Андижондаги марказий ичимлик суви қувурининг ёрилиши сабаби айтилди

Андижондаги марказий ичимлик суви қувурининг ёрилиши сабаби айтилди

2021 йил 9 январ куни Андижон шаҳрини ичимлик суви билан таъминловчи, диаметри 1400 мм. бўлган «Хонобод-Андижон» марказий ичимлик суви қувурининг сув тақсимлаш зулфини (задвижка) об-ҳавонинг кескин совиб кетиши натижасида ёрилиб, фавқулодда носозлик юзага келган. Бу ҳақда «Ўзсувтаъминот» АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу ҳолат туфайли Андижон шаҳри, Олтинкўл ва Андижон туманининг 20 дан ортиқ маҳаллаларида сув таъминоти вақтинча тўхтатилган.

Қайд этилишича, ҳолатни бартараф этиш мақсадида Андижон вилояти ҳокимлиги, «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти ва «Андижон сув таъминоти» МЧЖ томонидан тезкор чора-тадбирлар белгиланиб, махсус штаб ташкил қилинган.

Бундан ташқари, Андижон вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Ички ишлар бошқармаси, «Электр тармоқлари корхонаси», «Ҳудудгазтаъминот», Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси, Автомобил йўллари бошқармаси, тиббиёт ва бошқа ташкилотларнинг 120 нафар ходими ҳамда 15 та махсус техника жалб этилган.

Андижон шаҳри ва тумани аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида Жалақудуқ туманида жойлашган «Пахтакор» ерости сув олиш иншооти орқали Андижон шаҳрида яшовчи аҳолининг 35 фоизи ичимлик суви билан таъминланмоқда.

Шунингдек, қўшимча равишда 60 дона махсус сув ташиш транспорт воситалари ва 150 нафар ишчи-ходим жалб этилиб, Андижон шаҳар ва туманининг сув таъминоти мавжуд бўлмаган ҳудудларидаги аҳолига ичимлик суви етказиб берилаётгани таъкидланади.

Юзага келган фавқулоддаги носозлик 11 январ куни тўлиқ бартараф этилиб, аҳолининг ичимлик суви таъминоти 12 январ куни йўлга қўйилади, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 11 январ куни Наманган шаҳридаги ичимлик суви таъминотида ҳам носозлик юзага келган.