«Чет эл букмекерлик идоралари Ўзбекистонда расмий фаолиятга рухсат берилишини кутмоқда»

«Чет эл букмекерлик идоралари Ўзбекистонда расмий фаолиятга рухсат берилишини кутмоқда»

Ўзбекистон ҳудудида 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб бумекерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсат этилиши тўғрисида Президент фармони эълон қилинганди.

Login Cаsino портали Париматч компаниясининг МДҲ мамлакатлари бўйича ижрочи директори Дмитрий Сергеев билан Ўзбекистондаги букмекерлик бозори ҳақида суҳбат қурди, дея хабар қилмоқда Spot"га таяниб Дарё нашри.

«Ҳозирча ўзбек бозорига кириш тўғрисида режа тузиш қийин масала. Пандемия сабаб Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятини расмийлаштириш номаълум муддатга ортга сурилди. Қонунчилик билан боғлиқ масалалар, айрим ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқалар ҳал бўлган тақдирда, энг эрта ҳолатда 2021 йилнинг июнидан фаолият бошланиши мумкин.

Ўзбекистонда букмекерлик идоралари, онлайн-казино ва бошқа шунга ўхшаш хизматлар узоқ вақт тақиқ остида турди. Бу ҳолатнинг қайта кўриб чиқилиши резонансга айланди.

Букмекерлик фаолиятига рухсат берадиган лицензия Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан тақдим этилади. Бундан ташқари барча онлайн мижозларнинг кирим ва чиқимлари назорат қиладиган марказ ташкил қилинади. Ҳозир шундай ҳолат Қозоғистонда бўлмоқда, 4 январдан у ерда шунга ўхшаш марказ фаолиятини бошлади.

Умумий ҳолатни инобатга олиб гапирсам, Ўзбекистонни ривожланиш учун жуда истиқболли бозор деса бўлади. Бунга сабаб аввало аҳоли сонининг кўплиги — деярли 33 миллион киши. Бироқ ўзбек бозорида 2021 йилда букмекерлик идоралари актив тарзда пайдо бўлади деб айтиб бўлмайди. Улар катта эҳтимол билан аввалига вазиятни кузатади.

Ўзбекистонда букмекерлик идораларининг расмий фаолияти борасида гапиришга ҳали эрта. Аслида ҳукумат 2021 йилнинг 1 январидан букмекерлик лицензияларини бериши керак. Бироқ бу қандай шартлар асосида амалга оширилиши ҳали номаълум.

Шунингдек, букмекерлар қандай ва қанча солиқ тўлаши ҳам номаълум. Сабрли бўлиш ва илк янгиликлар чиқишини кутиб ўтириш керак бўлади.

Ўзбекистон бозори МДҲдаги кўплаб букмекерлик компанияларида қизиқиш уйғотмоқда. Бироқ бозорга кириш катта эҳтимол билан улкан имконият ва техник тайёргарликка эга «катта ўйинчилар»да амалга ошади. Яъни, бозорнинг катта қисмини йирик компаниялар эгаллаб олади ва қолганларга улар билан рақобат қилиш қийинчилик туғдиради.

Букмекерлар спорт жамоалари ва атлетларга ҳомийлик қилади. Нафақат, футбол клублари, балки, маҳаллий ва халқаро чемпионатларга ҳомийлик қилиш мумкин бўлади. Шу сабаб букмекерлик бозори мамлакат спорт ривожига катта туртки бўлади. Менимча бу катта муаммолардан бири бўлган ҳомийлик пулларининг етишмаслигини бартараф этишга ёрдам беради.

Масалан Ўзбекистонда футбол, бокс, хоккей спорт турлари машҳур — букмекерлар пулларига эса чемпионатлар ўтказиш, клублар ташкил қилиш, жамоаларни йиғинга юбориш ва бошқаларни амалга ошириш мумкин.

Шу билан бирга 2020 йилда мамлакатда онлайн букмекерлик бозори сояда ишлашни давом эттирмоқда ва тахминан 80 миллион доллар даромадга эга. Агар букмекерлик фаолиятига расман рухсат этиладиган бўлса, кейинги уч йилда бозор беш баробарга ўсиши мумкин
», — дейди Дмитрий Сергеев.


Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг 2019 йилнинг декабридаги «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан, 2021 йил 1 январдан букмекерлик фаолиятига рухсат берилади.