Путин Фаттоҳ Шодиевни орден билан тақдирлади

Путин Фаттоҳ Шодиевни орден билан тақдирлади

Асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган таниқли тадбиркор Фаттоҳ Шодиев Россиянинг «Дўстлик» ордени билан тақдирланди. Тегишли фармон мамлакат президенти Владимир Путин томонидан имзоланди.

Москва Давлат халқаро муносабатлар институти расмий сайтида хабар қилинишича, ERG  (Евросиё гуруҳи) ва IMR (International Mineral Resources) эгаларидан бири, Халқаро Шодиев фондининг асосчиси, «МГИМО» Васийлик кенгаши аъзоси ва Университет Эндаументи асосчиларидан бири, 1976 йилда институтнинг Халқаро ҳуқуқ факультетини тамомлаган Фаттоҳ Қаюмович Шодиев «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.

Қайд этилишича, у маданият ва санъат соҳасидаги улкан хизматлари, кўп йиллик самарали фаолияти учун орден билан тақдирланди.

Фаттоҳ Шодиев 1953 йил 15 апрелда Жиззах вилоятида туғилган, Москва давлат халқаро муносабатлар институтини Халқаро ҳуқуқ ихтисослиги бўйича тамомлаган. Сиёсий фанлар номзоди, Қозоғистон Республикаси Табиий фанлар академияси аъзоси.

Ф.Шодиев «МГИМО»ни тугатганидан сўнг СССРнинг Япониядаги савдо миссияси маслаҳатчиси (1976-1979 йиллар), СССР Савдо вазирлигида совет-япон иқтисодий муносабатлари бўйича етакчи мутахассис (1979-1989) бўлиб ишлаган.

У тоғ-кон саноати, қайта ишлаш, энергетика, логистика ва маркетинг соҳалари бўйича интеграциялашган корхоналарга эга табиий ресурсларни ўзлаштириш бўйича етакчи гуруҳлардан саналувчи ENRC (Eurasian Natural Resources Corporation) ширкати эгаларидан бири.

Ф.Шодиев шунингдек, Болқон ярим ороли, Замбия ва Жанубий Африкада ферроникель, мис ҳамда кобальт қазиб олиш бўйича активларни бирлаштирган IMR (International Mineral Resources) кон металлургия ширкатининг асосчиларидан бири ҳисобланади.