БМТТД Жиззахда давлат хизматлари кўрсатишни такомиллаштиришга кўмаклашади

БМТТД Жиззахда давлат хизматлари кўрсатишни такомиллаштиришга кўмаклашади

Бугун Давлат хизматлари агентлиги, БМТТД ва Европа Иттифоқи томонидан амалга оширилаётган “Давлат хизматлари кўрсатишни такомиллаштириш ва қишлоқ жойларда бошқарув даражасини ошириш” лойиҳаси консультантлари билан Жиззах вилоят ҳокимлигида давра суҳбати ташкил этилди.

Жиззах вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, вилоят иқтисодиёт ва саноат бош бошқармаси вакиллари ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар мутасаддилари билан ўтган учрашувда лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ахборот берилди.

Лойиҳа давомида республикамизнинг Сурхондарё (Сариосиё), Қашқадарё (Деҳқонобод), Жиззах (Бахмал), Сирдарё (Ховос) ва Тошкент вилоятларидаги ДХМлар салоҳиятини ошириш йўналишида қатор ишлар амалга оширилади. 2019-2024 йиллар мобайнида Далват хизматлари соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, давлат хизматлари кўрсатиш жараёнини стандартлаштириш, хизмат кўрсатиш сифатини баҳолаш, архив ҳужжатларини рақамлаштириш, давлат хизматлари тизимида блокчейнни тажриба сифатида қўллаш ва ДХМларни оммалаштириш юзасидан олис қишлоқлар аҳолиси, айниқса аёлларни қўллаб-қувватлаш, инновацион ғоялар, рақамли кўникмалар Марказларини тузиш, ҳамкор ҳудудлар ҳокимликлари учун қўлланмалар яратиш каби қатор йўналишлар қамраб олинади.

 

Учрашувда амалга ошириладиган тадқиқот натижалари, қайси жиҳатларга эътибор қаратиш лозимлиги, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ваколатларини кучайтириш, ҳокимлик ходимлари малакасини ошириш, аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатларини ошириш юзасидан таклифлар асосида тавсиялар ишлаб чиқилади ва бу келгусида миллий қонунчиликда ўз аксини топиши учун мамлакат ҳукуматига топширилади.

Куннинг иккинчи ярмида лойиҳа делегацияси Бахмал туманига ташриф буюрди. Туманда ҳоким ва ўринбосарлар, Халқ депутатлари Бахмал тумани Кенгаши, Бахмал туман иқтисодиёт ва саноат бўлими, туман бандликка кўмаклашиш маркази, молия бўлими, туман давлат солиқ инспекцияси, Бахмал тумани инвестициялар ва ташқи савдо бўлими, ННТ вакиллари ҳамда экспертлар билан учрашув ташкил этилди.

ДХА Жиззах вилояти бошқармаси Ахборот хизмати