Танзила Норбоева: «Уялиб қолмаслик учун аёл ҳокимларга ўзим ёрдам бериб турибман»

Танзила Норбоева: «Уялиб қолмаслик учун аёл ҳокимларга ўзим ёрдам бериб турибман»

Маълум қилинишича, авваллари аёллар «Боламни боғчага олиб бораман», «Болам касал бўлиб қолди, таътилга чиқаман» ёки «Эртага тўйим бор», деб ишга келмай қўяди деган фикрда ҳеч қачон кадрлар захирасига қўйилмаган. Танзила Норбоеванинг таъкидлашича, сўнгги йилларда аёлларни кадрлар захирасига киритиш ортиб, аёллар орасида раҳбарлар кўпайиб бормоқда.

«Ҳурматли Президентимиз 8 март арафасида туман ҳокими лавозимига тавсия этган олти нафар аёлнинг барчаси бизни захира кадрлардан чиққан. Бирга ёнма-ён ишлаган аёллар мана шундай лавозимларга кўтарилди. Менимча, ҳаммаси муваффақиятли ишлаяпти. Аёлларга шунча ишонч берилди, уялиб қолмайлик, деб ҳоким аёлларга ўзим ёрдам бериб турибман. Мана шу аёллар раҳбарлик қилаётган туманларнинг баъзилари «яшил», айримлари «сариқ». «Сариқ» ҳудуд бўлиб қолганлари ҳам аввалги ҳокимлар жуда кўп ишларни «ботқоқ» қилиб кетгани учун «сариқ» бўлиб қолган. Шундай ғурурланяпманки, аёллар орқада қолмас экан, улар ҳам яхши ишлар экан», – деди Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева.

Танзила Норбоеванинг қўшимча қилишича, ҳозирги вақтда давлат мукофотларига эркаклардан кўра аёллар кўпроқ тавсия этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида Бўстон тумани ҳокими Садбархон Мамитова фермерларни ҳақоратлаб, ерни олиб қўйиш билан таҳдид қилгани учун вилоят ҳокимлиги томонидан огоҳлантирилган эди.

Маълумот учун, 2020 йилнинг февраль—март ойларида Андижон вилоятининг Бўстон туманидан ташқари, Сирдарёнинг Боёвут, Бухоронинг Олот, Қашқадарёнинг Қарши, Наманганнинг Тўрақўрғон туманларига ва Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрига аёл-ҳокимлар тайинланган эди.

Ушбу тайинловлар Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилган. Мазкур тайинловларга муносабат билдираркан, Президент Шавкат Мирзиёев «аёллар бўлган жойда адолат, поклик бўлиши»ни таъкидлаган, уларга ҳеч нарсадан қўрқмасликни тавсия қилган эди.

«Ишонаман — аёллар раҳбар бўлган туманларда адолат байроғи бошқача ҳилпирайди. Биз ҳокимликка сайланган раҳбар аёлларимизга доим ёрдам берамиз, елкадош бўламиз. Бундан кейин ҳам катта-катта ташкилот ва компаниялар раҳбарлигига аёлларни тайинлаш ташаббуси давом этади. Биз уларни тайёрлаяпмиз. Кимларгадир бу иш ёқмас, лекин менга ёқади» — деганди Президент.