Амир Олимхоннинг қабртошига қандай сўзлар битилган?

Амир Олимхоннинг қабртошига қандай сўзлар битилган?

Ватанимиз тарихидаги 28 апрель санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1399 йил (бундан 622 йил олдин) – Ҳиндистон юришидан қайтган Амир Темур Самарқанд шаҳридаги Қусам ибн Аббос қабрини зиёрат қилди. Айни шу куни самарқандликлар илк бор Соҳибқирон томонидан олиб келинган филларни катта қизиқиш билан томоша қилдилар. Мазкур воқеа тарихчи олим Шарафуддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида қуйидагича баён этилади:

“Сешанба куни, ойнинг йигирма бирида (милодий 1399 йил 28 апрелда) давлат била Жаҳонгушойдин отланиб, Самарқанд шаҳрига кириб, ул шаҳарда Қусам ибн ал-Аббоснинг мазориға бориб тавоф килди. Андағи мужовир (мозорнинг шайхи, мозор ва унинг мулкига кўз-қулоқ бўлиб турувчи киши)ларға кўб нималар бериб, намози пешинда Боғи Чинори нақши жаҳонға бориб тушти. Ва бу маҳалда пиллар етишти.

Ва Самарқанд эликим, ҳаргиз пилни кўрмагон эрдилар, барча халқ тафарружқа чиқиб, Ҳаққ субҳонаҳу ва таоло санъиға ҳайрон бўлдилар. Ҳазрат соҳибқирон барча шаҳзодаларга ва шаҳарнинг бузурглариға тансуқ нималарким, Ҳиндустондин келтуруб эрди, кишига лойиқ савғотлар берди. Ва Сарангким, Маллухоннинг ағоси эрди, икки пил билан амирзода Султон Муҳаммадқа йибарди”.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Қусам ибн Аббос Муҳаммад (с.а.в.)нинг амакиваччаси ҳисобланади. У халифа Али ибн Абу Толиб замонида Макка волийси бўлган. Муовия замонида Хуросон волийси Саййид ибн Усмон билан Самарқандга келиб, шу ерда ўлдирилган. Сўнг у вафот этган ерида кўмилган. Кейинчалик бу ерда Шоҳи Зинда (“Тирик шоҳ”) ансамбли шаклланган. Бу ансамблнинг ҳозирги номи эса Шаҳид Зинда иборасининг бузилиб айтилишидир.

1512 йил (бундан 509 йил олдин) – Шайбонийхоннинг жияни Убайдуллахон Бухоро воҳасидаги Кўли Малик деган жойда Бобур қўшинлари устидан ғалаба қозонди. Бобур ва Убайдуллахон ўртасидаги бу жанг “Абдулланома”да қуйидагича ҳикоя қилинади: “Бобур подшоҳ қирқ минг аскар билан Бухоро томонга йўналди ва Бухоронинг ғарбий томонида жойлашган Кўли Малик деган жойида Убайдуллахонга муқобил бўлди. Шундан сўнг ҳар икки тарафнинг паҳлавонлари бир-бирларининг қаршисида саф тортдилар ва Убайдуллахон ғолиб келиб, Бобур подшоҳ енгилди”.

1870 йил (бундан 151 йил олдин) – Туркистондаги илк даврий матбуот, рус истилочилари томонидан ташкил этилган дастлабки газета – “Туркестанские ведомости” чиқа бошлади. Газетанинг жами 6 минг 406 та сони босилган. Тарихчи Санобар Шодмонованинг қайд этишича, ушбу газета Россиядаги губерния ведомостларига тенглаштирилган бўлиб, унга амалдорлар обуна бўлиши мажбурий эди.

Туркистон генерал-губернаторлиги бу газета орқали ўз ғояларини тарқатишни мақсад қилиб қўйган бўлсада, амалда матбуот ўлкани ҳар томонлама ўрганиб ҳамда рус аҳолини Туркистон ҳаёти билан таништириш, уларга маданий, иқтисодий, ижтимоий хабарлар бериш борасида алоҳида аҳамият касб этган. Бироқ газетада ўлка ҳаётидаги кўплаб салбий ҳолатларни кўрсатмасликка ҳаракат қилинган.

1944 йил (бундан 77 йил олдин) – Бухоронинг манғитлар сулоласидан бўлган сўнгги амири Саййид Олимхон узоқ давом этган хасталикдан сўнг Афғонистондаги ўзи учун ажратилган Калъаи Фотуда вафот этди. Унинг мақбараси Кобул шаҳри атрофидаги Шахидони ислом қабристонида бўлиб, қабртошига ушбу сўзлар битилган: “бу қабр соҳиби алам-ситамга тўла амир бўлмиш ва салтанат сурмиш зоти олийнинг бир кафт тупроғидан хотира”.

1992 йил (бундан 29 йил олдин) – Тошкентда Туркия Республикаси элчихонасининг очилиш маросими бўлди.

2014 йил (бундан 7 йил олдин) – “UzReport” телеканали ўз эфирини бошлади.

2020 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.