Президент қарори: тиббий ёрдам сифати янада яхшиланади

Президент қарори: тиббий ёрдам сифати янада яхшиланади

Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ ихтисослаштирилган тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш, шошилинч тиббий ёрдамни ўз вақтида кўрсатиш ҳисобига фуқаролар ҳаётини сақлаб қолиш ва уларнинг фаол меҳнат қобилиятини тиклашга имконият яратиш, болалар, туғиш ёшидаги, ҳомиладор ва бола эмизувчи аёлларни профилактик махсус препаратлар билан бепул таъминлаш ҳамда нефрология ва гемодиализ ёрдамини кўрсатиш тизимини янада яхшилаш мақсадида:
2021-2022 йиллар давомида туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари таркибида 35 та Туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари 1-иловага мувофиқ босқичма-босқич ташкил этилади.

Қуйидагилар Марказларнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • «олтин соат» тамойили асосида қўшма шикастланишлар ҳамда ўткир қон-томир касалликлари билан тиббий ёрдамга муҳтож беморларга шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш;
  • ўткир ва сурункали буйрак етишмовчилиги мавжуд беморларга гемодиализ хизматини кўрсатиш;
  • Марказларга бириктирилган туман (шаҳар)лар аҳолисига Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган тартибда тиббий хизмат кўрсатиш.

Марказларга:

  • ҳудудлардаги аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда, шошилинч тиббий ёрдам ва умумий жарроҳлик бўлимларининг умумий ўринлари сони доирасида 50 тадан 60 тагача ўринлар ажратилади;
  • ҳудудий соғлиқни сақлаш муассасалари штат бирликлари доирасида қўшимча нейрохирург, невролог, кардиолог, анестезиолог-реаниматолог ва бошқа штатлар киритилади;
  • туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари фаолиятини молиялаштириш бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган қоидалар татбиқ этилади.

Марказларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар маҳаллий бюджетлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 ноябрдаги «Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–4887-сон қарорига мувофиқ:

  • 6-23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни билан;
  • 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болаларни «А» витамини билан;
  • 2-10 ёшдаги болаларни гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан;
  • ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар ҳамда 3-15 ёшдаги болаларни йод препарати билан;
  • 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёлларни темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминлаш назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинди.