Жиззах вилояти ҳокими Сенатга берган ҳисоботида нималарни гапирди?

Жиззах вилояти ҳокими Сенатга берган ҳисоботида нималарни гапирди?

Олий Мажлис Сенатининг саккизинчи ялпи мажлисида Жиззах вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳақидаги ҳисоботи эшитилди.

Унда Олий Мажлис Сенатининг ишчи гуруҳи томонидан вилоятни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни комплекс равишда ўрганиш якунлари ҳам батафсил муҳокама этилди.

Вилоятни ривожлантириш ва бу жараёнда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари салоҳиятидан фойдаланиш борасида муайян ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.

Хусусан, вилоятда 2020 йилнинг январь-июнь ойларида ишлаб чиқарилган ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) ҳажми 6 трлн. 989 млрд. сўмни, ўсиш суръати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 102,0 фоизни ташкил этган.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2019 йил 23 декабрдаги қарорига асосан 2020 йил учун маҳаллий бюджет даромадлар режаси 1 трлн. 51 млрд. сўм этиб белгиланган бўлиб, жорий йилнинг I ярим йиллиги учун белгиланган режа 125 фоизга (436,7 млрд. сўмга) бажарилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30-31 январь кунлари Жиззах вилоятига ташрифи бўйича тасдиқланган дастур доирасида умумий қиймати 3,0 трлн. сўм бўлган 510 та лойиҳа ишга туширилган ва 8 минг 342 та янги иш ўрни яратилган.

2020 йил январь-июнь ойларида 42 та маҳаллийлаштириш лойиҳаси доирасида 235,6 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, белгиланган прогноз кўрсаткичи 2,1 баробарга бажарилган ва 2 мингта янги иш ўрни яратилган.

Жорий йилда экспорт географиясини кенгайтириш мақсадида 5 та давлат, Австрия, Въетнам, Молдова, Монголия, Нидерландияга маҳсулотлар илк маротаба экспорт қилинган.

Бундан ташқари, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича вилоятда 2019 йилда жами 898,8 минг тоннага яқин мева-сабзавот, полиз, картошка, узум маҳсулотлари етиштирилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 1 млн. 114,9 минг тоннадан ошириш ёки ўтган йилга нисбатан 216,2 минг тонна (124%) кўп маҳсулот етиштириш кутилмоқда.

2020 йилнинг ўтган даври мобайнида инвестиция дастури бўйича 137,1 млрд. сўм бюджет маблағлари ҳисобига 63,4 км. ичимлик суви тармоғи, 22 та сув қудуғи ҳамда 17,2 км. оқова сув тармоғи қурилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача 124,6 млрд. сўмлик ишлар бажарилган.

Яна бир жиҳат. Бешта муҳим ташаббусни амалиётга жорий этиш доирасида вилоятда қатор амалий ишлар қилинган. Жумладан, тасдиқланган чора-тадбирлар дастури доирасида жами 1,5 мингга яқин тадбирлар ўтказилиб, уларда 736 мингдан ортиқ ёшлар қамраб олинган.

Мирзачўл туманидаги “Ўзбек-қозоқ”, Ғаллаорол туманидаги “Қўйтош”, Дўстлик туманидаги “Бунёдкор” маданият марказларида таъмирлаш ишлари олиб борилиб, тантанали равишда фойдаланишга топширилган.

Жиззах шаҳрида бир вақтнинг ўзида 10 минг нафардан ортиқ ёшларни сиғдира оладиган “Ўрда” экологик боғи қайта реконструкция қилинган, эски Сангзор кўли ўрнида Марказий Осиёда ягона бўлган “Велотрек” майдонини барпо этиш ва жорий йилнинг якунига қадар ёшлар учун фойдаланишга топшириш ишлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, йиғилиш давомида Олий Мажлис Сенати, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан ҳудуддаги хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳар бўйича қабул қилинган дастурлар (“Йўл харитаси”) ижроси бўйича ҳам ахборот берилди.

Ушбу дастурлар доирасида Касаба уюшмалари Федерацияси маблағлари ҳисобидан 636 нафар хотин-қизларга 1 млрд. 169,9 млн. сўм миқдорида моддий ёрдам берилган.

Бахмал, Ғаллаорол, Янгиобод, Арнасой, Дўстлик, Зафаробод, Зарбдор, Зомин, Фориш туманлари ва Жиззах шаҳрида 198 нафар аёлларга уй-жойларини таъмирлаш учун 1 млрд. 160,3 млн. сўмлик қурилиш материаллар тарқатилган.

Вилоятдаги хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш учун 120 млн. сўмлик маиший техникалар олиб берилган.

Ҳудудда хотин-қизларнинг оилавий шароити, ижтимоий аҳволи, имконияти, қизиқишларини ўрганиш ва “Аёллар дафтари”ни шакллантириш ишлари бошланиб, унга бугунги кунгача 5 минг 696 нафар аёллар киритилган.

“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг 883 нафари ишга жойлаштирилган, 80 нафарига тижорат банклари томонидан 1,8 млрд. сўмлик имтиёзли кредитлар берилган, 741 нафари касб-ҳунарга ўқитилган.

Бундан ташқари, мажлисда вилоятни ривожлантириш борасида ўз ечимини кутиб турган айрим муаммо ва камчиликлар борлиги ҳам қайд этилди.

Жумладан, оқова тизим бўйича вилоятнинг Пахтакор, Дўстлик, Мирзачўл ва Зарбдор туманлари марказларида канализация тизимлари 1970-1980 йилларда қурилган бўлиб, мавжуд иншоотлар ва тармоқлар ўз муддатини ўтаб бўлган ва таъмирталаб аҳволга келиб қолган.

Мажлисда вилоятни ўрганиш якунлари халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2020 йил 10 сентябрдаги сессиясида танқидий муҳокама этилганлиги, унда вилоят даражасидаги муаммоларни ҳал этиш бўйича 75 банддан иборат “Йўл харитаси” тасдиқланганлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, қайд этилган камчиликларни бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар кўриш зарурлиги таъкидланди. Бу борада мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари тингланди ва муҳокама этилди.

Шунингдек, вилоятда ўз ечимини кутиб турган республика даражасидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли қарор қабул қилинди ва уларнинг ижроси юзасидан сенаторлик  назоратини йўлга қўйиш белгиланди.