«Uzauto Motors» автомашиналар нархини «ошириб олди»?!

«Uzauto Motors» автомашиналар нархини «ошириб олди»?!

Аввалроқ «Uzauto Motors» АЖ сотуви 12 февралда тўхтатилган Spark, Nexia, Cobalt ва Lacetti автомобилларига контрактацияни жорий йил 3 мартдан яна йўлга қўйиши ҳақида хабар қилинганди.

Ушбу ҳолатга изоҳ бераракан, компания вакили: «бироқ, жаҳон автомобиль ишлаб чиқаришнинг ярим ўтказгичли бутловчи қисмларга талабининг тўлақонли қондирилишидаги вақтинчалик чекловлар тўғрисидаги мавжуд ахборот инобатидан, ишлаб чиқариладиган автомобилларни етказиб бериш муддатлари 1-2 ойга чўзилиши кутилмоқда» дея огоҳлантирганди.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг қайд этишича, «Спарк», «Нексия», «Кобальт» ва «Ласетти» автомобиллари учун контрактация қайтадан очилгандан кейин шартномалар бўйича етказиб бериш муддатлари кескин ўзгарган.

«Хусусан, айни дамда «Кобальт» ва «Ласетти» учун шартнома тузганларга шартнома бўйича етказиб бериш муддати 2021 йил сентябрь, «Нексия» — 2021 йил август ва «Спарк» бўйича эса —2021 йил июнь, деб кўрсатилмоқда. Бу ҳали ҳаммаси эмас.

Шартномаларда етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар туфайли муддатлар 2021 йил 31 декабргача узайтирилиши мумкинлиги ҳақидаги банд қўшилган. Шунга шунчами дерсиз?!

Хабарингиз бор, бизда контрактация фақат 85%лик тўлов амалга оширилгандагина кучга киради. Бу дегани сиз 85%лик тўлов билан маблағингизни, 3, 5 ва 6 ойгача, алоҳида ҳолларда 9 ойгача музлатиб қўйдингиз дегани.

Бугунги ставкаларда сиз, масалан, 85 фоиз тўловни амалга оширсангиз, 6 ой давомида камида 9 фоиз йўқотдингиз дегани. 116,5 млн.сўмлик «Кобальт» сотиб олиш учун 85% тўлов сифатида 99 млн. сўм пул тўлаш керак. 99 млн. сўмлик маблағингиз энг паст 18%лик депозитда турган тақдирда ҳам 6 ойда қарийб 9 млн. сўм даромад келтирган бўларди. Бошқача айтганда, 116,5 млн. сўмлик «Кобальт» сизга амалда 125,5 млн. сўмга тушади.

Бошқача айтганда, монополист автомашиналар етказиб бериш муддатини узайтириш орқали «ҳийлаи шаръий» усулида феълан автомашиналар нархини ошириб олди.

Юз берган ўзгаришларга иккиламчи автомашиналар бозори бирдан ўз реакциясини кўрсатган. Автомашиналар 5-10 фоизгача қимматлаган.
Янги ва эски реалликка хуш келибсиз, пешонасига монополистдан ўзгаси битмаган ўзбекистонликлар!
» — деб ёзади иқтисодчи Отабек Бакиров.


Унинг қўшимча қилишича, 6 март ҳолатига фақат энг қиммат, автомат коробка билан жиҳозланган автомашиналар позициялари учун контрактация мавжуд. Механик коробка ва арзон, яъни харидоргир позициялар учун контрактациялар ёпиқлигича қолмоқда.