Ўзбекистон олимларининг «яшил» технологиялар соҳасидаги лойиҳалари халқаро ташкилотларга тақдим этилди

Ўзбекистон олимларининг «яшил» технологиялар соҳасидаги лойиҳалари халқаро ташкилотларга тақдим этилди

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник ахборот марказида юртимиз олимлари томонидан ишлаб чиқилган инновацион «яшил» технологияларни жорий этишга қаратилган лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Тадбирда Яшил иқлим жамғармаси, Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистондаги Ислом ривожланиш банки, Ўзбекистондаги Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси, Америка Қўшма Штатларининг халқаро ривожланиш агентлиги, ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастурининг вакиллари онлайн иштирок этдилар.

Шунингдек, лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги вакиллари қатнашдилар.

Ташқи беғараз кўмак маблағлари, жумладан грантларни фаол жалб этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан мамлакат иқтисодиётининг реал секторига республика олимларининг «яшил» технологияларини жорий этиш дастури ишлаб чиқилган бўлиб, мазкур дастурнинг асосий мақсади – иқтисодиётнинг реал сектори ва илм-фан соҳасининг интеграциясини таъминлашга қаратилган.

У бир нечта йўналишлардан иборат. Хусусан, Марказий Осиё ҳудудининг долзарб экологик муаммоларини ҳал этишга қаратилган илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш шулар жумласидандир. Бунда муқобил энергетика соҳасида илғор технологиялар ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш алоҳида ўрин тутади. Шунингдек, йирик ишлаб чиқариш корхоналари чиқиндиларини камайтириш юзасидан безарар технологияларни яратиш ва уларни амалиётга татбиқ қилиш ҳам дастурнинг устувор йўналишларидан саналади.

Булардан ташқари, олимлар томонидан уй-жой коммунал хизмат соҳасининг энергия манбаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга йўналтирилган технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича 12 та йирик лойиҳалар намойиш этилди. Мазкур лойиҳалар соҳага алоқадор илмий-тадқиқот муассасаларининг бевосита иштирокида мамлакатимиз ичида ва шунингдек, яқин истиқболда Марказий Осиё ҳудуди миқёсида амалга оширишга қаратилган. Лойиҳаларни амалга ошириш учун халқаро жамғармалар ва хорижий банкларнинг грант маблағларини жалб этиш режалаштирилган.

Ўзбекистон олимлари томонидан ишлаб чиқилган инновацион «яшил» технологияларни жорий этиш бўйича тайёрланган тақдимотлари хорижий ташкилотлар ва банкларда катта қизиқиш уйғотди. Йиғилиш қатнашчилари тақдимотларни ва келгуси ишларни мунтазам равишда давом этиш илм-фаннинг иқтисодиётнинг реал секторига интеграциясини таъминлашини эътироф этишди.