Шерзод Қудратхўжаев фамилиясини ўзгартирди

Шерзод Қудратхўжаев фамилиясини ўзгартирди

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, Халқаро пресс клуб раиси Шерзод Қудратхўжаев ўз фамилиясидаги –ев қўшимчасидан воз кечди. У «Ўзбекистон 24» радиоканали эфирида бу ҳақида изоҳ берар экан, энди ўзлигини топганини ва бундан буён унинг шарифи Қудратхўжа деб юритилиши маълум қилди.

– Мен ҳозиргина Давлат хизматлари агентлигида ўз ҳуқуқимдан фойдаланиб шуни расмийлаштирдим, – деди Шерзод Қудратхўжа. – Биз ўзлигимизни англамас эканмиз, миллий ғурурни ҳис қилмас эканмиз, ҳеч қачон ривожланмаймиз.


ФАМИЛИЯЛАР ТАРИХИ...

Ўзбекистондаги фамилиялар борасида Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ориф Толибнинг саҳифасида берилган мақолада қайд этилишича, Собиқ Иттифоққача Ўрта Осиё халқлари, жумладан, ўзбеклар фамилиядан деярли фойдаланмаган. Фамилия тушунчаси Чор Россияси ҳукмронлигида кириб келган.

Ўрхун-Энасой ёдгорликларида Култегин, Билга хоқон, Тунюқуқ каби исмларга, «Девону луғатит турк»да эса Алп Эр Тўнга исмига дуч келамиз. Демак, бу пайтларда номлар қисқа ва лўнда, отларга қўшиладиган қўшимча сўзлар эса сифат, унвон ва нисбалардан иборат бўлган. Алп Эр Тўнга «йўлбарс каби кучли баҳодир» деган маънони билдиради.

VIII асрдан бошлаб исмларни арабча ифодалаш урфга кирган. Масалан, буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг тўлиқ, кенгайтма исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн ал-Мағийра ибн Бардазбеҳ ал-Жуафий ал-Бухорийдир. Исмларни бу тарзда бериш кишининг нафақат отаси ёки бобоси, балки бир неча авлод бобокалонларини ҳам келтириш имконини беради. Оғзаки тилда эса қисқа шакл ишлатилаверади: Аҳмад Фарғоний, Мусо Хоразмий, Аҳмад Яссавий.

Аёлларнинг тўлиқ исмида ибн ўрнига бинту, бинти, бинт сўзлари ишлатилган.

Абу фалончининг отаси маъноси англатган. Абу Али – Алининг отаси. Бу сўз баъзида оталикни кўрсатиш учун эмас, қўшимча таъриф-тавсиф бериш учун қўлланган.

Киши исмларига нисба сифатида у туғилган, яшаган, мансуб бўлган жой номларидан ташқари, касб-корни билдирувчи сўзлар, лақаб ва унвонлар ҳам қўшилган.

Адиблар эса ўзларига олган тахаллуслар билан аталган: Алишер Навоий, Лутфий, Муҳаммадризо Огаҳий, Махтумқули Фироғий, Муҳаммад Аминхўжа Муқимий ва ҳоказо.

XIX аср охири – XX аср бошларида Чор Россияси таъсирида ҳозирги тушунчадаги фамилиялар истеъмолга кирди. Ота исмларига -ов, -ев қўшимчаларини қўшиш бошланди. Бу пайтда -ий қўшимчали фамилиялар ҳам кўп қўлланган: Абдулла Қодирий, Саид Аҳрорий, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий. Фамилиялар баъзида -зода сўзи билан тугаган: Муҳаммадшариф Сўфизода.

Бу даврдаги манбаларда ота исмидан сўнг ўғли сўзи ҳам ишлатилганини кўриш мумкин.

Бугун биз фамилияларимизда ишлатадиган -ов, -ев русчадан кирган. Тўғрироғи, киритилган.

Фамилия лотинча "familia" сўзидан, аслиятда қуллар, тобелар; хонадон; меросий ном; авлод, оила каби маъноларни англатади. Қадимги Римда бу сўз бир хўжайинга тегишли қулларни, кейинчалик хўжайиннинг оиласи ва қулларини, вақтлар ўтиб эса бир оила бошлиғи, унинг қондошлари ва яқинларидан иборат жамоани билдирган.

Бугунги тушунчадаги фамилия X-XI асрларда Шимолий Италиянинг иқтисодий ривожланган вилоятларида пайдо бўлган. Кейинчалик Европанинг бошқа мамлакатларида ҳам фамилиялар урфга кирган.

Россияда ҳатто XIX асрда ҳам крепостной деҳқонлар хўжайинларининг фамилиясини олган. Шу асрга келибгина рус тилида фамилия ҳозирги мазмунни – «насл-насабни ифодаловчи оилавий ном» маъносини ифодалай бошлаган. 1897 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, мамлакат аҳолисининг 75 фоизга яқинида фамилия бўлмаган.

Фамилия Собиқ Иттифоқда XX асрнинг 30 йилларида паспортлаштириш туфайли оммалашди. Бироқ бошқа миллат вакилларининг фамилиялари ҳам русча қўшимчалар орқали ясалди. Бу кечмишни бошдан кечирган ўзбек исмлари бошқа кўргиликларга ҳам рўпара келди: исмлар русча талаффузга мос равишда ўзгартириб ёзилди. Ходжаев, Ахмедов, Мухамедов, Иргашев, Иминов, Гиясов, Алимджан, Сагдулла, Бурхан, Мамасидигали ва ҳоказо.

-ов, -ев қўшимчали сўз рус тилида сифат кўринишида кимники, кимларники, кимга ёки кимларга тегишли сўроқларига жавоб беради. Иванов – Ивановлар оиласига тегишли одам демакдир.

РУСЧАДА...-ин/-ын, -ский/-ский қўшимчалари билан ҳам фамилиялар ҳосил қилинади. -ов қаттиқ ундошлар билан, -ев, -ёв юмшоқ ундошлар билан, -ин эса -а, -я билан тугаган исмларга қўшилади.

Аёлларнинг фамилияларига юқоридаги қўшимчалардан сўнг -а, -я, -ая қўшилади.

Маълумотларга кўра, рус фамилияларининг 60-70 фоизи -ов, -ев га, 30 фоизга яқини -ин га тугайди. -ский/-ский қўшимчали фамилиялар нисбатан кам.

Мустақилликдан сўнг баъзи мамлакатларда, жумладан, Озарбайжон ва Тожикистонда русча қўшимчалардан воз кечилди. Маълумотларга кўра, 2017 йили 33 мингдан ортиқ қирғизистонлик фамилияларидаги -ов ва -евни -уулу/-кызы ёки тегинга ўзгартирган. Ўзбек тили эса фақат ота исмларидаги -вич, -овнадан қутула олди, улар ўрнига ўғли, қизи сўзлари ишлатила бошлади. Лекин ҳозир ҳам "Фалончи Пистончиевич" шакли урфда, айниқса, катта-кичик амалдорларга мурожаатда, дея хулоса берган Ориф Толиб ўз мақоласида.