ППХ ходимлари иштирокидаги «кўча жанги» юзасидан расмий маълумот берилди

ППХ ходимлари иштирокидаги «кўча жанги» юзасидан расмий маълумот берилди

Ижтимоий тармоқларда Чилонзор туманида ППХ ходимларининг кўчада фуқаролар билан муштлашгани тасвирланган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан расмий маълумот берилди.

Қайд этилишича, 2020 йилнинг 31 декабрь кунидан 2021 йилнинг 1 январь кунига ўтар кечаси соат 04:00 ларда, Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Муқумий кўчасида «Матиз» русумли автомобиль ҳайдовчиси ЙПХ ходимининг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан ҳаракатланган.

«Чилонзор тумани, Қатортол кўчасида ҳайдовчи бошқарувни йўқотган ва автомобиль бетон тўсиқ устига чиқиб тўхтаган. Автомашинада бўлган 4 нафар фуқаро ҳодиса жойига етиб келган ИИББ ЙПХ ва ППХ ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан ўткир тиғли жисмлар билан қаршилик кўрсатган.

Фуқаролардан бир нафари ушланиб туман ИИБга олиб келинган. Қолган 3 нафар фуқаро ҳодиса жойидан яширинган.

Ҳозирда барча фуқаролар шахсига аниқлик киритилиб, ҳодиса юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди тартибида жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.