«UzAuto Motors» ҳамда МҚКҚ: суд, ҳафсаласи пир депутатлар ва умидвор журналист...

«UzAuto Motors» ҳамда МҚКҚ: суд, ҳафсаласи пир депутатлар ва умидвор журналист...

«UzAuto Motors» АЖнинг Монополияга қарши курашиш қўмитаси (МҚКҚ) Махсус комиссияси қарори устидан судга шикоят қилиб, алал-оқибат ютиб чиққани кўпчиликнинг ҳафсаласини пир қилгани бор гап. Ижтимоий тармоқларда суддан «музаффар чиққан» компанияни олқишаётганлар йўқ даражада. Шундан келиб чиқилса, «адолат қарор топди дейиш» кулгили ҳатто.

«UzAuto Motors» АЖ ишлаб чиқараётган шундоқ ҳам қиммат автомобилларнинг нархи яна оширилишига жиддий эътироз билдириб, бу борада Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг қарори чиқишига сабабчи депутатларнинг ҳам кечаги суддан кейин тарвузи қўлтиғидан тушган кўринади.

Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ҳақпарвар депутати Расул Кушербаев қуйидагича муносабат билдирди: «Ўзавтомоторс» ва уни қўллаб-қувватловчиларнинг ҳарак(ж)атлари зое кетмади. Улар шуни исташди, шу бўлди, улар «бўл» деди, бўлди, «бўлма», деса бўлмасди.

Уларга қанча гул, пул, куч, эътибор керак бўлса ҳаммаси муҳайё. Фақат одамларнингишончи ва ҳурматидан ташқари... Аммо улар учун бир чақалик қиймати йўқ ишонч ваҳурматсиз ҳам улар ғолиб, буюк ва тенгсиз бўлиб қолаверишлари мумкин. Чунки улар «эски Ўзбекистон» бўла туриб «янги Ўзбекистон»ни мағлуб эта олдилар.

Хуллас, янги Ўзбекистондаги «эски Ўзбекистон»га «ғалаба» муборак!

Судга эса гап ҳам йўқ

Парламент қуйи палатасининг яна бир жонкуяр депутати Дониёр Ғаниевнинг муносабатида умидсизлик оҳанглари шундоқ билинади: «UzAuto Motors»га оид бугунги суд қарори мамлакатда монополияга қарши кураш, соғлом рақобат муҳитини яратиш борасида айтилаётган барча гаплар, кутилаётган ислоҳотлар илдизига болта урди.

Гарчи бундан анча олдин суд қарори «олиб-сотар» «UzAuto Motors» фойдасига чиқишига оид тахминларни бир неча манбалардан эшитcам-да, лекин ноумид шайтон дея одил судлов қарор топишига охиригача умидвор эдим. Афсус, минг афсус...».

Эътиборлиси, парламентнинг қуйи ва юқори палаталаридаги бошқа кўпсонли халқ вакиллари ҳалигача чурқ этишгани йўқ!

Журналист ва ҳуқуқшунос Олимжон Ўсаров эса анча оптимист. Унга кўра: «...бу ҳаммаси тугади, дегани эмас. Қўмитага хайрихоҳлар бундан жуда ўксинмаса ҳам бўлади. Қўмита ҳали бутунлай ютқазгани йўқ. Биринчи инстанция судида ютқазди, холос. Қўмита суднинг ушбу қароридан норозилигини билдириб, юқори инстанция судига шикоят қилиш ҳуқуқи бор. Зеро, Қўмита бу ҳуқуқидан фойдаланиши ва кейинги инстанция судларида ҳатто ишни ўз фойдасига ҳал қилиши ҳам мумкин...»

Қайдам, қайдам...