Эмлаш рўзани бузадими? Ўзбекистон мусулмонлари идораси жавоб берди

Эмлаш рўзани бузадими? Ўзбекистон мусулмонлари идораси жавоб берди

Коронавирусга қарши эмланган рўзадорнинг рўзаси бузиладими, деган саволга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати жавоб берди. Идоранинг юқоридаги саволга берган жавоби матнини тўлиғича тақдим қиламиз.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Бугунги кундаги тўрт мазҳаб уламолари тери ости, мушаклар ораси ёки ёнбошга укол қилиш билан рўза бузилмаслигига иттифоқ қилишган. Чунки рўзани еб-ичиш маъносидаги нарсалар бузади. Еб-ичиш эса одатий йўллар орқали бўлади. Тери тешикларидан ёки ноодатий йўллардан терининг орасига бирор нарса кириши, масалан, илон чақиб олиши (томирдан чақса ҳам), совуқ сувда ғусл қилиш натижасида бадан орасидан ичкарига сув ўтиши рўзани очмаслигига барча уламолар иттифоқ қилишган.

Бу ҳақда «Ал-Фатово ал-ҳиндия» китобида шундай дейилади:

«Терининг орасидан ичкарига ёғ каби нарсаларнинг кириши рўзани очмайди. ‘Шарҳул Мажма’да шундай келтирилган». Иқтибос тугади.

Энди айнан коронавирусга қарши эмлашга келсак, у ҳам тери ости ва мушакка қилинадиган уколлардан бири. Бунинг устига озиқлантирувчи эмас. Юқоридаги фатволарга биноан рўзадор ҳолда ҳам уни олиш жоиз, бу иш рўзани бузмайди.

Рамазон ойида эмлашга тўғри келиши сабабли бу масалада бир қанча фатво уюшмалари ўз фатволарини эълон қилишди.

Жумладан, Кувайт вақф вазирлиги, Иордания фатво уюшмаси, Саудия умумий муфтийси ва катта уламолар ҳайъати раиси Шайх Абдулазиз Оли Шайх, Азҳар халқаро электрон фатво маркази, «Дорул ифто» (Миср) фатво маркази рўзадор киши эмлаш олиши рўзани бузмаслигига фатво берди. Чунки рўзани бузувчи нарсалар одатий йўллардан кириб, ошқозонга етиб боради. Эмлашда эса еб-ичиш маъноси йўқ ва у одатдаги йўллардан танага кирмайди. Балки ноодатий бўлган тери остидан кириб боради. Бу рўзани бузмайди. Валлоҳу аълам.


Эслатиб ўтамиз, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари 1 апрелдан бошланди. Эмлаш дастлаб қариялар, соғлиқни сақлаш ходимлари, ОАВ вакилларида кўнгилли тарзда ўтказилади. 9 апрель ҳолатига кўра, мамлакат бўйлаб 18 224 киши коронавирусга қарши эмланган эди.

Улар AstraZeneca ва Ўзбекистон—Хитой ҳамкорлигида ишлаб чиқилган ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси билан эмланмоқда. Бунда эмланувчи биринчи эмланишни қайси вакцина билан бошласа, иккинчисини ҳам айнан ўша вакцина билан якунлайди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 10 апрель ҳолатига кўра мамлакатда коронавирус инфекциясига қарши эмланган фуқаролар сони 108 283 нафарга етди.