UzAuto Motors «шапка тизими» яна қайтгани тўғрисидаги хабарларга муносабат билдирди

UzAuto Motors «шапка тизими» яна қайтгани тўғрисидаги хабарларга муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда UzAuto Motors’да янги автомобиллар учун яна турнақатор навбатлар пайдо бўлгани, айрим дилерлар эса «шапка тизими»га қайтгани, машиналар модели ва конфигурациясига қараб 500 дан 2000 долларгача сўраётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

«Gazeta.uz»нинг UzAutoSanoat ботига таяниб ёзишича, 20 минг нафардан ортиқ киши Lacetti, 6300 нафардан ортиғи Cobalt, 1600 нафардан ортиғи Spark, 1500 нафардан ортиғи эса Nexia-3 автомобилига навбат кутмоқда.

Компаниянинг қайд этишича, бутун дунё бўйлаб автомобилсозлик саноати яримўтказгичлар танқислиги билан боғлиқ қийин даврларни бошдан кечирмоқда. Микрочипларнинг глобал танқислиги бир қатор йирик автомобилсозлик корхоналарида ишлаб чиқаришни тўлиқ тўхтатишга олиб келди.

UzAuto Motors ушбу муаммонинг салбий оқибатларини минималлаштиришга муваффақ бўлиб, заводларнинг тўлиқ тўхтаб қолишига йўл қўймади. Бироқ ишлаб чиқариш ҳажмининг кескин пасайиши кузатилмоқда ва бу ўз навбатида янги транспорт воситаларини етказиб бериш муддати узайишига сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда компания март ойи бошларидаёқ огоҳлантирган.

«Юзага келган ҳолатдан фойдаланиб, баъзи бир виждонсиз бўлган субъектлар томонидан спекулятив вазиятлар ва ноқонуний ҳаракатлар содир этилмоқда ҳамда бунга қарши ‘Ўзавтосаноат’ АЖ фаол кураш олиб бормоқда», — дейилади компания хабарида.

UzAuto Motors автомобиль харид қилиш вақтида маълум бир автомобиль моделини сотиб олиш бўйича шартномалар йўқлиги билан боғлиқ бўлган қонунбузарлик ёки бошқа турдаги коррупция ҳолатларига дуч келганда, компаниянинг мижозлар билан ишлаш маркази 78 141 77-77 ёки Бош прокуратуранинг 1007 қисқа рақамларига мурожаат қилишни сўраган.