Ўзбекистонда хонадаги коронавирусни ўлдирувчи қурилма яратилди

Ўзбекистонда хонадаги коронавирусни ўлдирувчи қурилма яратилди

Ўзбекистонда ҳаво ва нарса-буюмлар юзасидаги инфекциялар, хусусан SARS-CoV-2 вирусини йўқ қилувчи қурилма ихтиро қилинди.

«Биогенетик» илмий ишлаб чиқариш корхонаси директори Олимжон Юсупов «Innoweek.uz – 2020» инновацион ғоялар ҳафталиги доирасидаги кўргазмада ушбу қурилма ҳақида маълумот берди.

Унинг айтишича, қурилма коронавирусни ўлдириш хусусиятига эга бўлиб, бир неча босқичли синовлардан муваффақиятли ўтган.

«Қурилма ўзидан тўйинтирилган электронлар чиқаради. Дастлабки синовларда об-ҳаводаги барча зарарли микробларни йўқ қилди. Уни такомиллаштириб янги моделини яратгач, коронавирусга ҳам синов ўтказиб кўрдик. Натижалар ижобий чиқди. Қурилма ҳаводаги ва нарсалар юзасидаги коронавирусни буткул йўқ қилди.

Мақсадимиз, ҳаводаги вирусни зарарсизлантиргандан сўнг, уни ерга тушириб ювиб ташламоқчи эдик. Шу жараёнда ҳаводаги вирусни қобиққа ола олдик. Микроб парчасини ерга туширдик, кейинги босқичда ниҳоят вирусни ҳавода турган жойида ўлдира олдик.

Бу қурилмага вакцина ёки бошқа бирор дори қўшилмаган. Технологиянинг ўзи вирусларни ўлдириш хусусиятига эга. Стол-стул бўладими, кийим-кечак бўладими, ҳаммасининг сиртидаги вирусни даф қилади», – дейди у.

Олимжон Юсуповинг сўзларига кўра, ускуна 12 волтли токда ишлайди. Ток йўқ пайтда батареядан ҳам фойдаланиш мумкин.

«Қурилмамиз турли синовлардан самарали ўтди. Хусусан, клиник синовлар ҳам ниҳоясига етди. Натижа жуда яхши.

Бунинг нархи арзон бўлади, чунки ускуна ўзимизда ишлаб чиқарилади ва унинг таркибий қисмлари ҳам ўзимизники.

Олимжон Юсупов

Қурилмани автомобиллар учун ҳам ишлаб чиқдик. Тез тиббий ёрдамда фойдаланилаётган «Damas» ва «Honda»да синалди. Яхши натижа берди. 12 волт машина учун муаммо эмас», – деди Юсупов.

«Биогенетик» корхонаси директорига кўра, янги технология хона ўлчами ва одамлар сонига қараб турли катталикларда ишлаб чиқарилади. Масалан, катта ҳажмдаги қурилмалар операция хоналари, клиника, кафе каби одам кўп келиб-кетадиган жойларга мўлжалланган. Кичик қурилма эса 50–100 квадрат метрли хонани 5 дақиқа ичида вируслардан тозалай олади.

«InnoWeek.uz – 2020» ҳафталигининг илк кунида мазкур қурилмани ишлаб чиқариш бўйича «Генотехнология» компанияси билан ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Маълум қилинишича, яқинда қурилмани ишлаб чиқариш ишлари бошлаб юборилади.

Бу йилги инновацион ғоялар ҳафталиги онлайн тарзда, 3–8 ноябрь кунлари ўтказилмоқда. Халқаро тадбирни ташкил этишда махсус платформа яратилган бўлиб, унда дунёнинг 50дан ортиқ мамлакатидан 2000 нафар иштирокчи турли ғоя ва ишланмалари билан қатнашяпти.