Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланганларга юз доллар бериляптими?

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланганларга юз доллар бериляптими?

Айни пайтда Ўзбекистонда Хитойда ишлаб чиқарилган вакцинанинг синов жараёнлари ўтказилмоқда. Хозиргача 15 минг нафарга яқин одамда текширувлар олиб борилган, улардан 5 минг нафардан ортиғи эмлаш жараёнида иштирок этмоқда. Синов жараёнларида кўнгилли равишда қатнашган фуқароларга 100 АҚШ доллари миқдорида пул бериляпти.

Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда ЮНИСЕФ томонидан Тошкент шаҳрида журналистлар учун ташкил этилган тренингда маълум қилинди. 

Тадбирни ЮНИСЕФнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Цици Сингизи очиб берди. У дунёда ҳукм сураётган коронавирус пандемияси даврида журналистларнинг ахборот тарқатиш ва маълумотларни аҳолига етказишдаги ҳиссасига тўхталди. Айни вақтда ОАВ вакилларини тиббиётчилар билан ковидга қарши курашда фаол бўлишга, шу ўринда ҳаққоний ва фейк маълумотларни ажратиш, улардан тўғри фойдаланишга чақирди.

Тошкент вилояти СЭС мутахассиси Насиба Тоирова ўз тақдимотида коронавирус вакцинаси ҳақидаги афсона ва ҳақиқатларга изоҳ бериб ўтди.

Тренерлар Наргис Қосимова ва Анора Содиқова ҳам иштирокчиларга муҳим ахборотлар билан ишлаш, асл манбага таяниш мавзуларида тақдимот ўтказди.

Ўзбекистонда қанча аҳоли коронавирусга қарши эмланади?

Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутахассиси Вазира Муталованинг таъкидлашича, Ўзбекистонда жараёнга 3138 та эмлаш пунктлари, 862 та мобил бригадалар (ҳар бирида 1 нафар оилавий шифокор, 1 нафар вакцинатор ва 1 нафар муолажа ҳамшираси) жалб этилган.

Юртимизда жами эмланадиган аҳоли сони 4 млн 112 минг 668 нафар, шундан:

65-74 ёшгача бўлган қариялар 1 млн 85 минг 797 нафар;
75 ёшдан 84 ёшгача бўлган кексалар 388 минг 686 нафар;
85 ёш ва ундан юқори кексалар 139 минг 280 нафар;
Тиббиёт ходимлари 447 минг 976 нафар;
Сурункали касалликлари бор аҳоли (18-65 ёш) 888 190 нафар;
Мактаб ўқитувчилари 689 минг 383 нафар;
Мактабгача таълим муассасаси ходимлари 223 минг 426 нафар;
Қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари 180 минг нафар.

Ушбу контингент ўзлари жойлашган ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларида ташкил этилган эмлаш хоналарида эмланади. Эмлаш жараёнларини амалга оширишда иштирок этадиган ходимлар хавфсиз иммунизация бўйича қўшимча касбий тайёргарликдан ўтказилади.

Мутахассислар маълум қилишича, Ўзбекистонга Хитой Халқ Республикасидан 5 минг аҳолига мўлжалланган коронавирусга қарши Zhifei Loncom Biofarmaceutical компаниясининг ZF 2001 вакцинаси келтирилган. Синовларда қатнашувчи ихтиёрий иштирокчилар кўп бўлгани учун қўшимча равишда яна 9 мингта олиб келинган.

Эмланаётган фуқароларда аввал чуқур текширувлар олиб борилади. Аввал ковидга чалиниб тузалганлар вакцина билан эмланмайди.

Хозиргача Хитой вакцинаси билан эмлаш учун 15 минг нафарга яқин одамда текширувлар олиб борилган, улардан 5 минг нафардан ортиғида эмлаш жараёни ўтказилмоқда.

Таъкидланишича, коронавирусга қарши вакцинация фақат 18 ёшдан катталарда олиб борилади. Чунки болаларда инфекция кўпинча енгил кечиши кузатилмоқда. Бундан ташқари, вакцина ишлаб чиқарувчи мамлакатларда ҳам ҳали 18 ёшдан кичикларда синовлар олиб борилмаган.

Эмланаётган аҳоли вакиллари 3 босқичда вакцина қабул қилади. Улар тиббиёт ходимлари томонидан доимий назоратда бўлишади.