам беш вақт намозни унутганлари йўқ. Аҳволлари оғирлашиб, кўзлари яхши кўрмай қолганида ҳам таҳоратни ўзлари қилардилар. Онам, укам ёки мен таҳорат қилдирайлик десак, рози бўлмасдилар. Ҳатто оёқларини ювиб қўйишимизга ҳам рухсат бермасдилар. Онамга «Сени қийнаб қўймаяпманми?», — деб кўп сўраган эканлар.

Отам биз билан дўстдек гаплашарди. Ёшлигимдан бирор марта сўкинишларини эшитмаганман. У инсон нафақат яхши ота, кези келганда онамданда меҳрибон эдилар. Иситмалаб қолсам ўзларининг тоблари бўлмаса ҳам тепамда турардилар. Ҳар беш дақиқада хабар олиб, интернетдан ўзлари дорилар излардилар. Бетоб бўлиб қолганларида соғайиб кетишларига ишонгандим. Ковид бўлиб қолганда, уйдагиларга юқтирмаслик учун меҳмонхонада яшаб юргандим. Дадам билан овозли хабар орқали гаплашардик. Ҳозир юборган овозларини тинимсиз тинглаб юраман, — дейди хонанданинг ўғли Азизуллоҳ Қаюмов.