Тиббиёт тарихидаги илк ҳолат: Беморда ҳам коронавирус, ҳам ОИВ, ҳам маймун чечаги инфекцияси аниқланди

Тиббиёт тарихидаги илк ҳолат: Беморда ҳам коронавирус, ҳам ОИВ, ҳам маймун чечаги инфекцияси аниқланди

Италияда 36 ёшли беморга бир вақтнинг ўзида ҳам COVID-19, ҳам маймун чечаги, ҳам ОИВ ташхиси қўйилди. Мутахассислар буни тиббиёт тарихидаги илк ҳолат, деб баҳоламоқда.

Шу боис организмда аниқланган инфекцияларнинг бундай комбинацияси бемор саломатлигига қанчалик хавфли таъсир кўрсатиши хусусида ҳали ҳеч қандай далиллар йўқ.Маълум бўлишича, Италия фуқароси бир муддат аввал Испанияга беш кунлик саёҳатга борган. Сафардан қайтгач, тўққиз кун давомида тана ҳарорати 39 даражага кўтарилиб, томоқ ва бош оғриғи ҳамда ҳолсизликдан азият чеккан.

Тиббий текширувлар давомида унда СOVID-19 қайд этилган. Бироқ шу куннинг иккинчи ярмида бемор чап қўлида тошмалар пайдо бўла бошлаган. Эртаси куни эса деярли бутун танани оғриқ берувчи пуфакчалар қоплаган. Қўшимча текширувлардан сўнг у маймун чечаги вируси ва ОИВ инфекциясини ҳам юқтиргани аниқланди.

Аслида маймун чечагининг ОИВга чалинган беморларда қайд этилиши аввалроқ маълум бўлганди. Аммо бу комбинацияга коронавирус ҳам қўшилиши мутахассислар учун янгилик бўлди. Айни пайтда олимлар мазкур ҳолатни чуқурроқ ўрганиш юзасидан тегишли тадқиқотлар олиб бормоқда.