Тошкентнинг 12та тарихий дарвозаларини тиклаш бўйича узоқ кутилган лойиҳа бошланмоқда

Тошкентнинг 12та тарихий дарвозаларини тиклаш бўйича узоқ кутилган лойиҳа бошланмоқда

Жорий йилда Тошкентнинг 12та тарихий дарвозаларини тиклаш бўйича узоқ кутилган лойиҳа бошланмоқда. Йил якунига қадар иккита архитектура объектини тиклаш мўлжалланган. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар бермоқда.    

XIX аср ўрталаригача Тошкентда қадимий ҳудуд ёки йўналиш номи билан аталган 12 та дарвоза мавжуд бўлган: Лабзак, Тахтапул, Қорасарой, Сағбон, Чиғатой, Кўкча, Самарқанд, Камолон, Бешёғоч, Кўймас, Қўқон ва Қашғар. Дарвозаларнинг ҳар бирини Тошкентга келган савдо карвонларидан солиқ йиғадиган соқчилар қўриқлаган.

Бу йил пойтахтнинг ўн иккита қадимий дарвозасидан иккитаси тикланади, бу ҳақда пойтахт ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинган. Иштирокчилар ишчи гуруҳ аъзолари билан биргаликда тажрибали тарихчилар, археологлар ва бошқа мутахассисларни жалб қилган ҳолда ишни фаоллаштириш, лойиҳа концепциясини батафсил ишлаб чиқиш ва дарвозанинг аниқ тарихий қиёфасини тиклаш зарурлигини муҳокама қилишган.

12 та дарвозани тиклашдан асосий мақсад - пойтахтни буюк Ипак йўлининг рамзи ва ўзига хос маркази сифатида намойиш этиш, ушбу дарвозалар атрофида ўзбек цивилизацияси ва дарвозалар олиб борган маданиятлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар инфратузилмасини яратишдир. Бу ерда ёшларнинг турли маданиятлар билан танишиши учун катта шоу-дастурлар, фестиваллар, концертлар ва ўйинлар ўтказиш мумкин бўлади.

Бу қандай дарвозалар?

Тошкент дарвозалари шаҳар истеҳкомларининг бир қисми бўлиб, улар Тянь-Шан тоғларидан олиб борувчи карвон йўллари кесишган Бўзсув канали бўйлаб қурилган.

Дарвозалар Х аср охирида Тошкент атрофини ўраб турган девор билан бирга қурилган бўлиб, шу кунгача сақланиб қолмаган. Шаҳарнинг ўсиши ва чегараларининг кенгайиши туфайли мавжуд бўлган сўнгги дарвозалар 1890 йилда вайрон қилинган. Аммо Тошкентнинг айрим туманлари ҳамон уларнинг номларига аталган.

Ушбу дарвозалар маълум цивилизацияларга олиб борган. Масалан, Қашғар дарвозаси Хитой, Корея ва Япония томон, қолганлари эса мусулмон, Европа ва бошқа мамлакатларга йўналтирилган. Дарвозалар Тошкент архитектура ва қурилиш Бош бошқармаси аниқлаган қадимий тарихий ҳудудларда жойлашган бўлади.