«Сирли мижоз» – давлат хизматларини ривожлантиришга хизмат қилади

«Сирли мижоз» – давлат хизматларини ривожлантиришга хизмат қилади

Давлат хизматлари кўрсатиш жараёнини ўрганиш, таҳлил қилиш, соҳадаги муаммоларни аниқлаб, уларни бартараф этиш Агентликнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

 

Бу борада «сирли мижоз» институтининг роли ва аҳамияти беқиёс ҳисобланади. Ушбу институт Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 25 февралдаги ПҚ–4210-сон «Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан жорий этилган.

 

«Сирли мижоз» институти давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатишда қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши, шунингдек хизмат кўрсатувчи ходимларнинг профессионаллиги ва тезкорлиги, уларнинг хизмат кўрсатиш жараёнида аҳоли билан муомала қилиш маданиятини баҳолаш имкониятини беради.

 

Мазкур тадбир Давлат хизматлари агентлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

 

«Сирли мижоз» тадбирларини ўтказишдан кўзланган мақсад ваколатли идораларнинг камчиликларини аниқлаб, масъул ходимларни жазолаш эмас, аксинча мамлакатимизнинг халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнини яхшилаш, давлат хизматларининг тезкорлиги, шаффофлиги, қулайлиги ва сифатини ошириш, шунингдек бюрократия, сансалорлик ва бошқа тўсиқларга йўл қўймасликни таъминлашдан иборатдир.

 

Қарорда белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида, Агентлик томонидан 2020 йил давомида бир қатор «сирли мижоз» тадбирлари ўтказилди.

 

Хусусан, йил давомида Қурилиш вазирлиги, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, «Ўзстандарт» агентлиги, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, «Ўзсувтаъминот» АЖ, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ тизимида «сирли мижоз» тадбирлари ўтказилди.

 

Тадбирлар давомида бир қатор вазирлик ва идоралар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш жараёнида кўплаб қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги аниқланди.

 

Қонун бузилиши ҳолатларининг аксариятини «ягона дарча» тамойилига зид равишда тўғридан-тўғри хизмат кўрсатиш, ортиқча ҳужжат талаб қилиш, мурожаатларни асоссиз равишда рад этиш ва муддат бузилишларни ташкил этади.

 

Коммунал соҳада

 

Мисол учун, Сирдарё вилоятида ўтказилган тадбир давомида Боёвут тумани электр корхонаси масъул ходими томонидан «сирли мижоз» сифатида мурожаат қилган фуқарога турар-жой учун электр энергияси ҳисоблагичини ўз ҳисобидан харид қилиши лозимлиги маълум қилинган.

 

Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарори билан тасдиқланган Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларининг 52-бандида маиший истеъмолчилар ва тадбиркорлик субъектларидаги электр энергияси ҳисоблагичини сотиб олиш электр корхонаси ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.

 

Маҳсулотларни сертификатлаштириш соҳасида

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 6 июлдаги 318-сон қарори тасдиқланган Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 22-бандига кўра, сертификатлаштириш органи ариза берилган кундан бошлаб икки кун муддатда жойига бориб сертификация синовларини ўтказиш учун маҳсулот намуналарини танлаб олиши ва идентификация қилиш лозимлиги белгиланган.

 

Ушбу соҳада ўтказилган мониторинг давомида Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъекти томонидан 2020 йил 23 июнда полиэтилен труба маҳсулоти учун сертификат олиш мақсадида singlewindow.uz расмий веб-саҳифаси орқали сертификатлаштириш органига ариза берилган.

 

Бироқ, “UzTest” ДУКнинг Бекобод филиали масъул ходими томонидан 2020 йил 29 июнда – 6 кундан сўнг белгиланган муддатдан кечиктирилиб, маҳсулот намуналари жойига чиққан ҳолда танлаб олинган.

 

Юқорида қайд этилган қонун бузилиши ҳолатларини мазкур идоралар фаолиятида тизимли равишда кузатиш мумкин.

 

Ўтказилган тадбирлар натижасида айрим давлат хизматлари кўрсатуви вазирлик ва идоралар масъул ходимларининг бепарволиги, масъулиятсизлиги ва сусткашлиги натижасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларига ўз вақтида ва белгиланган тартибда жавоб берилмаслиги кузатилди.

 

Бу каби салбий ҳолатлар, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига сифатсиз хизмат кўрсатилишига ва оқибатда Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрни тушиб кетишига сабаб бўлмоқда.

 

Улуғбек МАҲМУДОВ,

Давлат хизматлари агентлиги бошқарма бошлиғи