Форишда «Ёшлар:1+1» дастури доирасида ишсиз ёшларни тадбиркорликка ўқитиш бошланди

Форишда «Ёшлар:1+1» дастури доирасида ишсиз ёшларни тадбиркорликка ўқитиш бошланди

Фориш тумани Михин қишлоғида Фориш тумани ҳокимлиги, вилоят ДХХ бошқармаси, вилоят давлат солиқ бошқармаси ҳамкорлигида ёшлар учун сайёр қабул бўлиб ўтди.

Ёшлар бу имкониятдан унумли фойдаланиб, тадбиркорликни бошлаш, бандликни таъминлаш, кредит ва субсидиялар ажратилиши каби масалаларда 23 та мурожаатни мутасаддиларга йўллашди.

Барча мурожаатларнинг аниқ ечими бўйича ёшларга тушунча, масъул идораларга топшириқ берилди. Жумладан,  Ниятова Рушананинг таълим кредити ажратишда қилган мурожаати бўйича “Агробанк”нинг туман филиалига топшириқ берилди, тикувчилик фаолияти билан шуғулланиши учун хона ажратишда қилган  мурожаати бўйича туман ҳокимлиги томонидан маҳалла ҳудудида бўш бино ажратиладиган бўлди.

 

Сайёр қабулда, шунингдек, бу йилдан бошлаб «Ёшлар:1+1» дастури доирасида ишсиз ва уюшмаган ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ташкил этилиши, «Ҳар бир тадбиркор — ёшларга мададкор» тамойили асосида 1 нафар тадбиркорга 1 нафардан ишсиз ёшни бириктириш амалга оширилиши, ёшларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун “Микрокредитбанк” томонидан 33 миллион сўмдаги кредитлар ҳамда 7 миллион сўмгача бўлган субсидиялар ажратилиши каби янгиликлар ҳақида батафсил тушунча берилди. 

Жиззах вилояти ДСБ Ахборот хизмати