Ўзбекистонда ОТМларга кириш имтиҳонлари бекор қилиниши мумкин

Ўзбекистонда ОТМларга кириш имтиҳонлари бекор қилиниши мумкин

ДТМ бош бошқармаси бошлиғи Фарҳод Мирзаев келгусида ОТМларга кириш имтиҳонлари бекор қилиниб, хориж ОТМлари тажрибасида бўлган кириш имтиҳонлари бўлмаслиги босқичма-босқич Ўзбекистонда ҳам амалга оширилиши режалаштирилганини айтди. Бу ҳақда «Gazeta.uz» хабар қилди.

«Хабарингиз бор, миллий тест сертификатларини жорий қилдик. Бундан кейин баъзи абитуриентлар қатнашмайди, бевосита озод бўлиши мумкин. Кейин имтиҳонда катта баллни олгандан сўнг, ОТМга қабул қилиш эмас, буни унификация қилиш масаласи ҳам кўтарилган эди.

Унификация бўйича қарор тегишли органга киритилган. Агар бу тасдиқланса, биз кириш имтиҳонларидан воз кечиб, босқичма-босқич мактабларда олинадиган имтиҳонлар ҳисобига болаларни ОТМларга қабул қилишни йўлга қўямиз. Масалан, тўртта вилоят танлаб олиниб, биринчи босқичда шу вилоятларда ўтказиш масаласи кўрилади. Кейинчалик қолган ҳудудларда ҳам бу амалга оширилади
», — деди Фарҳод Мирзаев.

Шунингдек, Фарҳод Мирзаев 2021/2022-ўқув йили учун ОТМларга кириш тест синовларини 2 та сценарий — ёпиқ ва очиқ майдонларда ўтказиш келишиб олинганини маълум қилди.

Қайд этилишича, тест синовлари ўтказиш учун 46 800 нафар абитуриент учун мўлжалланган 96 та катта сиғимли ёпиқ бино, 59 040 нафар абитуриентни сиғдирадиган 65 та стадион танланган.

Кириш имтиҳонларида 1,6 млн абитуриент қатнашиши кутилмоқда. Рўйхатдан ўтиш онлайн тарзда ДТМ расмий сайти, ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилиши таъкидланди.