Instagram янада енгиллашди — атиги 2 мегабайт

Instagram янада енгиллашди — атиги 2 мегабайт

Энг оммалашган ижтимоий тармоқлар кучсиз смартфонлар ҳамда интернет тарифлари бирмунча қиммат ривожланаётган бозорлар учун енгиллаштирилган иловаларини ишлаб чиқишган. Масалан, Facebook LiteMessenger Lite ва Twitter Lite — оддий телефонлар учун ажойиб ечимлар, чунки кам жой эгаллаб, интернетни ҳам камроқ «ейди».

«Facebook» компанияси юқоридаги енгил иловалар сафини андроид-смартфонларга мўлжалланган Instagram Lite иловаси билан тўлдирди. Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг май ойида Instagram сервисининг енгиллаштирилган иловаси Google Play дўконида йўқолиб қолганди. Кейин маълум қилинишича, компания дастурчилари шу пайтгача тўплаган маълумотлари асосида Instagram Lite иловасини янада енгиллатиш устида изланишаётган экан.

Мана натижаси, янги Instagram Lite — атиги 2 МБ, асосий иловадаги Reels, Shopping ва IGTV каби функциялар бунда йўқ, янада тезроқ ишлаши учун шундай қилишган.

Ҳозирча Instagram Lite фақат Ҳиндистон учун тақдим этиляпти: бир нечта маҳаллий тиллар — бенгал, гужарат, ҳинд, каннада, малаялам, маратҳи, панжоб, тамил, телугу кабилар татбиқ этилган.

Ҳиндистон аксарият технологиялар компаниялари учун «полигон» экани ҳеч кимга сир эмас: улкан мамлакат, миллионлаб бой ва камбағаллар, ранг-баранг менталитетлар. Ҳиндистонда янги иловани ҳозиргача 5 миллион марта кўчириб олишган.

«Facebook» компанияси ҳадемай шу митти ва тезкор иловаси бошқа мамлакатлар учун ҳам очилишини маълум қилган.