«Кунига 1 000 доллар топганда талаш бўлган ота кексайганда ҳеч кимга керак бўлмай қолди» — Бобомурод Ҳамдамовнинг келини

«Кунига 1 000 доллар топганда талаш бўлган ота кексайганда ҳеч кимга керак бўлмай қолди» — Бобомурод Ҳамдамовнинг келини

«Дарё» интернет нашрининг YouTube’даги канали Ўзбекистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов хонадонидан интервью тайёрлади. Оиланинг бир неча йилдан буён келишмовчиликка боришининг сабаби нимада? Бу саволга устоз санъаткорнинг кенжа келини Наргиза Абдуқаюмова қуйидагича жавоб берди.


— Бобомурод Ҳамдамовнинг беш нафар фарзанди бор. Оиланинг бошқа аъзолари бугунги вазиятга нейтрал, кузатувчи сифатида қарашади. Учинчи акамиз опамиз билан бирга уйларнинг хат-ҳужжатини тўғрилаб, сотишга кўмаклашган. Улар оммага чиқиб мен ҳақимда жуда ёмон гапларни гапиришди. Аммо хурсанд бўлганим, яқинда хонадонимга келиб, ҳеч нарса бўлмагандек меҳмон бўлишди. Мол-дунё ва нафс ёмон нарса экан.

Инсонни бир зумда ўзгартириб, жигарларни ҳам бир-бирига қарши қилиб қўяркан. Қайнотам учун уларни кечирдим, турмуш ўртоғимдан ҳам ўтган воқеаларни унутишларини илтимос қилдим. Икки акамиз Туркманистонда яшайди, бу ерга келишга ҳар доим ҳам имконлари бўлмайди. Иккинчи ўғил қайнонам раҳматли билан телефон орқали гаплашиб турарди. Аммо биринчи акамизни шу кунгача бирор марта кўрмаганман.

Гапирган одам ҳамиша ҳақдек туюлади. Улар оммага чиқиб, гапирганда кўпчилик уларни ҳақ деб билганди. Аммо ўша пайтда «Ёлғон гапиришяпти, аслида вазият бундай» деёлмадим. Ўша видео чиқишлар 30-40 тага кўпайиб кетганидан кейин ички ишлар ходимларига мурожаат қилиб, ҳар бир гапни асослаб беришларини сўрадим. Турган гапки, оммага чиқиб айтилган бирорта гапга асос кўрсатишолмади. Туҳмат учун жавобгарликка тортилишди ва маънавий зарар ҳам тўлашди.

Ота-она оёғида юриб, катта даромад топганида ҳаммага керак эди. Кенжа укаси ва унинг оиласини ота-оналарининг остонасига ҳам яқинлаштиришмаган. Ҳеч кимга сир эмас, илгари дадамнинг хизмат ҳақлари ниҳоятда катта бўлган. Бир кунда камида 1 000 АҚШ доллари, ёки 2 000-3 000 АҚШ долларигача маблағ топарди. У пайтда ҳаммага керак бўлган ота, кексайиб, кучдан қолганда уларга керак бўлмай қолди.

Яширмайман, Бобомурод Ҳамдамовнинг ўғли Шамшиддин Ҳамдамов билан танишганимда, биринчи оилам билан ажрашиб, иккита фарзандим билан яшардим. Шу боисдан қайнонам мени келин қилишни истамаганди. 14 йилга қадар қайнонам билан бирга яшамаганмиз. Аммо қайнотам билан муносабатларимиз яхши эди. Ҳамиша гастрол сафарларида турмуш ўртоғим ва қайнотамнинг ёнида бўлардим.

Кейинчалик қайнонам билан муносабтларимиз яхшиланди. Энг қувонганим, турмуш ўртоғимга «Сенинг фарзандинг эмас», дейишган ўғил-қизим бобоси ва бувисининг дуосини олди, оиламизнинг кунига яраяпти, — дейди Бобомурод Ҳамдамовнинг келини Наргиза Абдуқаюмова.