Рекламалар ортидаги қаллобликлар

Рекламалар ортидаги қаллобликлар

Рекламалар фақат маҳсулот ёки товар эгаларигагина эмас, балки унга жой ажратиб берувчиларга ҳам яхшигина даромад келтиради.

Кўпинча ёлғон рекламалар таъбимизни хира қилади. Консервант, газ ва бўёқлардан иборат суюқликни “витаминга бой” деб чалғитишади, фойдаси йўқ дориларни “бундан яхшиси йўқ” деб алдашади.

Рекламага жой ажратувчиларга аҳолининг алданиши қизиқтирмайди. Ахир даромад келиб турса бўлди-да, уларга.

Бундай даромадларнинг барчаси қонунлаштирилса кошки эди. Афсуски, реклама қабул қилиш баҳонасидаги келишувларга яширинган қаллобликлардан истеъмолчиларнинг хабари ҳам бўлмайди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани судида кўрилган бир ишда реклама баҳонасида миллионлаб маблағларни ўзлаштирган шахсга жазо қўлланилган.

Иш ҳужжатларига кўра, “Тоshkent reklama servis” давлат унитар корхонаси собиқ директори А.И. мансабдор шахс бўла туриб, бир вақтнинг ўзида Тошкент шаҳар ҳокимлигининг реклама ва ахборот фаолияти бўйича комиссиясининг масъул котиби сифатида ишлаган.

А.И. 2006 йилдан 2018 йилнинг июль ойига қадар мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, мулкларни ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган. Бу борада бош бухгалтер билан олдиндан тил бириктириб, ортиқча штат бирлигини тасдиқлаб, 36 миллион 86 минг сўм иш ҳақини ўзлаштирган.

Бундан ташқари, судланувчи жиноий қилмишларини давом эттириб, қўл остидаги ходимларнинг вазифаларига лоқайд ёки виждонсизларча муносабатда бўлиб, юридик ва жисмоний шахсларга ташқи реклама воситаларини ўрнатиш учун ажратилган “Реклама жойининг паспортлари” бўйича 700 қурилманинг белгиланган тартибда ва муддатда ўрнатилиши ҳолатини ўз вақтида мониторинг қилмаган.

Оқибатда юридик ва жисмоний шахслардан ундирилиши лозим бўлган 327 миллион 675 минг 639 сўм маблағ тариф бўйича ҳисобланмаган ва ушбу маблағларни ундириш чоралари кўрилмаган.

Шу билан бирга, А.И. Тошкент шаҳри ҳудудида ташқи реклама ва ахборот воситаларини жойлаштириш ҳамда эксплуатация қилиш бўйича “Тоshkent reklama servis” давлат унитар корхонаси билан ўнлаб ташкилотлар билан тузилган шартномалар бўйича жами 91 миллион 773 минг 800 сўм устама жарималарни текширув кунига кадар ундириш чораларини кўрмасдан, корхона манфаатларига жиддий зарар етказган.

Бундан ташқари, А.И. 51 миллион 209 минг 867 сўмлик муддати ўтган дебитор қарздорликка йўл қўйиб, шундан 42 миллион 766 минг 548 сўмини ундириш чораларини кўрмаганлиги натижасида давлат ва жамият манфаатларига жиддий зиён етказган.

Судланувчи корхона номидан бошқа ташкилотларга катта миқдорда фоизсиз бериб ҳам қонунни бузган.

Бундан ташқари, А.И. Бош вазирнинг топшириғи билан трассалар бўйлаб ўрнатилган реклама қурилмалари олиб ташланган бўлишига қарамасдан, ўз мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланиб, 18 реклама қурилмасини ўрнатилишига йўл қўйган.

Бундан ташқари, судланувчи жиноий қилмишларини давом эттириб, ғаразгўйлик ёки бошқа манфаатларни кўзлаб, 684 реклама жойининг паспортларига қонунчиликка зид равишда маълумотларни ноқонуний равишда ўзгартириб, расмий ҳужжат ҳисобланган реклама жойининг паспортларига ғаразгўйлик ва бошқа паст манфаатларни кўзлаб, сохта маълумотлар киритиш йўли билан қалбакилаштириб, уларни 90 хўжалик юритувчи субъектга тақдим қилган.

Бунинг натижасида 34 хўжалик юритувчи субъектдан жами 29,8 миллион сўм маблағ “Тоshkent reklama servis” давлат унитар корхонаси фойдасига ундирилмаган.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш мақсадида жами 10 та мурожаат бўйича реклама ўрнатиш учун ҳақиқатда бўш бўлган жойларни яшириб, бўш жойлар ҳақида ёлғон маълумотлар тақдим этган.

Суд томонидан судланувчи А.И.га жазо тайинлашда судланувчининг айбига қисман иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, оилавий шароити, ягона боқувчиси эканлиги, муқаддам судланмаганлиги, иш бўйича етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаганлиги инобатга олинди.

Суд ҳукмига кўра, А.И. Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисмининг “в,г” бандлари, 207-моддасининг 1-қисми, 205-моддасининг 1-қисми, 209-моддаси 2-қисмининг “а” банди ва 144-моддасининг 1- қисми билан айбдор, деб топилди.

Жиноят кодексининг 59,61-моддалари тартибида тайинланган ҳар-хил турдаги жазоларни қисман қўшиш йўли билан, жиноятлар мажмуи бўйича А.И.га узил-кесил ўташи учун икки йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни корхоналар, муассасалар ёки ташкилотларда мансабдорлик лавозимларини эгаллашдан маҳрум қилиш жазоси, энг кам ойлик иш ҳақининг 151 баравари миқдорида жарима жазоси, иш ҳақининғ 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Шахсий манфаатлар учун лавозимни суиистеъмол қилиш, фойда кетидан қувиб давлат ва жамият манфаатларига зарар етказишнинг оқибати, албатта, қонун олдида жавоб беришдир.

Тўғри, айрим ҳолларда баъзи суиистеъмолликлар жазоси қолади. Бироқ, ҳаётнинг ёзилмаган шундай қонунлари борки, улар гоҳида мавжуд қонунларда оғирроқ жазолаши мумкин.

Шундай экан, қонунларни четлаб эмас, қонуний даромад кўриш, ҳалол меҳнат қилиш ҳамиша тотли эканини унутмаслик керак.

Норгул Абдураимова