Ш.Рашидов туман давлат солиқ инспекцияси янги бинода иш бошлади

Ш.Рашидов туман давлат солиқ инспекцияси янги бинода иш бошлади

Шароф Рашидов тумани аҳолиси учун яна бир қулайлик яратилди. Туман давлат солиқ инспекцияси туман марказида, янги бинода фаолият бошлади. Бугун мазкур иншоотнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда туман ҳокими М.Холбўтаев ва вилоят ДСБ бошлиғи Б.Ташпулатовлар сўзга чиқиб, туман ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги муҳим воқеа билан йиғилганларни қутлашди.

Шундан сўнг туман фаоллари, оқсоқоллар иштирокида рамзий тасма қирқилиб, бинода солиқ тўловчилар ва тадбиркорлар учун яратилган шарт-шароитлар кўздан кечирилди. Шинам, қулай, ёруғ ва замонавий хоналар, сўнгги русумдаги ахборот технологиялари ташриф буюрганларга сифатли ва тезкор  хизмат кўрсатилишини таъминлайди.

ДСИ биноси “Мега темир-бетон” МЧЖ қурувчилари томонидан бунёд этилди. Инспекция замонавий офис мебеллари билан жиҳозланди, солиқ хизмати ходимлари хизмат формаси билан таъминланди.

- Бинони қуриш ва жиҳозлашда “Солиқ идораси – тадбиркорга кўмакчи” тамойили ҳар қадамда акс этиб туришига ҳаракат қилинди, - дейди ДСИ бошлиғи Зиёдулла Худойқулов. – Мақсадимиз – солиқ тўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш ҳамда ўз мажбуриятларимизни ўз муддатида бажариш.

Маълумот учун. Шароф Рашидов тумани ДСИ томонидан 23 декабрь ҳолатига, бюджет прогнозининг йиллик кўрсаткичи 115.7 млн. сўмга ёки 109 фоизга бажарилди. Туман ДСИ фаолиятини рағбатлантириш мақсадида давлат солиқ қўмитаси томонидан хизмат автомобили топширилган.

Жиззах вилояти ДСБ ахборот хизмати