Telegram-канал эгалари фаолиятини қонунийлаштириш имконияти пайдо бўлди

Telegram-канал эгалари фаолиятини қонунийлаштириш имконияти пайдо бўлди

Интернетда канал очиб реклама жойлаштириш орқали пул топадиган ёки тижорий фаолиятга яқин бўлмаган усуллар билан даромад олиш орқали ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг қонуний ишлаши учун имконият яратилган. Бунда йилига 223 000 сўм миқдорида солиқ тўлаш лозим бўлади.

Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Шуҳрат Исмоилов АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида интернет каналлари орқали ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг қонуний фаолият юритиши учун яратилган имконият хақида маълумот берди.

«Бизда интернет орқали тадбиркорликка кўмаклашиш ёки бўлмаса фрилансер фаолият турлари бор. Агарда фрилансер интернет орқали савдо фаолиятидан ташқари бошқа бирор-бир тижорий хизматларни амалга оширадиган бўлса, у учун 67 та фаолият тури белгилаб қўйилган.

Ўша фаолият турларини танлаган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи яъни 111 минг 500 сўм миқдорида ижтимоий солиқни тўлаши мумкин. Бу тўлов миқдори 2020 йил учун белгиланган.

2021 йилдан бошлаб эса БҲМнинг 1 баравари миқдорида тўланиши солиқ сиёсати концепциясида белгиланган ва бу яқин кунларда қабул қилинади», —деди у.

Маълумот учун, ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатида қуйидаги касб эгалари ҳам ижтимоий солиқ тўлаш орқали (йилига 223 минг сўм) ўз фаолиятини эркин ва очиқ олиб бориши мумкинлиги, шунингдек пенсия ва стаж ҳисобланиши таъкидланган.

  • Матнни яратиш ва ишлов бериш (копирайтер, рерайтер, SЕО-копирайтер, SЕО-рерайтер, мусаҳҳиҳ, контент-менежер, муҳаррир, е-mail орқали хатларни жўнатиш бўйича мутахассис, спичрайтер, транскрибер ва бошқалар.
  • Мулътимедиа, дизайн ва санъат материалларини яратиш ва ишлов бериш (веб-дизайнер, графика дизайнери, компьютер ўйинлари дизайнери, интерьер дизайнери, ландшафт дизайнери, либослар дизайнери, ретушер, фотоколлажчи, вектор графикаси муҳаррири, архитектор, визуаллаштирувчи дизайнер, маълумот дизайнери, интерфейс дизайнери, техник дизайнер, моушн-дизайнер, баннер ясовчи, нашриёт дизайнери, флешер, 3D-дизайнер, видео муҳаррир, видеооператор, бастакор, овоз режиссёри, аранжировкачи, сухандон, фото муҳаррир ва бошқалар).
  • Дастурий таъминот, ахборот тизимлари, мобил иловалар ва веб-сайтларни ишлаб чиқиш ва техник қўллаб-қувватлаш (дастурчи, дастурий таъминотни синовчи мутахассис, веб-саҳифаларни саҳифаловчи, веб-таҳлилчи, веб-сайтларни оптимизациялаш бўйича мутахассис).
  • Таржима қилиш хизматлари (бадиий адабиётни таржима қилиш, техник таржима, веб-сайтлар, фильмлар, компьютер ва мобил иловалар, тақдимотлар, видео, аудио ва рекламалар таржимаси).
  • Ижтимоий тармоқлардаги фаолият (PR-менеджер, интернет-маркетолог, ижтимоий тармоқларда товарлар (ишлар, хизматлар) уни илгари суриш ва реклама қилиш (SMM), ижтимоий тармоқ саҳифалари администратори, аккаунт-менежер, маркетолог, линк-менежер, таргетолог, контекст-реклама бўйича мутахассис, директолог, медиа режалаштирувчи, SMO мутахассиси).

Қўмита раиси ўринбосари Фазлиддин Умаровнинг айтишича, солиқларни мунтазам тўлаб борган фрилансерларга бир қатор имтиёзлар берилади. 

«Биринчидан, бу бугунги кунда ўзини ўзи банд қилиб юрганларни қонуний ишлаши учун шароитдир.

Иккинчидан, мобил илова орқали текин рўйхатдан ўтганидан кейин уларга «стаж» кетиш имконияти пайдо бўлди.

Учинчидан, ўзи ихтиёрий равишда пенсия жамғармасига тўловни амалга оширса, нафақага чиқишида албатта инобатга олиш механизми жорий қилинди.

Агар рўйхатдан ўтмасдан йиллар давомида ўзини ўзи банд қилган ҳолда тирикчилигини қилиб юрсаю ҳеч қаерда рўйхатга олинмаса, биламизки, пенсия ёшига борганда пенсияга чиқиш имконияти бўлмайди.

Улар қарилик нафақасини олади. Яъни бугун эркак киши учун 60 ёш пенсия нафақаси учун белгиланган бўлса, 65 ёшда ҳам улар бюджетдан ҳеч қанақа пул ола олмайди.

Ўзини ўзи банд қилган фуқаро 60 ёшда нафақага чиқишни хоҳласа, рўйхатдан ўтиб ихтиёрий равишда йилда бир маротаба солиқ тўловини амалга ошириши керак бўлади. Ва бу автомат равишда базада қолади ва нафақага чиқишда ҳеч қанақа ортиқча ҳужжат талаб қилинмасдан туриб фақат базани ўзи ҳисоб-китоб қилиб беради», — деди қўмита расмийси.